Sayt test rejimida ishlamoqda

Ҳамаев Нодирбек Момуновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон ҳудудида истиқлол учун қуролли ҳаракат ва унга қарши курашнинг матбуот саҳифаларида тарғиб этилиши (1918–1934 йиллар)”, 07.00.01 - Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.РhD/Tar385.
Илмий раҳбар: Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Шадманова Санавар Базарбаевна, тарих фанлари доктори, профессор; Мингнаров Абдухолиқ Ташмирзаевич, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда рўй берган совет режимига қарши қуролли курашнинг сабаблари, унинг хронологик ва ҳудудий чегаралари, оқибатларини ҳамда большевикларнинг бу ҳаракатни тугатиш йўлидаги тарғибот ишларини даврий матбуот материаллари асосида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
ҳаракатга жадид маърифатпарварлари ва руҳонийларнинг маънавий раҳнамолиги туфайли қўрбоши дасталарининг маълум вақтга бўлса-да бирлаштирилиши ҳамда туркиялик ҳарбий зобитларнинг уни ташкил этиш, йўналиши ва мақсадини белгилашда муҳим ўрин тутганлиги асосланган;
собиқ совет даврий матбуоти мазкур муаммони кучли цензура мавжуд бўлган шароитда ёритгани туфайли унда ҳаракатга асосан салбий баҳо берилиши баробарида цензурадан ҳоли бўлган миллий ва муҳожирлар матбуотида эса ушбу масала нисбатан объектив тарзда талқин этилганлиги далилланган; 
1930 йилларининг ўрталарига келиб совет ҳокимиятига қарши қуролли кураш тугатилганлиги боис, газета ва журналларда мавзуга эътибор қаратилмасдан, эълон қилинган кам сонли мақола ва хабарларда “босмачилик” ҳаракати айрим муштумзўр ва талончиларнинг босқинчилиги сифатида талқин этилиб, аҳолини хушёрликка даъват этиш билан баробар, совет ҳокимияти халқнинг асосий ҳимоячиси эканлиги таъкидланиб борилганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистон ҳудудида истиқлол учун қуролли ҳаракат ва унга қарши курашнинг матбуот саҳифаларида тарғиб этилиши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Ўзбекистонда совет тузумига қарши қуролли кураш ва даврий матбуот” номли I бобининг ҳаракат сабаблари ва моҳияти тўғрисидаги материалларидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи фондини бойитишда, шунингдек, Фарғона давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи экспозициясининг “Ўрта Осиё минтақасида зулм ва босқинчиликка қаршилик ҳаракати ва қуролли чиқишлар (1918–1924 йиллар)” бўлимини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейининг 2019 йил 25 сентябрдаги 136-сон маълумотномаси). Илмий натижаларининг қўлланилиши мазкур даврни фактик материаллар, манбалар ва маълумотлар билан тўлдиришга кўмак бериб, Туркистонда ХХ аср биринчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, ҳарбий жараёнларда фаол қатнашган ватандошларимизнинг миллий озодлик йўлида олиб борган курашларини илмий асосда ёритиш имконини берган;
Фарғона водийсида юз берган ҳокимиятга қарши қуролли ҳаракатнинг йўналишлари, марказлари, ижтимоий-сиёсий аҳамияти ҳамда тарихий оқибатларига оид илмий хулосалардан Фарғона вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг “Тоталитар тузум тарихи” бўлими экспозицияси ҳамда илмий иш доирасида йиғилган 15 дан зиёд экспонатлардан экспозицион режаларни тузишда ва кўргазмаларда тўлиқ фойдаланилмоқда (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2019 йил 8 ноябрдаги 01-12-10-5600-сон маълумотномаси). Тақдим қилинган материаллар музей фондидан жой олиб, маҳаллий ва хорижий ташрифчиларнинг 1918–1934 йилларда Фарғона водийсида юз берган қаршилик ҳаракати бўйича янги маълумотларни олишларига ҳамда соҳани янги илмий ахборотлар билан тўлдиришга хизмат қилган;
“O‘zbekiston tarixi” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатувининг сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” ДУКнинг 2019 йил 24 декабрдаги 02-40-2702-сон маълумотномаси). Тақдим этилган материаллар ушбу кўрсатувни янада мукаммаллаштириб, илмий далиллар билан бойитган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish