Sayt test rejimida ishlamoqda

Кадирова Наргиза Арифовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жаҳон адиблари ижодида эврилиш мотиви (муштараклик ва индивидуаллик)», 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Fil860.
Илмий раҳбар: Ўраева Дармон Саидахмедовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.72.03.
Расмий оппонентлар: Кахарова Ирода Сидиковна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD); Холмуратов Абдухамид, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: жаҳон адиблари ижодида эврилиш мотивининг ўрни, тарихий-фольклорий илдизлари, бадиий эволюцияси, қўлланилишидаги муштараклик ва индивидуаллик, поэтик-композицион хусусиятларини аниқлашдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
жаҳон адабиётининг антик, уйғониш, романтизм, модернизм каби босқичларида адибларнинг эврилиш мотивидан фойдаланишдаги бадиий маҳоратига хос такомил белгилари, услубий индивидуаллик ҳамда умумийлик, эътиқодий ишончлари жиҳатидан муштарак бадиий кўриниш ва вазифаларда намоён бўлиш хусусиятлари аниқланган;
жаҳон ёзма адабиётида эврилиш мотивидан фойдаланишнинг тарихий-фольклорий, ижтимоий-психологик, бадиий-эстетик тамойиллари ушбу мотивга хос эзгулик, тўғрилик, катталарни ҳурмат қилиш, меҳнатсеварлик, илм ўрганишга интилишни тарғиб қилиш, ёвузликни қоралаш каби тарбиявий мақсадда яратилишига доир универсалияларнинг парадигмалари асосланган;
фольклор ва ёзма адабиётда инсоннинг антроморф қиёфадан зооморф қиёфага, табиат ҳодисасига, осмон жисмига эврилишида сеҳр-жоду, инсон ҳис-кечинмалари, ижтимоий турмушида жазолаш, ўч олиш, қарғишга учраш, қизиқувчанлик, фош этиш, ўз кашфиётидан шахсий бойишга интилиш мотивларининг устуворлиги исботланган; 
жаҳон ва ўзбек ижодкорлари бадиий асарларида эврилиш мотивининг магик, ижтимоий, руҳий табиатли ўзига хос поэтик, структурал ва функционал кўринишларининг поэтик бирлик сифатида инсон қисматини идрок этиш шакли эканлиги ва эврилиш ҳодисаси маъбудлар, шайтон, жин, ажина ва алвастилар каби демонологик кучлар, оддий ёки олим инсонлар томонидан воқелантирилиши далилланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Жаҳон адиблари ижодида эврилиш мотивининг ўрни, генезиси, поэтик хусусиятлари ва вазифаларини аниқлаш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
дунё адабиёти контекстида ўзбек адабиётини ўрганиш, унда Шарқу Ғарб фольклори ва ёзма адабиёти муносабати, адабий алоқа ва таъсир, анъаналар бадиий синтези, қадимий мотивларнинг поэтик янгиланиш тамойиллари, хусусан, инглиззабон ва ўзбек ижодкорларининг эврилиш мотивини қўллашдаги типологик ва специфик хосликлар билан боғлиқ хулосалардан Ф-1-06 “Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези” мавзусида бажарилган фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 5 декабрдаги 89-06-65-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек адабиётига фольклордан ўтган баъзи анъанавий мотивларнинг табиати, вазифаси жиҳатидан жаҳон фольклори ва адабиётидаги айрим мотивлар билан муштараклик касб этиши, дунё халқлари адабиёти анъаналарининг ўзбек адабиётида ҳам синтезлаштирилганлиги юзасидан хулосалар чиқариш имконини берган;
жаҳон адабиётида эврилиш мотивининг келиб чиқиш тарихий-фольклорий асослари, ўзига хос хусусиятлари ва кўринишлари, антик адабиётдан то ҳозиргача бўлган бадиий-тадрижий такомили, ғоявий-композицион, бадиий-эстетик вазифаларига доир хулоса ва тавсиялардан Бухоро давлат университети ўқув жараёнида, жумладан, сиртқи ва махсус сиртқи таълим шаклларида талабаларни ўқитиш учун мўлжалланган “Инглиз тили” ўқув қўлланмасини тайёрлашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 5 декабрдаги 89-06-65-сон маълумотномаси). Натижада олий таълимда сиртқи ўқитишнинг илмий-методик самарадорлигини оширишга кўмак берган; 
фольклор ва ёзма адабиётда анъанавийлик, уларда бадиийлик тамойилларининг қўлланишига доир хулосалардан Бухоро вилоят телерадиокомпаниясининг “Ассалом, Бухоро”, “Саккизинчи мўъжиза” каби туркум кўрсатувлари сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Бухоро вилоят телерадиокомпаниясининг 2019 йил 21 ноябрдаги 1/416-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинларнинг китобхонликка қизиқишини оширишга, уларнинг бадиий асарларда фольклор ва ёзма адабиёт анъанавийлиги, синтези бўйича илмий тасаввур-тушунчаларини бойитишга, шунингдек, ушбу телекўрсатув учун тайёрланган материаллар мазмунининг мукаммаллашувига, илмий далилларга бой бўлишига, кўрсатувнинг илмий-оммабоплиги таъминланишига эришилган;
эврилиш мотивини бадиий вазифаларига кўра таснифлашнинг янги усуллари билан боғлиқ хулосалардан Истанбул университети таълим жараёнида, яъни турк ҳамда чет эллик талабаларнинг жаҳон адиблари асарларида эврилиш мотивининг роли ҳақидаги билимларини бойитишда фойдаланилган (Истамбул университети ректори проф. доктор Маҳмуд Акнинг 2020 йилнинг 20 майдаги маълумотномаси). Натижада ўзбек ва хорижий романларига хос поэтик хусусиятларнинг умумий таҳлили, жаҳонга машҳур мутахассисларнинг бу борадаги мулоҳаза ва хулосалари изоҳи талабаларнинг эврилиш адабий ҳодисаси ҳақидаги назарий тушунчаларини бойитишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish