Sayt test rejimida ishlamoqda

Мунавваров Бурхонжон Абдужалиловичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сурункали буйрак касаллиги билан оғриган беморларда гипоазотемик дори воситаларини қўллаш билан даволашни муқобиллаштириш» 14.00.05 – Ички касалликлар (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.PhD/Tib745.
Илмий раҳбар: Сабиров Максуд Атабаевич, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат стоматология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.04/30.12.2019.Tib.30.02.
Расмий оппонентлар: Каримов Мирвосит Мирвосиқович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Жаббаров Озимбай Отаханович, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: сурункали буйрак касаллигининг диализ олди босқичларида баъзи клиник-патогенетик мезонларни баҳолаш ва уларга гипоазотемик дори воситаларининг самарадорлигини турли босқичларида таққослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сурункали буйрак касаллигининг турли босқичларида буйрак фаолияти кўрсаткичлари, яъни қонда мочевина, креатинин ва улар асосида хисобланган коптокчалар фильтрациясии тезлиги ҳамда липид спектри каби лаборатор, шунингдек, беморларнинг руҳий ҳолати ва ҳаёт сифати кўрсаткичларни баҳолаш каби субъектив мезонлар билан таққосланиб улар орасида узвий боғлиқлик борлиги исботланган; 
сурункали буйрак касаллиги билан хасталанган беморларда юртимизда ўсувчи “шаир” ўсимлигидан ажратиб олинган (лютеолин–7–О–в–D–глюкопиранозид), флавоноидлар гуруҳига мансуб гипоазотемик дори воситаси сифатида нефроцизин препаратини самардорлиги асосланган;
сурункали буйрак касаллигининг турли босқичларида нефроцизиннинг буйрак фаолиятига, липид спектри кўрсаткичларига ҳамда беморларнинг руҳий ҳолати ва ҳаёт сифати кўрсаткичларига ижобий таъсири исботланган;
сурункали буйрак касаллиги мавжуд беморларни диализ олди даврларида биофлавоноидлар сарасига кирувчи гипоазотемик препарат нефроцизин билан даволаш унинг самарасида уремик интоксикацияни камайтириш натижасида беморларни диализгача бўлган даврини узайтиришга, яъни диализга муҳтож беморлар сони камайиши исботланган;
сурункали буйрак касаллигининг турли босқичларида азотемия ҳолати, кечиши, липид спектри кўтсаткичлари билан ташхислаш ва гипоазотемик дори воситаларининг таққослама кузатув асосида уларнинг самарадорлигини, беморларнинг руҳий ҳолати ва ҳаёт сифатига таъсирини баҳолаш каби бир қатор объектив ва субъектив асосларни номутаносиблигини мувофиқлаштирган ҳолда гипоазотемик препаратларни қўлланилиши муқобиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Сурункали буйрак касаллиги билан оғриган беморларда гипоазатемик дори воситаларни қўллаш билан даволашни муқобиллаштириш бўйича олинган натижалар асосида:
«Сурункали буйрак касаллигининг диализ олди босқичларида гипоазотемик терапиянинг самарадорлигини баҳолаш» услубий тавсияномаси ишлаб чиқилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 22 июлдаги 8н-д/252-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома нефрология ва терапияда ташхис қўйиш ва комплекс даволашда гипоазотемик препаратлардан фойдаланиш орқали касалликларда азотемияни камайтириш имконини берган;
«Сурункали буйрак касаллигида гипоазотемик терапиянинг липид спектри кўрсаткичларига таъсири» услубий тавсияномаси ишлаб чиқилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 22 июлдаги 8н-д/254-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома нефрология ва терапияда СБКга ташхис қўйиш ва комплекс даволашда дислипидемияни мувофиқлаштириш орқали касаллик асоратларини камайтириш имконини берган;
Сурункали буйрак касаллиги билан оғриган беморларда гипоазатемик дори воситаларни қўллаш билан даволашни муқобиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникаси,  республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий амалий тиббиёт маркази ва Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази амалиётига тадбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 19 ноябрдаги 8н-з/157-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши сурункали буйрак касаллигини клиник кечиши ва уни комплекс даволашда сурункали буйрак етишмовчилигини авж олиб ривожланишини секинлаштириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish