Sayt test rejimida ishlamoqda

Иброҳимов Жамшид Абдуғофур ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Терроризм билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатлари», 12.00.08 – Жиноят ҳуқуқи. Криминология. Жиноят-ижроия ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.PhD/Yu264.
Илмий раҳбар: Закирова Адина Гулямновна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.31/30.12.2019.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Тахиров Фарход, юридик фанлар доктори, профессор; Турғунбоев Элбек Одилжонович, юридик фанлар номзоди.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат юридик университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади терроризм билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатларини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
терроризм билан боғлиқ жиноятларни дифференциация қилиш, шу жумладан, терроризмни молиялаштириш жиноятининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ушбу қилмиш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилаш зарурати асослантириб берилган;
бириктирилган ҳудудда фаолиятини амалга оширувчи ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бир марталик пул мукофоти тарзидаги иқтисодий таъсир чораларини қўллашда тегишли ҳудуддаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 155-моддасида (терроризм) назарда тутилган жиноятларнинг содир этилиш ҳолатини фаолиятни баҳолаш мезонлари сифатида белгилаш зарурати асосланган;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика ва ҳудудий идоралараро комиссияларга фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштирокини рағбатлантириш бўйича тақдимнома киритиш орқали уларни мазкур жараёнга кенг жалб этиш тизимини йўлга қўйиш мумкинлиги исботланган;
террорчилик ҳаракати тўғрисида қасддан ёлғон хабар бериш, террорчилик ташкилотини ташкил этиш ёки унга аъзо бўлиш, терроризмни оқлаш ёки террористик ҳаракатлар содир этишга даъват қилиш учун жиноий жавобгарлик белгилаш зарурати асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўзбекистон Республикасида терроризм билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
терроризм билан боғлиқ жиноятларни дифференциация қилиш, шу жумладан, терроризмни молиялаштириш жиноятининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу қилмиш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилашга оид таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-405-сон Қонунининг учинчи моддаси еттинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 18 февралдаги 3-сон маълумотномаси). Терроризмни молиялаштириш учун жиноий жавобгарликнинг алоҳида моддада белгиланиши Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилиги нормаларининг халқаро стандартларга мувофиқлаштирилишига хизмат қилган;
бириктирилган ҳудудда фаолиятини амалга оширувчи ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бир марталик пул мукофоти тарзидаги иқтисодий таъсир чораларини қўллашда тегишли ҳудуддаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 155-моддасида (терроризм) назарда тутилган жиноятларнинг содир этилиш ҳолатини фаолиятни баҳолаш мезонлари сифатида белгилашга доир таклифдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 февралдаги 137-сон қарори билан тасдиқланган Бириктирилган ҳудудда фаолиятини амалга оширувчи профилактика инспекторлари ва тезкор ходимларга нисбатан бир марталик пул мукофоти тарзидаги иқтисодий таъсир чораларини қўллаш мезонларининг олтинчи ва ўн учинчи бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 февралдаги 12/18-6-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг инобатга олиниши ички ишлар органларининг терроризмга қарши курашиш фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилган;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика ва ҳудудий идоралараро комиссияларга фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштирокини рағбатлантириш бўйича тақдимнома киритиш тартибини жорий этишга доир таклифдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарори билан тасдиқланган «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги низомнинг тўртинчи бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 февралдаги 12/18-6-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий этилиши ҳуқуқбузарликларни, жумладан, терроризм билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш амалиёти самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
террорчилик ҳаракати тўғрисида қасддан ёлғон хабар бериш, террорчилик ташкилотини ташкил этиш ёки унга аъзо бўлиш, терроризмни оқлаш ёки террористик ҳаракатлар содир этишга даъват қилиш учун жиноий жавобгарлик белгилашга доир таклифдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3723-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида тайёрланган янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳасининг 192, 193 ва 194-моддаларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармасининг 2020 йил 10 сентябрдаги 27/19-2-20-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг амалиётга жорий этилиши терроризм билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликни дифференциация қилишга, террорчилик ҳаракати тўғрисида қасддан ёлғон хабар бериш, террорчилик ташкилотини ташкил этиш ёки унга аъзо бўлиш, терроризмни оқлаш ёки террористик ҳаракатлар содир этишга даъват қилишни жиноий жавобгарлик доирасига киритиш орқали уларга қарши курашишнинг жиноят-ҳуқуқий воситаларини такомиллаштиришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish