Sayt test rejimida ishlamoqda

Нарманов Феруз Асфандиёровичнинг 
фан доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “XX асрнинг 20-30 йилларида Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида маданий-маърифий муассасаларнинг ўрни”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Tar540.
Илмий раҳбар: Мустафаева Нодира Абдуллаевна, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Tar.02.10.
Расмий оппонентлар: Хаитов Шодмон Ахмадович, тарих фанлари доктори, профессор; Расулов Бахтиёр Маҳмуджонович, тарих фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XX асрнинг 20-30 йилларида Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида маданий-маърифий муассасаларнинг тутган ўрнини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
1920-1930 йилларда асосий тарғибот тузилмалари сифатида ташкил этилган маданий-маърифий муассасаларнинг фаолияти ва хусусиятлари орқали совет ҳукмрон мафкурасининг Ўзбекистон аҳолиси ижтимоийлашувига салбий таъсири аниқланган;
ХХ асрнинг 20-30 йилларида ташкил қилинган клуб, қизил чойхона, қизил бурчак ва анъанавий чойхоналарнинг совет сиёсати тарғиботига хизмат қилувчи тадбирлар марказига айлантирилгани, шунингдек, қизил арава, қироатхона ва кутубхоналарнинг ҳукмрон мафкуранинг қўшимча «тарғибот воситалари» сифатидаги фаолияти очиб берилган; 
тарғиботнинг энг оддий ва энг содда кўриниши сифатида маданий-маърифий муассасаларда ташкил этилган қизил-қора доскалар ва «маълумотлар столи» XX асрнинг 20-30 йилларида совет ҳокимияти амалга оширган зўравонлик ва қатағон сиёсатининг кўлами ва миқёси кенгайишида муҳим инструментлардан бири эканлиги аниқланган;
совет ҳокимиятининг Ўзбекистондаги маданий соҳада олиб борган сиёсатида «таянч воситалар» ролини ўтаган маданий-маърифий муассасалар фаолиятининг ўрни, аҳолининг ижтимоий фаоллашуви, саводсизликнинг тугатилиши каби ижобий натижалари билан бирга, миллий қадриятларнинг йўқ қилиниши, ижтимоий психологик муҳитни мафкурага мослаштириш каби салбий оқибатлари асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
XX асрнинг 20-30 йилларида Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида маданий-маърифий муассасалар ўрнини аниқлаш бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
XX асрнинг 20-30 йилларида Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида янги маданий-маърифий муассасаларнинг жорий этилиши, тизимдаги ўзгаришлар ва уларнинг сабабларини аниқлаш, маданий-маърифий муассасаларда совет мафкурасини сингдириш йўллари ҳамда услубларини тадқиқ этиш, маҳаллий аҳоли ҳаётига «қизил чойхона»ларнинг сингдирилиши ва унинг оқибатларига доир илмий хулосалар «O‘zbekiston tarixi» телеканалининг «Тақдимот» кўрсатувини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон МТРК, «O‘zbekiston tarixi» телеканалининг 2020 йил 3 мартдаги 01-40/546-сон маълумотномаси). Тақдим этилган маълумотлар 1920-1930 йилларда Ўзбекистонда ташкил қилинган маданий-маърифий муассасалар фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиб беришга хизмат қилмоқда;
XX асрнинг 20-30 йилларида қизил чойхоналарда олиб борилган сиёсий тарғибот тадбирлари маҳаллий аҳолининг онги ва тафаккурига таъсир этиш орқали кишиларнинг ижтимоий ҳаётини ўзгартиришга бўлган салбий ҳаракатлар ва уринишлар ҳақидаги илмий янгиликлардан Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси экспозицияларини бойитишда илмий ахборот сифатида фойдаланилган (Маданият вазирлигининг 2020 йил 4 июндаги 01-12-10-2224-сон маълумотномаси). Тадқиқот илмий хулосалари сифатида тақдим этилган маълумотлар музей-қўриқхона тизимида XX асрнинг 20-30 йиллари Ўзбекистон ижтимоий ҳаётига бағишланган ҳужжатлар, моддий ашёлар фондининг илмий таснифини ёзишда коллекциялардаги ашёларнинг тарихий аҳамиятини очиб беришга хизмат қилган;
1920-1930 йилларда асосий тарғибот тузилмалари сифатида ташкил этилган маданий-маърифий муассасаларнинг фаолияти ва хусусиятлари орқали совет ҳукмрон мафкурасининг Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоийлашувидаги салбий таъсирига доир илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи экспозицияларини бойитишда фойдаланилган (Қатағон қурбонлари хотираси музейининг 2020 йил 6 июлдаги 57-сон маълумотномаси). Тақдим этилган маълумотлар музейнинг совет даврига оид бўлими экспозициясининг янада қизиқарли ва таъсирчан бўлишида муҳим аҳамият касб этган;
1920-1930 йилларда совет ҳукуматининг маҳаллий аҳоли ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ бўлган жамиятнинг қуйи қатламлари ўртасида совет тузуми тарғиботининг восита ва методлари, маданий-маърифий муассасаларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, совет мафкурасини сингдириш орқали ҳукмрон тузумнинг инсон манфаатларидан устун қўйилиши натижасида ижтимоий ҳаётнинг чекланиши ва унинг оқибатларига оид хулосалардан «Республика Маънавият ва маърифат маркази» Самарқанд вилояти бўлимининг «Жамоат ташкилотлари билан олиб бориладиган ишлар» номли режасини яратишда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2020 йил 7 июлдаги 02/012-635-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари XX асрнинг 20-30 йилларида маданий-маърифий муассасаларнинг аҳоли ижтимоий ҳаётига таъсири, натижа ва унинг оқибатларини ёритиб беришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish