Sayt test rejimida ishlamoqda

Бегжанова Камила Уснатдиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Кучсиз аддитив функционаллар фазоси аффин гомеоморфизмлари ва уларнинг татбиқлари», 01.01.01 – Математик анализ (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.PhD/FM205.
Илмий раҳбар: Кудайбергенов Каримберген Кадирбергенович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Математика институти, DSc.02/30.12.2019.FM.86.01.
Расмий оппонентлар: Заитов Адилбек Атаханович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Жамилов Уйғун Умурович, физика-математика фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети. 
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кучсиз аддитив тартибни сақловчи нормаланган функционаллар фазоси ва унинг қавариқ қисм фазоларининг аффин гомеоморфизмларини тавсифини аниқлашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кучсиз аддитив тартибни сақловчи нормаланган функционаллар фазоси  ҳақиқий чегараланган ўлчовли функциялар синфининг Банах фазоси бирлик шарининг ўнг қисмига аффин гомеоморф эканлиги исботланган;
ярим аддитив функционаллар фазосининг юқори чегарасини сақловчи аффин гомеоморфизмининг ва компактда берилган сиғимлар фазосининг панжаравий аффин гомеоморфизмининг аниқ кўриниши топилган; 
компакт фазодаги метриканинг ушбу компактдаги ярим  аддитив функционаллар фазосига давоми бўладиган метрика аниқланган; 
кучсиз аддитив тартибни сақловчи нормаланган функционаллар фазоси метрик фазо бўлиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Кучсиз аддитив функционаллар фазоси аффин гомеоморфизмлари ва уларнинг татбиқлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
кучсиз аддитив тартибни сақловчи нормаланган функционаллар фазосини тавсифидан 
№17-51-12064 рақамли «Оптимал бошқариш масалалари ва дифференциал тенгламалар назариясидаги тартиб билан мувофиқлашувчи операторлар» мавзусидаги хорижий грант лойиҳасида вектор панжаралардаги аддитив операторларни тадқиқ қилишда фойдаланилган (К.Л.Хетагуров номидаги Шимолий Осетия давлат университетининг 2021 йил 1 мартдаги маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши вектор панжаралардаги ортогонал аддитив операторларнинг тартибли чегараланганлигини исботлаш имконини берган;
кучсиз аддитив функционаллар фазоси ва унинг қисм фазоларининг аффин гомеоморф эканлигидан №Ф-4-42 рақамли «Ярим аддитив r-силлиқ ва Радон функционаллари фазосининг кардинал ва топологик хоссалари» мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳада Радон функционаллар фазосининг муҳим инвариантларидан бўлган салмоғини аниқлашда  фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 30 октябрдаги 89-03-4303-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши Радон фазолари категориясида ҳаракатланувчи кучсиз аддитив функционалларнинг топологик, категорик, геометрик ва кардинал хоссаларини тадқиқ қилиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish