Sayt test rejimida ishlamoqda

Низамов Акмал Аслитдиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Минтақа иқтисодиётини таркибий жиҳатдан такомиллаштириш йўллари (Бухоро вилояти мисолида)”, 08.00.12–Минтақавий иқтисодиёт (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.PhD/Iqt176.
Илмий раҳбар: Қаюмов Абдуҳаким Абдухамидович, география фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Dsc.14/30.12.2019.I.84.01. 
Расмий оппонентлар: Олимжонов Одилжон Олимович, иқтисодиёт фанлари доктори; Рўзиев Ойбек Абдумўминович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент. 
Етакчи ташкилот номи: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик
II. Тадқиқотнинг мақсади  минтақа иқтисодиётини таркибий жиҳатдан такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
минтақа иқтисодиётига мультипликатив таъсир кўрсатадиган тармоқлар ҳамда  замонавий тўқимачилик ва озиқ–овқат саноатини устувор ривожлантириш асосланган;
Бухоро вилоятининг саноати кам ривожланган Вобкент, Пешкў, Олот ва Шофиркон туманларида қурилиш материаллари ва қишлоқ хўжалик хом-ашёларини қайта ишлайдиган кичик саноат корхоналарини ташкил этиш ва истеъмол товарлари ишлаб чиқаришнинг юқори суръатларини таъминлаш таклиф этилган;
минтақа иқтисодиёти таркибини меҳнат ва инвестиция сиғими юқори бўлган соҳаларни танлаб олиш асосида такомиллаштириш таклиф қилинган;
Бухоро вилояти иқтисодиёт таркибини мавжуд минерал хом ашё ва туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишга йўналтирилган 2030 йилгача мўлжалланган кўп вариантли прогноз параметрлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Минтақа иқтисодиётини таркибий жиҳатдан такомиллаштириш йўллари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
минтақа иқтисодиётида таркибий ўзгаришлар самарадорлигини баҳолаш услуби Бухоро вилояти иқтисодиётида таркибий ўзгаришлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда қўлланилган (Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2019 йил 11 ноябрдаги 6-3-1/20-1354-сон маълумотномаси, Бухоро вилояти ҳокимлигининг 2019 йил 1 майдаги 2/2035-сон маълумотномаси). Мазкур таклифни амалиётга жорий этиш натижасида меҳнат ресурсларини асосий фондларга алмаштириш нормаси кўрсаткичига мувофиқ таркибий ўзгаришларни амалга ошириш учун инвестиция киритилиши юқори самара берадиган тармоқлар ва соҳалар аниқланган;
минтақанинг истиқболга мўлжалланган барқарор иқтисодий ўсиш суръатларига ҳамда инновацион иқтисодиётга ўтишдаги таркибий ўзгаришларга мавжуд омилларнинг таъсири асосида ҳудудни мутаносиб ривожлантиришнинг мониторинг тизими бўйича таклиф Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2018 йил 16 августдаги 87-сон буйруғига мувофиқ Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий, жумладан саноатни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2019 йил 11 ноябрдаги 6-3-1/20-1354-сон маълумотномаси, Бухоро вилояти ҳокимлигининг 2019 йил 1 майдаги 2/2035-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларни амалиётга жорий этиш натижасида вилоятда таркибий ўзгаришлар 2030 йилга қадар ЯҲМ таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг улуши 20,0 фоизга камайтирилиши, саноатнинг улуши 35,8 фоизгача ва хизматларнинг улуши 44,2 фоизга оширилиши кутилмоқда;
Бухоро вилоятининг ижтимий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган туманларда инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича берилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 майдаги 313-сон «2017-2019 йилларда Бухоро вилояти Олот туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги, 2018 йил 30 октябрдаги 889-сон «2018-2019 йилларда Бухоро вилоятининг Пешкў туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги, 2018 йил 30 октябрдаги 891-сон «2018-2019 йилларда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарорлари лойиҳаларини тайёрлашда фойдаланилган (Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2019 йил 11 ноябрдаги 6-3-1/20-1354-сон маълумотномаси, Бухоро вилояти ҳокимлигининг 2019 йил 1 майдаги 2/2035-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг амалиётга жорий этилиши натижасида ушбу ҳудудларда аҳоли жон бошига саноат маҳсулоти ишлаб чиқариши 2044 минг сўмдан 2280 сўмгача оширилиши, 93 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилиши, 20 хил турдаги янги импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, корхона ва ташкилотлар томонидан 110,0 млрд. сўмлик қўшимча қиймат яратилиши, 180,0 млрд.сўм маблағ давлат бюджетига туширилиши таъминланган;
Бухоро вилояти иқтисодиёт таркибини такомиллаштиришнинг кўп вариантли прогноз параметрлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2018 йил 16 августдаги 87-сон буйруғига мувофиқ Бухоро вилоятини 2019-2030 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясининг мақсадли ориентирларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2019 йил 11 ноябрдаги 6-3-1/20-1354-сон маълумотномаси, Бухоро вилояти ҳокимлигининг 2019 йил 1 майдаги 2/2035-сон 2/2035-сон маълумотномаси). Мазкур илмий янгиликнинг амалиётга жорий этилиши натижасида вилоятда таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг оптимал прогноз варианти танлаб олиниб, унга кўра 2030 йилга қадар ЯҲМ ўсиши 9,0 фоизга етказилиши, импорт-экспорт баланси 33,5 фоизга ошиши, соф даромад 1,3 мартага ошиши ва таркибий ўзгаришлар натижасида “мутлақ прогресс” кўринишдаги ўсиш суръатларига эришилиши белгиланди.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish