Sayt test rejimida ishlamoqda

Юн Ши Ненинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Глобаллашув даврида ўзбек ва корейс халқлари жамоа институтлари ва маросимларидаги ўзгаришлар”. 07.00.07 – Этнография, этнология ва антропология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В.2020.4.РhD/Tar67.
Илмий раҳбар: Адҳамжон Азимбаевич Аширов, тарих фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, DSc.02/30.12.2019.Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Дониёров Алишер Худойбердиевич, тарих фанлари доктори, профессор; Бўриев Очил, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади глобаллашув жараёнида ўзбек ва корейс халқлари жамоа институтлари ва миллий анъаналари трансформациясини этнологик йўналишда очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
ўзбек маҳалласи ва корейс маил институтининг маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида шаклланиш тарихи, уларнинг вазифаси (жамоа аъзоларини ўзаро бир-бирига ёрдам бериш ва ҳамкорликда фаолият олиб бориш), бошқарув усули, жамоа етакчиси – оқсоқолни тайинлаш мезонлари (катта ҳаётий тажриба, жамоада обрў-эътиборли ва эркак киши бўлиши) умумий эканлиги аниқланган;
ўзбек ва корейс халқларининг хўжалик ҳаёти ва турмуш-тарзи билан боғлиқ анъана (“ҳашар” ва “Дуре (두레)”, “Пумаши (품앗이))ларнинг мазмун-моҳияти, мақсади ва вазифасига кўра ўхшаш эканлиги тарихий манбалар ҳамда этнографик материаллар асосида очиб берилган; 
ҳар икки халқ дунëқарашида оила доимо муқаддас ҳисобланган ва инсон ҳаëтининг муҳим босқичлари билан боғлиқ маросим (суннат ва никоҳ тўйлари, Гуанре (관례, 冠禮) ва Гере (계례, 筓禮))лар моҳиятан оила ва жамоа ҳаëтидаги муҳим иннициацион характердаги этнолокал анъаналардан ташкил топганлиги кўрсатиб берилган; 
ўзбек ва корейс халқларининг ой ва қуёш тақвимига оид архаик қарашлари, тақвимий маросимлар (“обло барака”, “ялдо кечаси”, “наврўз”, “гимжанг”, “шингжонг”, “сол”)даги умумий хусусиятлар этнографик материаллар асосида далилланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўзбек ва корейс халқларининг жамоа институтлари ва маросимлари бўйича бажарилган тадқиқот юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулосалар ва таклифлар асосида: 
ўзбек ва корейс халқларида маҳалла ҳамда маил жамоаларининг тузилиши ва вазифаларига кўра моҳиятан умумий эканлигига оид мулоҳазалардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг Корейс миллий маркази фаолиятини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2020 йил 20 ноябрдаги 01-07-1415-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари полиэтник Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларнинг такомиллашуви, турли этносларнинг миллий-маданий қадриятларини кенг тарғиб қилиш, ёшларни миллий анъаналарга ҳурмат ва диний бағрикенглик ғоялари асосида тарбиялашга хизмат қилган; 
ўзбек маҳалласи ва корейс жамоаларининг вазифаси (жамоа аъзоларини ўзаро бир-бирига ёрдам бериш ва ҳамкорликда фаолият олиб бориш), бошқарув усули билан боғлиқ илмий хулосалардан “Шарқ халқлари этномаданияти”, “Корейс ва ўзбек халқлари этнологияси”, “Туркий халқлар антропологияси” каби махсус курслар ташкил этишда фойдаланилган (Ханкук чет тиллари университети Марказий Осиё институти (Жанубий Корея)нинг 2020 йил 24 августдаги маълумотномаси). Бу эса икки мамлакатдаги жамоа институтларининг шаклланиши, таркибий тузилиши, корейс ва ўзбек халқларининг анъаналари, оилавий ҳамда жамоавий маросимларини қиёсий таҳлил қилиш имконини берган; 
ўзбек ва корейсларнинг анъанавий моддий маданиятини қиёсий таҳлил қилиш асносида икки миллат яшайдиган минтақаларда тарқалган маросимларнинг этнологик таҳлилига оид хулосалардан Жанубий Кореядаги Марказий Осиё институти жорий нашрларида Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тарихи ҳамда маданиятини кенг тарғиб этишда манбавий асос бўлиб хизмат қилган (Донгдук аёллар университети Евроосиё туркшунослик институти (Жанубий Корея)нинг 2020 йил 30 сентябрдаги маълумотномаси). Бу хорижда ўзбек тили, маданияти ва этнологиясини ўрганиш ҳамда оилавий ва тақвимий маросимларни этнографик материаллар асосида қиёсий тадқиқ этиш ҳамда ўзбек маданиятини Корея Республикасида кенг тарғиб этишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish