Sayt test rejimida ishlamoqda

Холдарова Дилпуза Эргашбоевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Такрорий экинларда минерал ўғитлар меъёрлари ва нитрагин қўллашнинг ғўза ҳосилдорлигига таъсири (Андижон вилоятининг ўтлоқи бўз тупроқлари шароитида)”, 06.01.08 – Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Qx425.
Илмий раҳбар: Иминов Абдували Абдуманнобович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, PhD.05/30.10.2020.Qx.126.01.
Расмий оппонентлар: Худайқулов Жонибек Бозарович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент; Санақулов Акмалжон Лапасович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Андижон вилоятининг ўтлоқи бўз тупроқлари шароитида қисқа навбатли алмашлаб экишнинг 1:1 (ғўза:ғалла) тизимида кузги буғдойдан сўнг такрорий экин сифатида етиштириладиган дуккакли дон (соя, мош) экинларида нитрагин қўллаш ва минерал ўғитлар меъёрларининг ғўзани ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ва сифатига таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк бор Андижон вилоятининг ўтлоқи бўз тупроқлари шароитида кузги буғдойдан сўнг такрорий экин сифатида етиштириладиган дуккакли дон (соя, мош) экинлари уруғларини экиш олдидан нитрагин билан ишлов бериш ва минерал ўғитлар меъёрларини ғўзадаги самарадорлиги аниқланган;
кузги буғдойдан сўнг такрорий экин сифатида соя экини уруғларини экиш олдидан Bradyrhizobium japonicum SB5, мош экини уруғлари Phaseolus radiatus 148 штаммларидаги нитрагин билан ишлов берилиб, минерал ўғитларнинг N30 Р90 К60 кг/га меъёрда қўлланилиши экинларнинг ўсиши ва ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши натижасида дон ҳосилини 4,1-5,5 ц/га ортиши аниқланган;
такрорий дуккакли дон (соя, мош) экинлари уруғлари экиш олдидан нитрагин билан ишлов берилиб, минерал ўғитларнинг N30 Р90 К60 кг/га меъёрда қўлланилиши тупроқнинг ҳажм массаси ва агрокимёвий хусусиятларини яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатиши исботланган;
такрорий дуккакли дон (соя, мош) экинлари уруғларини экиш олдидан нитрагин билан ишлов берилиб, минерал ўғитларнинг N30 Р90 К60 кг/га меъёрда қўллаш орқали ғўзанинг ўсиши, ривожланиши, барг сатҳининг шаклланиши, қуруқ масса тўплаши, ҳосилдорлиги ва пахта толасининг технологик сифат кўрсаткичларини яхшилаш имкониятлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қисқа навбатли алмашлаб экиш тизимларида такрорий экинларда минерал ўғитлар меъёрлари ва нитрагин қўллашнинг ғўза ҳосилдорлигига таъсирини аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида: 
фермер хўжаликлари учун “Қисқа навбатли алмашлаб экиш тизимларида нитрагин ва минерал ўғитлар қўллаш бўйича тавсиялар” тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 9 июндаги 02/025-1667-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома бугунги кунда Андижон вилоятидаги фермер ва томорқа хўжаликлари учун қўлланма сифатида хизмат қилмоқда; 
қисқа навбатли алмашлаб экишнинг 1:1 (ғўза:ғалла) тизимида кузги буғдойдан сўнг такрорий экин сифатида етиштирилган дуккакли-дон (соя, мош) экинлари уруғларини экиш олдидан нитрагин билан ишлов бериш ва минерал ўғитлар қўллаш технологияси Андижон вилоятининг Пахтаобод ва Шахрихон туманларида жами 177,0 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 9 июндаги 02/025-1667-сон маълумотномаси). Натижада кузги буғдойдан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида соя экини уруғларини экиш олдидан Bradyrhizobium japonicum SB5, мош экини уруғларини Phaseolus radiatus 148 штаммларидаги нитрагин билан ишлов берилган уруғлари экилиб, минерал ўғитларнинг N30 Р90 К60 кг/га меъёри қўлланилганда соядан 26,4 ц/га ва мошдан 16,2 ц/га дон ҳосили олинган;
такрорий экин сифатида етиштирилган дуккакли-дон (соя, мош) экинлари уруғларини экиш олдидан нитрагин билан ишлов бериш ва минерал ўғитларнинг N30 Р90 К60 кг/га меъёрини қўллашнинг ғўзадаги сўнгги таъсири Андижон вилоятининг Пахтаобод ва Шахрихон туманларида жами 177,0 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 9 июндаги 02/025-1667-сон маълумотномаси). Натижада ғўзадан 41,5-42,4 ц/га пахта ҳосили олиниб, соя ва мош экинлари уруғларини экиш олдидан нитрагин билан ишлов берилмасдан ўғитсиз парвариш қилинган фонда етиштирилган ғўзага нисбатан 4,0-5,2 ц/га миқдорида қўшимча пахта ҳосили олиниб, рентабеллик даражаси 11,5-12,3 % га юқори бўлган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish