Sayt test rejimida ishlamoqda

Каниязов Аманияз Жанадиловичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қорақалпоғистон тоқ туёқли ҳайвонларининг (Perissodactyla) гельминтлари», 03.00.06 – Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.PhD/B164. 
Илмий раҳбар: Шакарбоев Эркинжон Бердикулович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Зоология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Зоология институти, DSc.02/30.12.2019.В.52.01. 
Расмий оппонентлар: Кучбоев Абдурахим Эргашевич, биология фанлари доктори, профессор; Боймуродов Хусниддин Тошболтаевич, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қорақалпоғистон шароитида тоқ туёқли ҳайвонлар гельминтларининг тур таркибини, ҳайвонларнинг зарарланиш даражасини ва гельминтофаунанинг шаклланиш йўлларини аниқлаш ҳамда гельминтозларнинг олдини олишнинг илмий асосларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Қорақалпоғистонда тоқ туёқли ҳайвонлар организмида 2 тип, 3 синф, 8 туркум, 18 оила, 30 авлодга мансуб 61 тур гельминтлар паразитлик қилиши аниқланган бўлиб, улардан отлар организмида гельминтларнинг 60 тури, эшакларда эса, 49 та тур паразитлик қилиши аниқланган;
тоқ туёқли ҳайвонларда нематодаларнинг 54 тури, цестодаларнинг 5 тури ва трематодаларнинг 2 тури учраши исботланган;
ҳайвонларнинг гельминтлар билан зарарланишининг инвазия экстенсивлиги 0,7% дан 33,6% га, инвазия интенсивлиги 1 та нусхадан 12538 нусхагача ташкил этиши аниқланган;
тоқ туёқлилар ва уларнинг гельминтлари ўртасидаги биоценотик муносабатлар топик алоқалар орқали амалга ошиши аниқланган ҳамда Орол бўйи шароитида табиий ва антропоген омиллар таъсирида тоқ туёқли ҳайвонлар гельминтофаунасининг шаклланиш хусусиятлари асосланган;
Қорақалпоғистон шароитида отларнинг параскаридоз ва сетариоз билан зарарланишининг мавсумий ва ёшга оид динамикаси очиб берилган;
Қорақалпоғистон шароитида отларнинг асосий нематодозларини профилактика қилиш усуллари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида тоқ туёқли ҳайвонларнинг гельминтлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Қорақалпоғистон Республикасининг тоқ туёқли ҳайвонлари гельминтларининг Trematoda, Cestoda ва Nematoda синфларига мансуб 52 турдан иборат 1040 нусха гельминт намуналари “Зоология коллекцияси” ноёб объектига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 8 июлдаги 4/1255-1425-сон маълумотномаси). Натижада, намуналар тоқ туёқли ҳайвонлар гельминтлари фондини бойитган ва гельминтлар турлари хилма-хиллигини аниқлаш ҳамда уларнинг систематик таҳлил қилиш имконини берган;
отларнинг асосий нематодозлари ва уларга қарши кураш чора-тадбирлари бўйича ишлаб чиқилган амалий тавсиялар Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси амалиётига жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2020 йил 25 февралдаги 33/04-92-сон маълумотномаси). Натижада, отларнинг нематодозларини ташхислаш, мониторинг қилиш ва инвазияга қарши курашиш ҳамда шахсий от боқувчи хонадонлардаги отларнинг маҳсулдорлигини 15–20% га ошириш имконини берган;
отлар параскаридозига қарши Ивермектин-10 препаратини қўллаш бўйича амалий тавсиялар Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир ва Қораўзак туманлари ветеринария хизмати амалиётига жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2020 йил 25 февралдаги 33/04-92-сон маълумотномаси). Натижада, Ивермектин-10 препарати отлар параскаридозини даволашда ижобий таъсир этиб, 86,7% самарадорликка эришиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish