Sayt test rejimida ishlamoqda

Тажибоев Ботир Рахимжоновичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек тили миллий-маданий бирликларининг ассоциатив тадқиқи”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари)
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  B2019.2.PhD/Fil 789.
Илмий раҳбар: Лутфуллаева Дурдона Эсоновна, филология фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.03.
Расмий оппонентлар: Маматов Абди Эшонқулович, филология фанлари доктори, профессор; 
Искандарова Шарифа Мадалиевна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек тилидаги миллий-маданий бирликларнинг ассоциатив боғланишини тахлил этиш, уларнинг матн ҳосил қилишдаги ўрнини белгилаш ва лингвистик хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
ўзбек тилидаги миллий-маданий семали бирликлар орқали миллий онг ва тафаккурнинг тилда намоён бўлиши масаласи щархланиб, бу типдаги  бирликларда халқ маданияти, урф-одати ва анъаналари акс этиши далилланган; 
ўзбек тилининг миллий-маданий семали бирликлари ажратилиб, мавзу жиҳатдан таснифланган, ассоциатив тажриба материаллари асосида бундай бирликларнинг лексик-семантик хусусиятлари очиб берилган;
миллий-маданий бирликлар билан ассоциатив муносабатга киришувчи тил бирликлари аниқланган, бу бирликларнинг ассоциатив алоқасини таъминловчи  лисоний ва нолисоний омиллар аниқланган;
миллий-маданий бирликларнинг матн яратилишидаги роли аниқланган, уларнинг матнни ҳосил қилувчи таянч бирликлар вазифасини бажариши далилланган;
миллий-маданий бирликларнинг ассоциатив майдони ҳосил қилиниб,  унинг таркиби, ядро ва чегара қисмлари аниқланган, майдон бирликларининг туртки сўз билан алоқаси ва ўзаро муносабати масаласи очиб берилган;
“Ўзбек тили ассоциатив луғати” материаллари таҳлили асосида миллий-маданий бирликлар билан ассоциатив боғланган тил бирликларининг лингвистик хусусиятлари очиб берилган, ассоциатив луғатларнинг тилнинг муайян даврдаги ҳолати, инсон лексикони, хотираси имкониятларини ўрганишдаги аҳамияти ёритилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўзбек тили миллий-маданий бирликларининг ассоциатив тадқиқи юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
ўзбек тилидаги миллий-маданий бирликларнинг деривацион хусусиятлари, матн яратишдаги ролига доир хулосалардан  ФА-Ф1-ГООЗ рақамли “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлимининг 2020 йил 22 октябрдаги 17.01/112-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа янги илмий-назарий маълумотлар билан бойитилган; 
миллий-маданий бирликларнинг лексик-семантик, лексикографик хусусиятлари ҳақидаги назарий қарашлардан ОТ-А1-018 рақамли “Ўзбек тили ва унинг таржимаси билан боғлиқ электрон ва банк-молия терминларининг кўп тилли луғатларини яратиш” номли амалий лойиҳада фойдаланилган (ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 25 февралдаги 89-03-815-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа янги илмий-назарий маълумотлар билан бойитилган; 
ўзбек тилида фаол қўлланишда бўлган миллий-маданий бирликларнинг семантик хусусиятлари, структураси ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистон телерадиокомпаниясида 2019-2020 йиллар давомида “O‘zbekiston” канали орқали эфирга узатилган “Муносабат”, “Тилга эътибор” кўрсатувларини тайёрлашда самарали фойдаланилган (Ўзбекистон телерадиокомпания-сининг 2020 йил 27 февралдаги 01-35-458-сон маълумотномаси). Натижада ушбу телекўрсатувларнинг мазмуни илмий далиллар билан бойитилган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish