Sayt test rejimida ishlamoqda

Исматуллаев Абдуманнаб Турсунбаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): XIX аср охири XX аср бошларида Туркистон ҳудудида яратилган тажвид илмига оид манбалар, 24.00.02 – Қуръоншунослик. Ҳадисшунослик (тарих фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/Isl.5.
Илмий раҳбар: Уватов Убайдулла Муродович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.35/30.12.2019.Isl/Tar/F.57.01.
Расмий оппонентлар: Содиқов Қосимжон Позилович, филология фанлари доктори, профессор., Умаров Шукурилло Хурсандмуродович тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистон ўлкасида яратилган тажвид илмига оид манбаларнинг аҳамиятини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўрта асрларда Мовароуннаҳрда Қуръон қироати илми кенг тараққий этгани, ҳудуддан етти хил қироатда чуқур билимларга эга Ҳофиз Дўстмуҳаммад, Ҳофиз Бадриддин Бухорий, Ёрмуҳаммад Самарқандий сингари етук олимлар етишиб чиққани, уларнинг “Қавоид ал-Қуръон”, “Дурра ал-фарид”, “Мажмаъ ал-ажойиб” номли асарлари Марказий Осиё минтақасида асосий дарслик сифатида кенг фойдаланилгани исботланган;
ислом оламида шуҳрат қозонган етти қироатни ўргатишга ихтисослашган «шотибийхона» махсус мактаблари XIX аср охирида Туркистонда фаолият олиб боргани, Бухорода жойлашган бундай машҳур мактаблардан бирида Абдуллоҳ хожа Аълам Бухорий ва Фахриддин Бухорийдек қироат илмининг етук намояндалари дарс бергани манбалар асосида аниқланган;
«Ҳирз ал-амоний» асари нафақат минтақада, балки мусулмон оламида ҳам қироат илмидаги муҳим қўлланмалардан бири ҳисобланиб, унинг 1914 йилда Тошкентда учта шарҳи билан бирга нашр қилинган 200 ададдаги нусхаси муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига мутахассис ва талабалар фойдаланишлари учун махсус юборилгани қўлёзма манбалар асосида далилланган; 
XIX асрда Марказий Осиё мадрасаларида машҳур бўлган «Назм ал-қавоид» асарининг муаллифи ва ёзилиш даври манбаларда турлича кўрсатилишига қарамай, унинг исми Муҳаммад Зоҳид Ҳаравий, ёзилган даври XVII аср охири экани, XIX аср бошида эса, “Манзума ал-қавоид” номи билан туркий тилга шеърий таржима қилингани қўлёзмалар асосида исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистон ҳудудида яратилган тажвид илмига оид манбалар таҳлили бўйича тадқиқотнинг илмий натижалари асосида:
Ўрта асрларда Мовароуннаҳрда Қуръон қироати илми кенг тараққий этгани, ҳудуддан етти хил қироатда чуқур билимларга эга Маъсумхожа Кеший, Ҳофиз Дўстмуҳаммад, Ҳофиз Бадриддин Бухорий, Ёрмуҳаммад Самарқандий каби етук олимлар етишиб чиққани, уларнинг “Қавоид ал-Қуръон”, “Дурра ал-фарид”, “Мажмаъ ал-ажойиб” асарлари Марказий Осиё минтақасида асосий дарслик сифатида ўқитилгани тўғрисидаги илмий хулосалар буюртма асосида «Абдулвоҳид қори Абдуррауф ўғли. Возиҳ ат-тажвид» номли китоб мазмунига сингдирилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 16 октябрдаги 5177-сон маълумотномаси). Натижада, тўғри ўқиш ва талаффуз қилиш борасидаги назарий маълумотлар бойитилган ҳамда етук олимлар ҳақида билимлар шакллантирилган;
Ислом оламида машҳур етти қироатни ўргатишга ихтисослашган «шотибийхона» номли махсус мактаблар XIX аср охирида Туркистонда фаолият олиб боргани, Бухорода жойлашган бундай мактаблардан бирида Абдуллоҳ хожа Аълам Бухорий ва Фахриддин Бухорий сингари маҳаллий олимлар дарс бергани тўғрисидаги хулоса ва тавсиялардан Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари учун буюртма асосида Қуръон қироати ва тажвид фанларидан «Мовароуннаҳрда тажвид илмининг тараққиёти», «Қироат илми билан шуғулланган олимлар ҳаёти ва ижоди» номли мавзулар ҳамда «Қироат ва тажвид фанидан қўлланма» номли дарслик мазмунига сингдирилган. (Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг 2020 йил 06 ноябрдаги 2192-сон маълумотномаси). Натижада, ёшларнинг қироат ва тажвид бўйича билимлар бойитилиб, уларнинг ушбу фанларни мустаҳкам ўзлаштиришига таъсир этган;
«Ҳирз ал-амоний» асари нафақат минтақада, балки мусулмон оламида ҳам қироат илмидаги муҳим қўлланмалардан бири бўлиб, 1914 йилда Тошкентда учта шарҳ билан бирга нашр қилинган 200 ададдаги нусхаси муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига мутахассис ва талабалар ўрганишлари учун махсус юборилганига доир хулосалар буюртма асосида «Бухоро таълим тизими тарихи» китоби мазмунига сингдирилган (Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг 2020 йил 5 ноябрдаги 316/20 сонли маълумотномаси). Натижада, кенг жамоатчиликни юртимиз бой маданий-маърифий тарихи билан таништиришга эришилган;
XIX асрда Марказий Осиё мадрасаларида машҳур бўлган «Назм ал-қавоид» асарининг муаллифи ва ёзилиш даври манбаларда турлича кўрсатилишига қарамай, унинг исми Муҳаммад Зоҳид Ҳаравий, ёзилиш даври XVII аср охири экани, XIX аср бошида эса, «Манзума ал-қавоид» номи билан туркий тилга шеърий таржима қилингани ҳақидаги маълумотлар буюртма асосида «Буюк юрт алломалари» китоби мазмунига сингдирилган (Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2020 йил 18 ноябрдаги 03-26/21- сонли маълумотномаси). Натижада илмий-маданий жамоатчилик, хусусан, ёшларни соҳага оид маълумотлардан кенг хабардор этиш ва соҳа ходимларининг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish