Sayt test rejimida ishlamoqda

Одинаев Адҳам Саъдуллоевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Мажбурият ҳуқуқи соҳасида неустойка қўллашни тартибга солиш”, 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи; Тадбиркорлик ҳуқуқи; Оила ҳуқуқи; Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.2.PhD/Yu389. 
Илмий раҳбар: Боротов Миродилжон Хомуджонович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бош прокуратура Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, PhD.37/27.02.2020.Yu.107.01.
Расмий оппонентлар: Насриев Илҳом Исмоилович, юридик фанлар доктори, профессор; Меҳмонов Қамбариддин Мирадҳамович, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади мажбурият ҳуқуқи соҳасида неустойка қўллашни тартибга солиш ва неустойка институтининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик институтини такомиллаштириш, жумладан зарарни қоплашнинг адолатли тартибини таъминлашда неустойканинг ўрни ва роли юқори эканлиги кўрсатиб берилиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳисобга ўтказиладиган неустойкани қўллаш таклифи асосланган;
қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган, мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганда тўланиши шарт бўлган пул суммаси ёхуд шу суммага тенг бўлган натура шаклидаги мол-мулкни (товарни) неустойка сифатида қабул қилиш таклиф этилган;
фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни қўллашда жавобгарлик шарти сифатида неустойкага боғлаган ҳолда айбнинг ўрнини белгилаш мақсадида, Фуқаролик кодексига “Айб тушунчаси”, “Айбнинг шакллари” ва “Айбсиз ҳолда зарар етказиш” каби янги моддалар киритиш таклиф этилган;
мажбуриятларни бажарилишини таъминлаш ҳамда кредитор манфаатларини самарали ҳимоя қилинишига эришишда қонуний неустойканинг аҳамияти ва зарурати асослаб берилган;
неустойканинг шартномани тузиш ва ижро этиш пайтида мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш усули, шартнома бузилганида эса жавобгарлик чораси эканлиги бўйича Фуқаролик кодексининг 22 ва 24-бобларини такомиллаштириш йўналишлари аниқланган ҳамда неустойканинг ҳисобга ўтказиладиган, жаримали, алоҳида ва муқобил турларини қўллаш асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларнинг жорий қилиниши. 
Мажбурият ҳуқуқи соҳасида неустойка қўллашни тартибга солишни такомиллаштиришга оид  тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик институтини такомиллаштириш, жумладан зарарни қоплашнинг адолатли тартибини таъминлашга оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф–5464-сон Фармойиши билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси”  ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ–6012-сон Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқишга оид 30-бандида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 2 сентябрдаги 4-13-2/1631-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши тадбиркорлар ва хусусий мулкдорлар, потенциал хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада тўлиқ таъминлаш, фуқаролик қонунчилигини бозор иқтисодиёти тамойиллари ва халқаро стандартларга мувофиқ модернизация қилиш, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун замонавий фуқаролик-ҳуқуқий асос яратишга кўмаклашган;
неустойканинг ҳажми ва миқдори, қарздорнинг қарзни тўлаш мажбуриятини такомиллаштиришга қаратилган Фуқаролик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир таклифлардан янги таҳрирда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳасини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг 2020 йил 9 июлдаги 1/3-3-360-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг 2020 йил 8 октябрдаги 02-3/687-сон маълумотномалари). Ушбу таклифларнинг қабул қилиниши мажбурият бажарилмаганида неустойканинг миқдорини аниқ белгилаш, етказилган зарарнинг мажбуриятни бузиш оқибатларига мутаносиблигини таъминлашга доир нормаларни шакллантиришга хизмат қилган;
Фуқаролик кодексига мажбуриятларни бузганлик учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни белгилаш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид таклифлардан Фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2020 йил 6 июлдаги 05/1-01-112-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг қабул қилиниши мажбурият ҳуқуқида қарздорнинг айби даражаси ва шаклини белгилаш, етказилган зарарнинг мажбуриятни бузиш оқибатларига мутаносиблигини таъминлашда ижобий таъсир кўрсатишга доир нормаларни шакллантиришга хизмат қилган; 
мажбурият ҳуқуқи соҳасида қонуний неустойкани киритиш юзасидан билдирган таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини такомиллаштиришда фойдаланилиб, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими”га (project.gov.uz) киритилган (Бош прокуратуранинг 2020 йил 22 майдаги 17723-сон хати ва 2020 йил 27 октябрдаги 30/8-20-860-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар Фуқаролик кодексининг неустойкага оид қатор нормаларини такомиллаштириш, жумладан қонуний неустойканинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга кўмаклашган;
хўжалик шартномаларини бажарилмаслиги бўйича иқтисодий ишларни кўриб чиқиш ва баҳо беришга оид қоида ва тавсиялардан Олий хўжалик суди Пленумининг 15.06.2007 йилдаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 163-сон қарорини такомиллаштириш бўйича тайёрланган лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2020 йил 13 октябрдаги 08/УМ-566-20-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг қабул қилиниши фуқаролик ва иқтисодий судларда неустойка ундириш билан боғлиқ ишларни кўришда ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга кўмаклашган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish