Sayt test rejimida ishlamoqda

Тоиров Бобур Акбаровичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисосликлар шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Витилигони даволашда ҳужайрали технологиялар», 14.00.11 – Дерматология ва венерология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3.DSc/Tib473.
Илмий раҳбари: Сабиров Улуғбек Юсупханович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти, DSс.27.06.2017.Tib.29.01.
Расмий оппонентлар: Хаитов Қахрамон Нажмиддинович, тиббиёт фанлари доктори, доцент; Ташкенбаева Умида Алишеровна, тиббиёт фанлари доктори, Камалов Зайнитдин Сайфутдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: витилигони даволашда қўлланиладиган ҳужайрали технология-ларни такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор касалликни даволашда депигмент соҳага культура қилинмаган эпидермал ҳужайралар суспензиясига соч фолликулалари мезенхимал ҳужайраларини қўшиш билан амалга оширилган трансплантацияда VASI индекси кўрсаткичларига боғлиқ бўлмаган ҳолда репигментация даражаси юқори бўлиши исботланган;
VIDA индекси паст кўрсаткичли витилигони даволашда қўллланиладиган эпидермал ҳужайралар суспензиясига соч фолликулалари мезенхимал ҳужайралари қўшиш билан амалга оширилган трансплантация усулининг самарадорлиги юқорилиги исботланган;
витилиголи беморлар депигмент соҳа ва соч фолликулаларидан олинган тери биоптатларида Wnt ва BMP сигнал оқсиллари, c-kit рецептори, Bcl2 апоптоз омили ҳамда ҳужайра цитоплазмасидаги тирозиназага боғланган оқсил (TRP2) кўрсаткичлари депигмент терига нисбатан соч фолликуллаларида юқори бўлиши исботланган; 
илк бор витилиголи беморларни даволашда культура қилинмаган эпидермал ҳужайралар трансплантациясига нисбатан соч фолликулалари мезенхимал ҳужайралар билан культура қилинмаган эпидермал ҳуайралар биргаликда трансплантация қилиш усулида репигмент терида Wnt ва BMP сигнал оқсиллари, c-kit рецептори, Bcl2 апоптоз омили ҳамда ҳужайра цитоплазмасидаги тирозиназага боғланган оқсил (TRP2) кўрсаткичлари миқдори юқори бўлиши исботланган;
меланоцит ҳужайралар функционал фаоллиги ва депигментация ўчоқларидаги регенератив жараёнлар юқорилиги асосида витилигонинг юқори технологик патогенетик асосланган ҳужайравий трансплантация даволаш усули такомиллаштирилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Витилигони даволашда ҳужайрали технологияларни қўллаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
фаол меланоцитлар ва соч фолликулалари мезенхимал ҳужайраларини трансплантация қилиш орқали самарали даволаш тизимини такомилаштириш борасида «Соч фолликулалари ташқи ўзак қобиғи культура қилинмаган ҳужайралари суспензиясини трансплантацияси усули» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 9 октябрдаги 8н-р/377-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг жорий қилиниши витилиго касаллигини даволашда оқ доғларни терининг ўзига хос рангини таъминлаш мақсадида фаол меланоцитлар ва соч фолликулалари мезенхимал ҳужайраларини трансплантация қилиш орқали даво самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
беморлардаги терининг зарарланиш соҳасига қараб касалликнинг тарқалганлиги ва тарқалиш жараёнининг турғунлигини инобатга олган ҳолда даволаш тартибини амалга ошириш мақсадида «Витилиго касаллигини замонавий даволаш тартибини такомиллаштириш» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 10 декабрдаги 8н-р/534-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг жорий қилиниши витилиго билан хасталанган беморларни даволашда витилиго индексларини ўрни муҳимлиги ҳамда функционал фаол ҳужайраларни трансплантация қилиш орқали даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
витилигони даволашда ҳужайрали технологиялар бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази, Самарқанд ҳамда Жиззах вилоятлари тери-таносил диспансерлари клиник амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 17 декабрдаги №8н-д/238-сонли маълумотномаси). Илмий натижаларнинг клиник амалиётга жорий этилиши тиббий ёрдам сифатини ошириш, ташхислаш ва даволашнинг янги услубларни қўллаш орқали витилиго билан касалланган беморлар ҳаёт сифатини яхшилаш, амбулатор ҳамда стационар шароитда даволаниш муддатини қисқартириш ҳисобига иқтисодий самарадорликни оширишга имкон яратган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish