Sayt test rejimida ishlamoqda

Мустафакулов Даврон Маматкуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Шўрланган тупроқлар шароитида судан ўтидан юқори ҳосил етиштириш технологиясини айрим элементларини такомиллаштириш”, 06.01.08 – Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Qx419.
Илмий раҳбар: Атабаева Халима Назаровна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/28.08.2020.Qx.13.03.
Расмий оппонентлар: Тешаев Фатулла Жўрақулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Азизов Кобилжон Кахрамонович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Сирдарё вилоятининг шўрланган тупроқларида судан ўтидан юқори кўк масса ҳосилини таъминлайдиган экиш меъёри, муддати, ўриш муддатининг ҳамда беда билан қўшиб экишда мақбул экиш меъёрларини аниқлаш ва илмий асослаб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк бор Сирдарё вилоятининг шўрланган тупроқлари шароитида судан ўти соф ҳолда экилганда ўсиши, ривожланиши ва ҳосил шаклланиш шароити аниқланган;
шўрланган тупроқлар шароитида судан ўтини беда билан аралаш ҳолда экилганда ўсиши, ривожланиши ва ҳосил шаклланиш шароити аниқланган;
судан ўтининг ўсиши, ривожланиши, юқори сифатли ҳосил шаклланишини таъминловчи мақбул экиш меъёри, экиш ва ўриш муддатлари аниқланган;
судан ўтини беда билан қўшиб экишда мақбул экиш меъёрини қўллаш экинларнинг сақланиш даражасига ва ҳосилдорлиги ҳамда кўкат тўйимлиги, шунингдек, озуқа сифатини яхшиланиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Шўрланган тупроқлар шароитида судан ўтидан юқори ҳосил етиштириш технологиясининг айрим элементларини такомиллаштириш бўйича ўтказилган тадқиқотлар асосида:
чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун “Судан ўтини етиштириш бўйича тавсиянома (Сирдарё вилояти мисолида)” тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 1 декабрдаги 02/022-1-4100-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома Сирдарё вилояти шароитида фермер хўжаликларида чорва моллари учун сифатли озуқа базасини яратиш, пичан жамғариш, судан ўтини соф ҳолда ҳамда беда билан қўшиб экиб етиштириш, шунингдек, шўрланган тупроқлардан ҳамда ғалла майдонларидан бўшаган ерлардан самарали фойдаланишда қўлланма сифатида хизмат қилган;
судан ўтини соф ҳолда 25 кг/га меёърда экиш ишланмаси Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги “Авазбек Маъмуров” фермер хўжалигида 8,0 гектар, Оқолтин туманидаги “EXPORT MELON” МЧЖга қарашли 9,0 гектар, жами 17 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 1 декабрдаги 02/022-1-4100-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида судан ўтини барча ўриш фазаларида кўкат ва пичан ҳосили 224,8-231,5 ц/га, иқтисодий самарадорлик 106,6%ни ташкил этган; 
судан ўтини мақбул муддатда экиш ишланмаси Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги “Авазбек Маъмуров” фермер хўжалигида 8,0 гектар, Оқолтин туманидаги “EXPORT MELON” МЧЖга қарашли 10,0 гектар, жами 18 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 1 декабрдаги 02/022-1-4100-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида энг мақбул муддат – апрель-май ойларида экилганда 612-548 ц/га кўкат ёки 204,0-182 ц/га пичан ҳосили олинган, рентабеллик 117,0% ни ташкил этган;
судан ўтини беда билан қўшиб экиш ишланмаси Сирдарё вилояти Ховос туманидаги “Зиёвуддин чорва” фермер хўжалиги 4,5 гектар, Боёвут туманидаги “Ахмадий” фермер хўжалигида 17 гектар, жами 21,5 гектар майдонида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 1 декабрдаги 02/022-1-4100-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида беда соф ҳолда экилганга нисбатан судан ўти 20 кг + беда 16 кг қўшиб экилганда ҳосилдорлик 20-22% га ортган, иқтисодий самарадорлик 124,2%ни ташкил этган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish