Sayt test rejimida ishlamoqda

Нормухамедов Сардор Рифатовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Синдикатлашган кредитлар орқали инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришни ривожлантириш», 08.00.07 – Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Iqt236.
Илмий раҳбар: Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/10.12.2019.I.16.01.
Расмий оппонентлар: Олимжонов Одил Олимович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Худойкулов Садриддин Каримович, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент молия институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда синдикатлашган кредитлар орқали инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришни ривожлантириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.  
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
синдикатлашган кредитлаш рискининг намоён бўлиш хусусиятларини аниқлаш асосида кредитларнинг банклараро синдикатлаш моделлари ва уларни амалга ошириш шартлари такомиллаштирилган;
банклар томонидан синдикатлашган кредитни жалб қилиш ва ташкил этиш амалиётидаги асосий жараёнларнинг ички боғлиқлиги орқали лойиҳаларни синдикатлашган кредитлаш бўйича услубий асослар такомиллаштирилган;
хорижий банкларнинг синдикатлашган кредитларини устувор равишда республика тижорат банклари орқали давлат улуши бўлган юқори рентабелли корхоналарни акциядорлаштириш ҳамда модернизациялаш лойиҳаларига жалб этиш асосланган;
йирик инвестицион лойиҳаларнинг молиявий ресурсларга бўлган талаби ва муддатларидан келиб чиқиб, кредитларни траншлар кўринишида ажратиш амалиёти такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Синдикатлашган кредитлар орқали инвестицион лойиҳалар молиялаштиришини ривожлантириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
синдикатлашган кредитлаш рискининг намоён бўлиш хусусиятларини аниқлаш асосида кредитларнинг банклараро синдикатлаш моделлари ва уларни амалга ошириш шартлари, жумладан, синдикатлашган кредитлар билан боғлиқ рискларни бошқаришда молиявий ковенантларни қўллаш амалиётини жорий этиш таклифи “Ипотека-банк” АТИБ ҳамда “Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки” АТБ амалиётларига жорий этилган (“Ипотека-банк” АТИБнинг 2020 йил 12 октябрдаги 08/6904-сон ҳамда “Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки” АТБнинг 2020 йил 15 октябрдаги 01-07/4237-сон маълумотномалари). Бунинг натижасида синдикатлашган кредит орқали лойиҳаларни молиялаштиришга катта суммада қарз жалб қилган корхона соф активларининг муайян даражадан пасайиб кетмаслигининг олдини  олиш, фоизларни қоплаш коэффициенти, қарз суммасининг EBITDA (фоиз, солиқлар ва амортизация ажратмаларига қадар фойда) кўрсаткичига нисбати, шунингдек, қарз олувчи компаниянинг капитал харажатлари ҳажмига нисбатан чекловларни белгилаб қўйиш орқали рискларни тартибга солиш имконияти юзага келган;
банклар томонидан синдикатлашган кредитни жалб қилиш ва ташкил этиш амалиётидаги асосий жараёнларнинг ички боғлиқлиги орқали лойиҳаларни синдикатлашган кредитлаш бўйича услубий асослар, жумладан, синдикатлашган кредитлаш амалиётини ривожлантириш орқали тижорат банкларининг кредит портфели диверсификациясини саноат тармоғига ажратилган кредитлар улушини камайтириш ҳисобига ошириш, тижорат банклари жалб қилинган маблағлари таркибида узоқ муддатли ва барқарор депозитлар улушини ошириш таклифлари “Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки” АТБ амалиётига жорий этилган (“Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки” АТБнинг 2020 йил 15 октябрдаги 01-07/4237-сон маълумотномаси). Натижада, банк кредит портфели диверсификациясини янада ошириш имконияти юзага келган, “Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки” АТБнинг муддатли депозитлари ҳажми 3,2 баробарга ортиб, 4308,4 млрд. сўмни ташкил этган, муддатли депозитларнинг умумий банк депозит базасидаги улуши  47,9 фоизга етган;
хорижий банкларнинг синдикатлашган кредитларини устувор равишда республика тижорат банклари орқали давлат улуши бўлган юқори рентабелли корхоналарни акциядорлаштириш ҳамда модернизациялаш лойиҳаларига жалб этиш таклифи “Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки” АТБ амалиётига жорий этилган (“Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки” АТБнинг 2020 йил 15 октябрдаги 01-07/4237-сон маълумотномаси). Натижада, йирик корхоналар мисолида мамлакат реал сектори салоҳиятини ташқи кредиторларга таништириш, маҳаллий банклар ресурслар етишмаслиги муаммосини ҳал этиш имконияти юзага келиб, тижорат банклари учун халқаро синдикатлашган кредитларни жалб этишни енгиллаштирган;
йирик инвестицион лойиҳаларнинг молиявий ресурсларга бўлган талаби ва муддатларидан келиб чиқиб кредитларни траншлар кўринишида ажратиш амалиётини қўллаш таклифи “Ипотека-банк” АТИБ ҳамда “Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки” АТБ амалиётларига жорий этилган (“Ипотека-банк” АТИБнинг 2020 йил 12 октябрдаги 08/6904-сон ҳамда “Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки” АТБнинг 2020 йил 15 октябрдаги 01-07/4237-сон маълумотномалари). Натижада, синдикатлашган кредитнинг мақсадли фойдаланилиши устидан етарлича мониторинг қилиш имконияти пайдо бўлган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish