Sayt test rejimida ishlamoqda

Абуев Ҳусан Одиловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Совет ҳокимиятининг қайта қуриш сиёсати ва унинг Ўзбекистонга таъсири (1985-1991 йй.)», 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.3.PhD/Tar.296.
Илмийраҳбар: Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич, тарих фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Ерметов АвазАбдуллаевич, тарих фанлари доктори; Джўраева Нилуфар Далибаевна, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчиташкилот: Наманган давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 1985-1991 йилларда совет ҳокимиятининг қайта қуриш сиёсати ва унинг Ўзбекистонга таъсирини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ХХ асрнинг 80 йиллари ўрталаридан собиқ совет ҳокимиятидаги ўзгаришлар сабаб янгича сиёсатнинг олиб борилиши жараёнида Ўзбекистондаги иқтисодий, ижтимоий ва маънавий ривожланишда маҳаллий халқлар манфаати инобатга олинмаганлиги, минтақа хомашё базаси сифатида янада мустаҳкамланганлиги, бир томонлама иқтисодиёт шакллантирилиши оқибатида қишлоқ хўжалиги ва бир қанча соҳаларда меҳнат унумдорлиги ҳамда аҳолининг ижтимоий турмуш даражаси паст кўрсаткичда қолишига олиб келганлиги исботланган; 
марказдан ҳадиксираш, миллий манфаатларни ҳимоя қила олмаслик, миллий қадриятларни оёқ ости қилиш, маҳаллий бошқарувда четдан кадрларни жалб қилиш, лавозимни сақлаб қолиш ва бундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши оқибатида янги кўринишдаги қатағонликнинг юзага келганлиги очиб берилган;
собиқ совет жамияти ҳақиқатдан тубдан ислоҳ қилиниши шарт эканлиги, лекин танланган қайта қуриш сиёсати ташаббускорлари олиб борган бу йўл жамиятда ошкоралик ва демократиянинг бир кўриниши сифатида намоён бўлиб, бу орқали коммунистик элита ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш ниятида совет жамиятининг муқаррар таназзулини намоён қилган ҳолда унинг парчаланишига олиб келганлиги асосланган;
Ўзбекистонда мазкур даврда ташкил этилган сиёсий партиялар ва ҳаракатлар миллий манфаатларни илгари сурган ҳолда ҳокимият тепасида турган коммунистик партократия ва совет давлати вакилларидан фарқли равишда маҳаллий халқ хоҳиш-иродасини ҳимоя қилиб майдонга чиққанлиги очиб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
1985 – 1991 йилларда совет ҳокимиятининг қайта қуриш сиёсати ва унинг Ўзбекистонга таъсири мавзусига оид ишлаб чиқилган илмий хулосалар ва таклифлар асосида:
ХХ асрнинг 80 йиллари ўрталаридан собиқ совет ҳокимиятидаги ўзгаришлар, янгича сиёсатнинг олиб борилиши жараёни, Ўзбекистондаги иқтисодий, ижтимоий ва маънавий ривожланиш, минтақа хомашё базаси сифатида янада мустаҳкамланиши ва бир томонлама иқтисодиёт шакллантирилишининг қишлоқ хўжалиги ва бир қанча соҳаларга таъсири масалаларига доир материаллардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O`zbekiston” телеканалидаги “Ибратга йўғрилган умр”, “Тилга эътибор”, “Тил – миллат кўзгуси” каби кўрсатувларнинг сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (“O`zbekiston” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 02-13-1935-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг жорий қилиниши совет тузуми даврининг сўнгги йилларида ўзбек халқининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий аҳволи ҳақида объектив маълумотлар етказиб беришга хизмат қилган;
Ўзбекистонда совет ҳокимиятининг қайта қуриш йилларида маданий, иқтисодий, ижтимоий соҳада юзага келган муаммолар, уларнинг ечимлари ва натижаларини акс эттирувчи материаллардан Навоий вилояти тарихи ва маданияти музейи экспозицияларини қайта ташкил қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2019 йил 12 ноябрдаги 01-12-10-5655-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот материалларининг музей экспозицияларига жорий этилиши маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қайта қуриш сиёсати ҳамда унинг Ўзбекистонга таъсирини манбалар асосида кўрсатиб бериш имконини берган;
Собиқ совет жамиятида бошланган қайта қуриш сиёсати, жамиятда ошкоралик ва демократик ўзгаришларнинг содир бўлиши, совет жамиятининг таназзулга юз тутиши каби илмий натижалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида бажарилган ИФА-2012-1-4-сонли “Ўзбекистоннинг совет давридаги тарихи (1917-1991 йиллар). 2-жилд” лойиҳаси доирасида тайёрланган “Ўзбекистон тарихи (1917-1991 йиллар)” номли академик нашрда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 15 ноябрдаги 89-03-44-42-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши совет ҳокимиятининг қайта қуриш сиёсати алоҳида мавзу сифатида ёритилиб Ўзбекистоннинг мустақиллиги арафасидаги тарихини ёритишда илмий маълумотлар билан бойитиш ва такомиллаштиришга хизмат қилган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish