Sayt test rejimida ishlamoqda

Камилова Нодира Гайратовнанинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Хулқи оғишган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари тарбияланувчилари ресоциализациясининг психологик хусусиятлари”, 19.00.06 – Ёш ва педагогик психология. Ривожланиш психологияси (психология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Psi12.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат педгогика университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат педагогика университети, DSc.03/30.01.2020.P.26.02.
Расмий оппонентлар: Сафаев Нуриддин Салихович, психология фанлари доктори, профессор; Абдурасулов Рустам Абдураимович, психология фанлари доктори, доцент; Ахмедова Сорахон Толибжоновна, юридик фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий.
II. Тадқиқотнинг мақсади хулқи оғишган болалар учун ихтисослаштирилган муассасалар тарбияланувчиларини ресоциализациялаш жараёнини феномен сифатида тадқиқ этиш ва психологик-педагогик моделини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
махсус муассасалар тарбияланувчиларини ресоциализациялашнинг дастлабки босқичида ижтимоий мослашув ва ижтимоий компетентликнинг (когнитив, эмоционал, ахлоқий) ривожланмаганлиги уларнинг девиант хулқ-атвори ва  ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келувчи сабаб экани асосланган; 
вояга етмаганлар хулқининг оғишганлик даражасига баҳо бериш ва қайта мослашувнингиндивидуалтиклаш технологиясини танлаш,хулқий бузилишларнинг психологик профилактикасини ишлаб чиқиш имконини берувчи мезонлар (когнитив, шахсий-эмоционал, ахлоқий) асослаб берилган;
хулқи оғишган ўсмир ва ўспиринларнинг дисоциализациясининг (қадриятли-мазмунли, шахсий-эмоционал ва ахлоқий) омиллари шахс мослашув механизмларини шакллантириш ва ресоциализациясининг асосини ташкил этиши исботланган;
вояга етмаганлар рессоциализациялаш дастури самарадорлигининг асоси сифатида экзистенциал гуманистик стратегияга асосланган парадигмал ёндашувни амалиётга татбиқ этиш зарурлиги асослаб берилган;
феномен сифатида ресоциализация жараёни ва унинг таркибий элементлари (босқич ва механизмлари) “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси”нинг асоси эканлиги асосланган;
ресоциализациянинг ҳар бир босқичида тарбияланувчилар мослашувида сифат ўзгаришлар механизмлари (ҳаётий-мазмуний ориентация, қадриятли ориентациялар, эмоционал интеллект, конструктив “Мен-концепция”, фрустрацион толерантлик, назоратнинг интернал локуси) билан боғлиқликда рўй берадиган ижобий ўзгаришлар ёшлар ўртасида дисоциализация кўринишларининг қисқаришига хизмат қилиши далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши 
Девиант аҳлоқли болалар учун ихтисослаштирилган муассасалар тарбияланувчилари ресоциализациясининг педагогик-психологик хусусиятларини ўрганиш асосида:
махсус муассасаларда тарбияланувчилар ресоциализациясининг дастлабки босқичида ижтимоий мослашуви ва ижтимоий компетентликнинг (когнитив,эмоционал, ахлоқий)ривожланмаганлиги уларнинг тартиббузарлик ва  девиант хулқ-атворига олиб келувчи сабаблари билан боғлиқ таклифлар Республика болалар ижтимоий мослашув Марказининг 2020 йил 20 июнидаги 01/157-сонли буйруғи билан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳга кирадиган болаларнинг психологик реабилитациясини, жумладан, бирламчи ва иккиламчи профилактика фаолиятини такомиллаштириш” методикасига киритилган (Республика болалар ижтимоий мослашув Марказининг 2020 йил 20 июнидаги 01/157-сон маълумотномаси). Бу ўз навбатида вояга етмаган ҳуқуқбузарларнинг дезадаптация даражасини аниқлаш ва ички психологик ресурсларга таяниб, тарбияланувчини ресоциализациялаш ва мослаштиришнинг индивидуал технологиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, ёшлар хулқидаги бузилишларни психологик профилактикалаш имконини берадиган (когнитив, шахсий-ҳиссий, хулққа оид) мезонлар тизимини ишлаб чиқишга асос бўлди. Ушбу мезонларнинг инобатга олиниши ва РБИММ ишланмасига киритилиши реабилитация маркази ва унинг филиалларига мурожаат қилган вояга етмаган ҳуқуқбузарлар билан коррекцион фаолиятни манзилли (когнитив, шахсий-эмоционал, мотивацион-ахлоқий соҳаларни заифлашганига кўра) амалга ошириш орқали ресоциализация сифатини таъминлаган;
вояга етмаганлар хулқининг оғишганлик даражасига баҳо бериш ва қайта мослашувнинг индивидуал тиклаш технологиясини танлаш, хулқий бузилишларнинг психологик профилактикасини ишлаб чиқиш имконини берувчи (когнитив, шахсий-эмоционал, ахлоқий) мезонлар асосида яратилга ресоциализация модули Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2018 йил 12 июлидаги 01-16/249-сонбуйруғига асосан ҳуқуқбузарликни профилактика қилиш бўйича инспекторларнинг амалий фаолияти жараёнига жорий қилинган ва Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябридаги “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг илмий-услубий асосини ташкил этган. Хусусан, ушбу Қонуннинг (13, 14, 20, 21, 22, 23, 24-моддалари) меъёрларига мувофиқ қонунбузарликни профилактика қилишнинг асосий вазифалари сифатида амалиётга татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2018 йил 12 июлдаги 01-16/249-сонли маълумотномаси). Шу билан бир қаторда ишлаб чиқилган ва синовдан ўтказилган дастур ПЗ-20170928676 рақамли «Ўзбекистон уюшмаган ёшларида мафкуравий иммунитетни шакллантиришнинг илмий-амалий асосларини такомиллаштириш» (2018-2020 йй.) номли амалий лойиҳа доирасида тайёрланган “Ўзбекистон уюшмаган ёшларида маънавий онгни шакллантириш” номли услубий қўлланмага киритилган. Мазкур дастурнинг жорий этилиши натижасида ички ишлар профилактика инспекторлари томонидан бирламчи ва иккиламчи ҳуқуқбузарлик профилактикасининг самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарлик статистикасини қисқартиришга эришилган;
хулқи оғишган ўсмир ва ўспиринларнинг дисоциализациясининг (қадриятли-мазмунли, шахсий-эмоционал ва ахлоқий) омиллари шахс мослашув механизмларини шакллантириш ва ресоциализациясининг асосини ташкил этиши  билан боғлиқ таклифлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруғи билан нашрга тавсия этилган “Хулқи оғишган болалар психологияси” номли дарслигининг “Девиант ахлоқ интервенцияси” боби мазмунига сингдирилган ва Республика болалар ижтимоий мослашув Марказининг 2020 йил 20 июнидаги 01/157-сон буйруғи билан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳга кирадиган болаларнинг ижтимоий мослашмаганлиги ва хулқи оғишиш даражасини дифференциал психодиагностика ва психокоррекция қилиш” методикаси мазмунига сингдирилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 25 августдаги 418-сон буйруғига асосан берилган 1023-068-рақамли гувоҳнома ва Республика болалар ижтимоий мослашув Марказининг 2020 йил 20 июнидаги 01/157-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг жорий этилиши вояга етмаганларда ижтимоий мослашишдаги қийинчиликларни эрта диагностика қилиш ва дифференциал ёндашувни таъминлаб, ҳуқуқбузарликнинг эрта профилактикасини самарали йўлга қўйиш имконини берган. Шу билан бирга дарсликдаги материаллар “Девиантология асослари” фани бўйича Давлат таълим стандарти ва малака талаблари мазмунига сингдирилган. Мазкур дарсликнинг қўлланилиши натижасида бўлажак амалиётчи психологларда бирламчи ва иккиламчи превенцияни амалга ошириш кўникмалари шаклланишининг илмий амалий асослари яратилган;
вояга етмаганлар рессоциализация дастурини самарадорлигининг асоси сифатида экзистенциал гуманистик стратегияга асосланган парадигмал ёндашувни амалиётга татбиқ қилинаётган  маълумотлар Республика болалар ижтимоий мослашув Марказининг 2020 йил 20 июнидаги 01/157-сон  буйруғи билан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳга кирадиган болалар билан реабилитация фаолиятинингянги йўналишларини белгилашда (қадриятли-мазмунли, шахсий-эмоционал ва ахлоқий компонентларга асосланган ҳолда) ва муассаса педагог-тарбиячи ходимларида тарбияланувчилар билан ишлаш компетенциясини шакллантириш методикасига киритилган (Республика болалар ижтимоий мослашув Марказининг 2020 йил 20 июнидаги 01/157-сон маълумотномаси). Шу билан бирга, “Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳга кирадиган болалар билан реабилитация фаолиятини янги йўналишлари”га оид материаллар асосида “Ривожланиш психологияси. Педагогик психология” дарслиги ишлаб чиқилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 27 мартдаги 274-сон буйруғи, 274-295 рақамли гувоҳнома). Натижада, таълим соҳаси учун тайёрланадиган психологларнинг касбий аҳамиятли таянч компетенцияларни шакллантириш ҳамда касбий тайёргарлик даражасини ошириш соҳасида сифат жиҳатдан ўсишга эришилди. Мазкур таклифлар республиканинг 4 та хулқи оғишган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаси амалиётида қўлланиб,услубий таъминотнинг такомиллаштирилиши, тарбияланувчиларда рецидив ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилган;
феномен сифатида ресоциализация жараёни ва унинг таркибий элементлари (босқич ва механизмлари) “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси”нинг асоси эканлигигаоид таклифлар “Хулқи оғишган болалар психологияси” дарслик(Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 28 февралдаги 51-сон буйруғи 1496 рақамли гувоҳнома) мазмунига киритилган. Мазкур ўқув қўлланмани қўллаш натижасида таълим соҳаси учун тайёрланадиган психологларнинг касбий аҳамиятли таянч компетенцияларни шакллантириш ҳамда касбий тайёргарлик даражасини ошириш соҳасида сифат жиҳатдан ўсишга эришилди. Мазкур илмий янгилик Марказнинг 2020 йил 1 июндаги 6-сонли буйруғи билан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳга кирадиган болалар билан реабилитация фаолиятининг янги йўналишларини белгилаш (қадриятли-мазмунли, шахсий-эмоционал ва ахлоқий компонентларга асосланган ҳолда)” ва муассаса педагог-тарбиячи ходимларида тарбияланувчилар билан ишлаш компетенциясини шакллантириш методикасига киритилди;
ресоциализациянинг ҳар бир босқичида тарбияланувчилар мослашувида сифат ўзгаришлар механизмлари (ҳаётий-мазмуний ориентация, қадриятли ориентациялар, эмоционал интеллект, конструктив “Мен-концепция”, фрустрацион толерантлик, назоратнинг интернал локуси) билан  боғлиқликда рўй берадиган ижобий ўзгаришлар ёшлар ўртасида десоциализация кўринишларининг қисқаришига хизмат қилиши билан боғлиқ ҳолда ижобий ўзгаришларга оид таклифлар Республика болалар ижтимоий мослашув Марказининг 2020 йил 20 июндаги 01/157-сонли буйруғи билан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳга кирадиган болаларнинг психологик реабилитациясини, жумладан, бирламчи ва иккиламчи профилактика фаолиятини такомиллаштириш” методикасига киритилган (Республика болалар ижтимоий мослашув Марказининг 2020 йил 20 июндаги 01/157-сонмаълумотномаси). Мазкур илмий маълумотларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида экзистенциал гуманистик парадигма нуқтаи назаридан тарбияланувчиларни мослаштириш ва ресоциализациялаш системогенезининг (босқичлари, мазмуни ва механизмлари), «ҳуқуқбузарликлар профилактикаси» тизимли тушунчасини шакллантириш усуллари, шунингдек, тарбияланувчиларни мослаштириш ва ресоциализациялашга таъсир кўрсатадиган психологик ва педагогик шарт-шароитлар характери ҳақида шакллантирилган илмий тасаввурлар, ресоциализациянинг ҳар бир босқичида тарбияланувчиларда ижтимоий мослашувга оид билим ва малакаларни амалиётчи психологларнинг ҳуқуқбузарлик психопрофилактикасига оид касбий компетенцияларини такомиллаштиришга эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish