Sayt test rejimida ishlamoqda

Эрназарова Гулноза Ҳамраевнанинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ҳозирги ўзбек шеъриятининг медитатив табиати” 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).    
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B 2017.1.DSc/Fil21.
Илмий маслаҳатчи:  Каримов Баҳодир Нурметович филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01.
Расмий оппонентлар: Якубов Исламжон Ахмеджанович, филология фанлари доктори, доцент; Тўраев Дамин, филология фанлари доктори, профессор; Ҳасанов Шавкат Аҳадович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ҳозирги ўзбек шеъриятининг медитатив табиатини белгилашда ХХ асрнинг бошларидан бугунга қадар майдонга келган ўзбек шеърияти намуналарини медитатив лирика контекстида илмий асослашдан  иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
ўзбек адабиётшунослигида илк бор медитатив лириканинг бадиий-тарихий, ижтимоий-фалсафий, илмий-назарий тушунча ҳамда ўзбек лирикасига хос поэтик ҳодиса экани илмий асосланган;
медитатив лириканинг халқона бадиий тафаккур, мумтоз поэтика, ўзбек халқи тарихидаги фаол ижтимоий ҳодиса билан боғлиқ томони, айни ҳодисанинг миллий замини шоирларнинг ўзига хос овози, услуби, манераси, ғоявий-эстетик принциплари мисоллар асосида далилланган;
ўзбек миллий уйғониш даври лирикасининг медитатив хусусиятлари А.Фитрат, А.Чўлпон, Ҳ.Ниёзий, У.Носир, Ойбек, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, Миртемирлар шеъриятининг   марсиявийлик, бағишлов, сентименталлик каби лирик жанрларда акс этиши ва ўзига хос бадиий-эстетик жиҳатлари очиб берилган;
ХХ аср ўзбек поэзиясида медитатив лириканинг жанрий янгиланишдаги  ўрни, поэтик хусусиятлари, эволюциясининг эпик кўлам-халқ ижоди билан уйғунлиги ва поэтик тафаккур асоси бўлмиш – рамз, метафора, ташбеҳ, истиора ҳамда бошқа шеърий санъатларнинг миқёси, миллий тарих, ижтимоий идеал, фалсафий тафаккурнинг лирик-медитатив намоён бўлиш тамойиллари асосланган;  
ҳозирги ўзбек шеъриятидаги етакчи ғоялар билан медитатив лириканинг уйғунлиги, ушбу шеърият вакилларини  ўзбек халқининг бадиий-эстетик тафаккур ривожига қўшган улуши ва уларнинг асосий ғоявий йўналиш, шаклий-услубий хусусият, композицион ранг-баранглик, полифоник оҳангларга алоҳида эътибор берилгани ҳамда илмий-назарий жиҳатдан миллий қадриятлар, идеал аждодлар образининг метафорик акс эттирилиши исботланган;
шарқ адабиётига хос ижтимоий-фалсафий, диний-маърифий мавзуларнинг мустақиллик даври ўзбек модерн шеъриятида лирик талқин этилиши  медитативлик муаммоси орқали очиб берилди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ҳозирги ўзбек адабиётида медитатив лирика табиати,  тарихий, фалсафий-бадиий асослари муаммоси тадқиқи бўйича олинган натижалар асосида: 
ХХ асрнинг 20-30 йиллари ўзбек медитатив лирикаси бобига тааллуқли   (Ойбек, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон) медитатив хусусиятларнинг рус-европа лирикаси (Пушкин ва бошқалар) билан қиёсий таққосланиши, бу давр лирикасига хос бадиий-фалсафий қирраларнинг миллий ва жаҳон шеърияти билан қиёсий-типологик ўрганилишига доир илмий хулослардан ФА – Ф1-Г040 рақамли “Ўзбек адабиёти қиёсий адабиётшунослик аспектида: типология ва таъсир” (2012-2016) мавзусидаги фундаментал лойиҳасида фойдаланилган. (Фанлар академиясининг 2020 йил 11 ноябрдаги 3/1255-2452-сон маълумотномаси). Натижада ҳозирги ўзбек шеъриятида медитатив лирика табиатини бошқа халқлар адабиёти билан қиёсий ўрганишда, хусусан, типология, адабий таъсир каби қиёсий адабиётшуносликнинг муҳим муаммоларини ёритиш ва аниқ баҳолашга асос бўлган;
медитатив лирика тарихи ва унинг фалсафий, илмий-назарий хусусиятларини ёритишда мумтоз шоирлар, хусусан, Алишер Навоий лирикаси билан боғлиқлиги масаласига доир илмий-назарий хулосалардан 2015-2017 йилларда бажарилган А-1-118 рақамли “Алишер Навоий образининг тасвир ва талқинларига оид ўқув қўлланмасини тайёрлаш ва нашр этиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 14 сентябрдаги 89-03-3303-сон маълумотномаси). Натижада истиқлол даври лирикасида диний-маърифий мавзудаги шеърларнинг медитатив хусусияти аслида Ислом маърифати, тасаввуф ғоялари билан боғлиқлиги масаласи ва унинг аҳамияти лойиҳа илмий хулосаларини бойитишга хизмат қилган;
ўзбек шеъриятида медитатив лириканинг вужудга келиши, генезиси, жанрлар ва даврлар масаласини тадқиқ қилиш, ўтган асрнинг 20-30-йиллар лирикасида пайдо бўлган медитатив шеърият намуналарини таҳлил ва талқин қилиш каби илмий-назарий хулосаларидан Озарбайжон Миллий Илмлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтининг “Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалари” бўлимида озарбайжонлик ўзбекшунос олимлар томонидан фойдаланилган (Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтининг 2020 йил 18 сентябрдаги маълумотномаси). Натижада истиқлол даври ўзбек шеъриятида медитатив лириканинг мавзу ва ғоявий кўламини ўрганиш, бугунги ўзбек шеъриятида диний-маърифий мотивлар етакчилиги ва унга хос медитативлик масаласини ўрганиш ҳақидаги таҳлилий хулосалар хориж тадқиқотчиларнинг ўзбек адабиёти ҳақидаги билимларини мустаҳкамлашга асос бўлган;
замонавий туркий халқлар шеъриятини қиёсий таҳлил қилиш билан боғлиқ илмий муаммоларга оид хулосалардан Туркия Истанбул университетидаги замонавий турк лаҳжалари ва адабиёти курслари ўқув жараёнига татбиқ этилган (Туркия Истанбул университети доктори Эмек Усенмезнинг 2020 йил 12 октябрдаги маълумотномаси). Натижада Истанбул университетида “Адабий жараён”, “Ҳозирги ўзбек шеърияти” каби курслар юзасидан ташкил қилинган дарслар самарадорлиги ошишига, соҳага оид қўлланма ва услубий кўрсатмаларни ишлаб чиқишга хизмат қилган;
жадид шеърияти, шўро даври шоирлари ижод намуналари ва модерн адабиётига оид илмий хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Тақдимот” кўрсатуви сценарийсини шакллантиришда фойдаланилди (“Ўзбекистон” телерадиоканали ДУКнинг 2020 йил 3 декабрдаги 02-40-12-25-сон маълумотномаси). Натижада медитатив лириканинг тарихий, фалсафий асослари, ҳозирги ўзбек шеъриятининг маънавий-маърифий омиллари хусусида илмий фикр-мулоҳазалар юритилди ва ёш тадқиқотчиларга илмий-назарий маълумотлар берилган;
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими  2018-2020 йиллар мобайнида шоирлар ҳаёти ва ижодига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар дастурини тайёрлашда ҳамда Абдулла Орипов ижод мактабида ўтказилган “маҳорат дарслари”да фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2020 йил 4 сентябрдаги 01-03-06/740-сонли маълумотнома). Натижада ёшларнинг Р.Парфи, Ш.Раҳмон, М.Абдулҳаким, У.Азим, Й.Эшбек, Ҳ.Аҳмедовалар лирикасида миллий тарих, қадриятлар, идеал аждодлар образининг метафорик хусусиятлари очиб берилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish