Sayt test rejimida ishlamoqda

Хусанов Алижон Каримовичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Тенгқанотли-хартумли ҳашаротлар (Insecta: Homoptera)нинг “паразит-ҳўжайин” тизимидаги морфо-экологик адаптацияси, озуқа ўсимлигига ихтисосланиши ва коэволюцияси», 03.00.06 – Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.4.DSc/B108.
Илмий маслаҳатчи: [Ахмедов Мадаминбек Хотамович], биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Зоология институти, DSc.02/30.12.2019.В.52.01.
Расмий оппонентлар: Абдуллаев Икром Искандарович, биология фанлари доктори, профессор; Зувайд Иззатуллаев, биология фанлари доктори, профессор; Хуррамов Алишер Шукурович, биология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тенгқанотли-хартумли ҳашаротларнинг “паразит-ҳўжайин” тизимидаги морфо-экологик адаптациялари, озуқа ўсимлигига ихтисосланишининг асосий йўналишларини аниқлаш ва коэволюциясининг ўзига хос хусусиятларини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк бор Шарқий Фарғонанинг тенгқанотли-хартумли ҳашаротлари фаунасининг 5 кенжа туркум, 24 оила, 137 уруғга мансуб 305 тур ва 6 та кенжа турларининг таксономик каталоги тузилган, шулардан 123 турлар тадқиқот ҳудуди аниқланган;
илк бор тенгқанотли-хартумли ҳашаротларнинг “паразит-ҳўжайин” тизимида озуқа ўсимлигига ихтисосланиши ва асосий йўналишлари ҳамда экологик таснифланиб, “паразит-ҳўжайин” тизимида 7 та йўналишдаги экологик адаптациялар аниқланган;
экологик талаб даражаси яқин бўлган турлар экологик токчалари параметрларининг қисман ёки устма-уст тушиш ҳолати трансгрессия асосида аниқланган, трансгрессия кўрсаткичи ва унинг экологик моҳияти очиб берилган;
тенгқанотли-хартумли ҳашаротларнинг пассив ҳимоя воситалари - танасининг ранги, мум ажратмалари хилма хиллиги экологик асосланган, аҳамияти ва таксономик гуруҳларда тадрижий-эволюцион ўзгаришлари йўналишлари аниқланган;
тенгқанотли-хартумли ҳашаротларнинг озуқа ўсимлигига ихтисосланиши ва ундан фойдаланишида чумолилар билан бўлган трофобиоз муносабатларнинг экологик аҳамияти очиб берилган, айни ҳашаротларнинг таснифий гуруҳларида “шира” ажратиш жадаллилиги ва даражалари қиёсий таҳлил этилиб, ишончлилик чегаралари аниқланган;
ўсимликларни тенгқанотли-хартумли ҳашаротлар “шира” суюқлиги билан ифлосланиш даражаси ва ҳолатини 4 баллик кўрсаткич асосида баҳолаш тизими ишлаб чиқилган;
илк бор тенгқанотли-хартумли ҳашаротларнинг “паразит-ҳўжайин” тизимидаги коэволюциясининг ўзига хос хусусиятлари ва йўналишлари очиб берилган;
адвентив турларнинг энтомоценозга кириб келиши ва уларнинг озуқа занжиридаги аҳамияти асосланган; 
интенсив олма боғларининг тенгқанотли-хартумли ҳашаротларига қарши кураш чораларини ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Тенгқанотли-хартумли ҳашаротлар (Insecta: Homoptera)нинг “паразит-ҳўжайин” тизимидаги морфо-экологик адаптацияси, озуқа ўсимлигига ихтисосланиши ва коэволюцияси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Шарқий Фарғона ҳудудида тарқалган Aphidinea кенжа туркумининг Phloemyzidae (1 уруғ ва 1 тур), Anoeciidae (1 уруғ ва 2 тур), Chaitophoridae (5 уруғ ва 10 тур), Drepanosiphidae (5 уруғ ва 6 тур), Lachnidae (8 уруғ ва 24 тур), Pemphigidae (10 уруғ ва 28 тур), Aphididae (47 уруғ ва 133 тур) оилаларининг 200 тур ва 4 кенжа турга мансуб - 204 нусха тотал препарат намуналари Республикада етакчи бўлган “Зоология коллекцияси” ноёб обьектига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 12 сентябрдаги 4/1255-2434-сон маълумотномаси). Натижада, намуналар ҳашаротлар коллекцияси фондини бойитган ва турлар хилма-хиллигини анқлаш ҳамда электрон маълумотлар базасини яратиш имконини берган;
интенсив боғларда экологик тоза маҳсулотларни етиштиришда зараркунандаларга қарши курашнинг самарали усулларини қўллаш мақсадида ишлаб чиқилган "Интенсив боғ зараркунандаларини аниқлаш ва уларга қарши курашни ташкил этиш" тавсияномаси Андижон давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги "Шерқўрғон", "Луғумбек" ва "Ойим" ўрмон участкаларида, Асака туманидаги "Автосаноат агро" ва Булоқ-боши туманидаги "Даврон агросаноат" МЧЖларга қарашли жами 1850 гектар майдондаги интенсив боғларига ва Андижон вилояти ўсимликлар карантини давлат инспекциясига амалиётига жорий этилган (Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг 2019 йил 17 декабрдаги 3-23/2626-сон маълумотномаси). Натижада, интенсив боғларда экологик тоза маҳсулотлар етиштиришда зараркунандаларга қарши курашнинг самарали усулларини қўллаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган, бунда кимёвий заҳарларни ишлатиш миқдори кескин камайиб, интенсив боғларнинг ҳосилдорлигини ошириш имконини берган;
интенсив олма боғлари энтомокомплекслари ва агроценозларининг шаклланиш хусусиятлари, олмазорларни тенгқанотли-хартумли ҳашаротлардан ҳимоя қилиш юзасидан ишлаб чиқилган тавсиялар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2019 йил 8 октябрдаги 03-03/1-3691-сон маълумотномаси). Натижада, республика ҳудудига тенгқанотли-хартумли ҳашаротларнинг хавфли турларини четдан кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш, уларга қарши уйғунлашган кураш усулларини ишлаб чиқиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish