Sayt test rejimida ishlamoqda

Машарипова Тамара Жолдасбаевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Публицистика назариясининг яхлит концепцияси (илмий-методологик таҳлил, Қорақалпоғистон Республикаси матбуоти материаллари мисолида)», 10.00.09 – Журналистика (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:B2020.4.DSc/Fil248.
Илмий маслаҳатчи: Мўминов Файзулла Абдуллаевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.20.01.
Расмий оппонентлар: Худойқулов Мухтор, филология фанлари доктори, профессор; Пирниязова Алима Қудияровна, филология фанлари доктори; Қудайберген Турсин, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбек давлат жаҳон тиллари университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ҳозирги қорақалпоқ журналистикасидаги публицистика назариясининг яхлит концепциясини аниқлаш ва унинг назарий категорияларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
публицистиканинг «ижод тури» ва «махсус услубда бажарилган матнлар» маъноларидан ташқари дефинициянинг аудитория учун муҳим бўлган «публицистик асар яратиш механизми» ва публицистикани тўртинчи ҳокимият мавқеига етказадиган «ижтимоий институт» тушунчаларига ҳам эга эканлиги исботланган;
публицистиканинг субъекти ва предмети тадқиқ қилинган ва ушбу икки муҳим назарий категорияларга одамлар ўртасидаги ижтимоий муносабатлар, турмушнинг ишлаб чиқаришга оид, иқтисодий, илмий, ахлоқ-одобга тааллуқли жиҳатлари аниқланган;
ижтимоий-сиёсий ҳамда маданий-маърифий фаолият сифатидаги публицистиканинг ташкилий қисмлари, умумий ва хусусий методлари тадқиқ қилинган;
публицистик матннинг интерматн, спатиумматн ҳамда хрономатндан иборат эканлиги аниқланган;
публицистиканинг контактли, когнитив, намойишкороналик, экспрессивлик, аксиологик ва ташкилотчилик-сафарбар этувчилик функциялари тизими тавсифлаанган;
публицистиканинг оммавийлик, фуқаровийлик, гуманизм, илмийлик, объективлик, шахсиятлилик ва ахлоқийлик каби асосий принциплари ишлаб чиқилган;
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Публицистика назариясининг яхлит концепцияси ишлаб чиқиш бўйича олинган натижалар асосида:
публицистика назариясининг яхлит концепцияси тўғрисидаги замонавий илмий қарашлари ва хулосалари, публицистикани тадқиқ қилишдаги янгича ёндашувларидан Қорақалпоғистон Республикаси оммавий ахборот воситалари, босма нашрлар ва нашриётлар фаолиятининг сифат жиҳатдан яхшиланишига асос бўлган (Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасининг 2020 йил 28 сентябрдаги БК-01-246-сон маълумотномаси). Натижада публицистиканинг аввалдан маълум иккита тушунчасидан ташқари «публицистик асар яратиш механизми» ва «ижтимоий институт» маъноларида талқин этиш орқали матбуот ва нашриётнинг жамиятдаги ўрнини кенгроқ тушунишга, соҳанинг ривожланишига оид билимларни такомиллаштиришга хизмат қилган; 
публицистиканинг умумий ҳамда хусусий методлари, ижтимоий коммуникациялар, бадиий адабиёт, мафкура ҳамда журналистика ва публицистика принциплари, публицистика субъекти ва предмети, ахборот етказиб бериш каналларининг ўзига хос хусусиятларига оид назарий ва илмий хулосалари таълим муассасаларида чуқурлаштирилиб ўқитиладиган фанлар бўйича ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларининг давлат таълим стандартлари талабларига жавоб берадиган даражада қайд қилинган ва умумтаълим мактаблари 10- ва 11- синф ўқувчиларининг таълим-тарбия ва тўгарак ишлари дарсларини ўтишда илмий-амалий манба сифатида фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасининг 2016 йил 30 январдаги АА-01/4708-сон, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 26 сентябрдаги 01-01/10-2599-сон маълумотномалари). Натижада мактаб ўқувчиларининг ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбияланишида, миллий ўзликни англашида назарий асос бўлган;
диссертация иши натижаларидан Бердақ Миллий музейида қорақалпоқ мумтоз шоирлари ҳаёти ва ижодиёти бўйича кўргазмали, экскурс дарсларини ўтишда ва илмий-амалий анжуманларда маъруза шаклида қўлланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 28 сентябрдаги №2-02/1135-сон маълумотномаси). Натижада адиблар ижодида публицистик пафос ва публицистик руҳни кўрсатиш, йирик асарларидаги публицистик унсурларни аниқлаш, поэтик хусусиятларини очиб бериш имконияти яратилган;
публицистик матн интерматн, спатиумматн ва хрономатндан иборатлиги, генетик диалог сифатидаги кўринишларидаги ўзига хос хусусиятларига оид тавсияларидан Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг “Хабар”, “Ассалаўма әлейкум, Қарақалпақстан”, “Айқулақ”, “Балалықты еслеп”, “Туўылған жер сағынышы”, «Әдебий портрет», “Мүнәсибет”, “Жаслар ушын”, “7-студия”, “Еркин пикир”, «Гәўҳар сөзлер», “Қайырлы таң”, «Яднама», “Аўыл турмысы”, «Әдебият ҳәм дәўир», «Сөнбес жулдызлар», «Изленис» кўрсатувлари ва эшиттиришлари орқали кенг оммага тарғиб этилган (Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг 2017 йил 20 январдаги 01-02/29- сон,  2020 йил 23 сентябрдаги 01-02/186-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувлар мазмун-мундарижасининг илмий-оммабоплиги таъминланган ҳамда янги манбалар билан бойиган; 
публицистиканинг контактли, когнитив, намойишкороналик, экспрессивлик, аксиологик ва ташкилотчилик-сафарбар этувчилик функциялари тизимига доир хулосалардан «Ақмаңғыт таңы» газетасида бажарилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоавий фондининг «Очиқлиқ – демократия гарови» номидаги лойиҳада фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасининг 2020 йил 28 сентябрдаги БК-01-246-сон маълумотномаси). Натижада публицистикани ижтимоий институт сифатида талқин этиш орқали журналистиканинг жамиятдаги ўрнини кенгроқ тушунишга, соҳанинг ривожланишига оид билимларни такомиллаштиришга  асос бўлган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish