Sayt test rejimida ishlamoqda

Алтиев Раззоқ Саидовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Фирибгарликнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатлари», 12.00.08 – Жиноят ҳуқуқи. Криминология. Жиноят-ижроия ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.3.PhD/Yu201.
Илмий раҳбар: Очилов Ҳасан Рашидович, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/13.05.2020.Yu.22.03.
Расмий оппонентлар: Абдуқодиров Шерзод Ёқубжонович, юридик фанлар доктори, доцент; Ахмедова Гузалхон Уткуровна, юридик фанлар доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишнинг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатларини комплекс ўрганиш асосида аниқланган муаммоларнинг ечимини топиш ҳамда мазкур жиноятнинг олдини олишни такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жиноят қонунчилигида хизмат мавқеидан фойдаланиб ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-тарож қилиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиши зарурлиги асосланган; 
фирибгарлик жиноятини содир этиш натижасида жабрланувчига анча миқдорда зарар етказилган тақдирда мазкур қилмиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан квалификация қилиниши зарурлиги асослаб берилган;
фирибгарлик жинояти натижасида мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ нафақат мулкдордан, балки унинг вакилидан ҳам ўзлаштирилиши мумкинлиги асосланган;
алдов йўли билан компьютер техникаси воситалари ёрдамида манипуляция қилиш орқали талон-торож қилиш компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик сифатида баҳоланиши зарурлиги асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Фирибгарлик жиноятининг жиноят-ҳуқуқий ва криминологик жиҳатларини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
хизмат мавқеидан фойдаланиб ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-тарож қилишни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилаш зарурлиги тўғрисидаги таклиф ЖК 168-моддаси 3-қисмига ўзгартириш киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2020 йил 11 майдаги 06/1-05/1214-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган фирибгарликнинг дифференциациясига хизмат қилган;
ўзгалар мулкини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан анча миқдорда талон-тарож қилинишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида дифференциация қилиниши зарурлиги тўғрисидаги таклифдан Жиноят кодекси 168-моддаси 2-қисмига ўзгартириш киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2020 йил 11 майдаги 06/1-05/1214-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши фирибгарлик натижасида етказилган зарар миқдоридан келиб чиқиб, айбдорга адолатли жазо тайинлашга хизмат қилган;
фирибгарлик деганда ўзганинг мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ҳамда текин эгаллаш тушунилиши лозимлиги, шунингдек, мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ нафақат мулкдордан, балки унинг вакилидан ҳам ўзлаштирилиши мумкинлиги тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 35-сон қарорининг 3-бандига ўзгартириш киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2020 йил 9 октябрдаги 08/УМ-587-20-сон хати). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши қилмишни жиноят сифатида баҳолаш ва унга нисбатан жазо тайинлашда жиноят қонунининг қонунийлик ва инсонпарварлик принципларига риоя этилишига хизмат қилган;
молия, банк муассасалари, фондлар ва шу кабиларда бўлган мулкни алдов йўли билан компьютер техникаси воситалари ёрдамида манипуляция қилиш орқали талон-тарож қилиш компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик сифатида баҳоланиши лозимлиги тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 35-сон қарорининг 20-бандини янги таҳрирда қабул қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2020 йил 9 октябрдаги 08/УМ-587-20-сон хати). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, содир қилинган фирибгарликни тўғри квалификация қилинишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish