Sayt test rejimida ishlamoqda

Заитов Элёр Холмаматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи: «Ўзбекистонда институционал муассаса битирувчиларини ижтимоий ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш»), 22.00.02 – Ижтимоий тузилиш, ижтимоий институтлар ва турмуш тарзи (социология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/Sots24. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Dsc.20/30.12.2019.S.23.02.
Илмий раҳбар: Содиқова Шоҳида Мархабоевна, социология фанлари доктори, профессор. 
Расмий оппонентлар: Сеитов Азамат Пулатович, социология фанлари доктори; Мухторов Азамат, фалсафа фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда институционал муассаса битирувчиларини ижтимоий ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш имкониятларини таҳлил қилиш ва ривожланиш истиқболларини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
институционал муассаса битирувчиларини ижтимоий ҳимоялаш тизимини эмпирик ўрганиш асосида уларнинг таркибий компонентлари (бандлиги, касб танлаши, таълим олиши, оилавий ҳаётга тайёрлаш, уй-жой билан таъминланиши ҳолати) ҳамда субъектнинг ижтимоий қиёфаси (ижтимоий мотивацияси, ўзаро муносабатлари, фаоллиги, мобиллиги, ижтимоийлашуви) очиб берилган; 
ота-она қаровисиз қолган болаларни тизимли кузатиш  орқали рақамлаштириб тадқиқ этишда «Фокус-гуруҳ дастури» жамланмаси афзаллиги (фикрнинг такрорланмас частотаси, бирламчи таассуротнинг зудлик билан изҳор этилиши, синтетик ёндашувдан аналитик ёндашувнинг устуворлиги, мақсадга эришиш йўлларини ўлчаш имкониятлари) исботланган;
институционал муассаса битирувчиларининг постинституционал адаптация босқичида жамиятда муваффақиятли интеграциялашувига тўсиқ бўлаётган иқтисодий-молиявий, ижтимоий, маиший-психологик муаммолари туркумланган ва уларнинг ўз ҳаётий позицияларида барқарорлашиши учун кўмаклашишга мультидисциплинар ёндашувни амалга оширувчи субъектлари бўлган («ижтимоий иш ходими», «маҳалла фаоллари», «профилактика инспекторлари», «тиббиёт ходимлари», «психолог» ва «ҳуқуқшунослар» ҳамда «волонтёрлар») интегратив фаолият юритиш усули асосланган;
етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни институционал муассасаларга жойлаштирилишининг муқобил турлари сифатида тан олинган оилаларга жойлаштириш тизимини кенгайтириш, шунингдек, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит ва таъсирчан тизим (ижтимоий тўловлар, ногиронлик, дафн маросими, боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақалар, иш вақтида майиб бўлганлик учун товон пули) яратилиши орқали «ижтимоий суғурталаш» тажрибаси ўрнатилишининг ижтимоий аҳамияти очиб берилган;
жамият ижтимоий тузилмасида институционал муассаса битирувчиларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт фаолиятини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга йўналтирилган болалар эҳтиёжлари харитасининг тажрибавий модели ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўзбекистонда институционал муассаса битирувчиларини ижтимоий ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:  
институционал муассаса битирувчисини ижтимоий ҳимоялаш тизими фаолиятини эмпирик ўрганиш асосида уларнинг таркибий компонентлари (бандлиги, касб танлаши, таълим олиши, оилавий ҳаётга тайёрлаш, уй-жой билан таъминланиши ҳолати) ҳамда субъектларининг ижтимоий қиёфаси (социал фаоллиги, мобиллиги, ижтимоийлашуви)  бўйича таклиф ва тавсиялардан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг 2019 йил 3 январдаги 01-03/18-сонли Қарори билан тасдиқланган 2019 йилга мўлжалланган иш режасининг V. Ёшларга муносиб меҳнат шарт-шароитларини яратиш, ёшларни ижтимоий ҳимоялаш ва ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишининг 26, 27, 28, 29, 30, 31, 32, 33-бандларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фойдаланилган (Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг 2020 йил 25 февралдаги 04-13/780-сон маълумотномаси). Бу институционал муассаса битирувчиларининг базавий эҳтиёжларини қондириш (уй-жой билан таъминлаш, иш билан таъминлаш, олий таълим олиш имкониятларини яратиш) билан бир қаторда, уларнинг индивидуал иқтидори ва салоҳиятини аниқлаб, рағбатлантириш орқали ижтимоий фаоллигини ошириш йўлларини аниқлаш имконини берган;
ота-она қаровисиз қолган болаларни тизимли кузатиш орқали рақамлаштириб тадқиқ этишда «Фокус-гуруҳ дастури» жамланмаси афзаллиги (фикрнинг такрорланмас частотаси, бирламчи таассуротнинг зудлик билан изҳор этилиши, синтетик ёндашувдан аналитик ёндашувнинг устуворлиги, мақсадга эришиш йўлларини ўлчаш имкониятлари)  бўйича ишлаб чиқилган дастур жамланмаси «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг 2018 йил 4 январдаги 3-сонли буйруғига асосан «2018-2020 йиллар давомида Ёшларга оид давлат сиёсати ва баркамол ривожланган авлодни шакллантириш» мавзусида амалга оширилган амалий тадқиқот ишларида қўлланилган ҳамда тегишли равишда Марказ фаолиятига жорий этилган. («Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг 2020 йил 09 мартдаги 01-16/93/1-сон маълумотномаси). Бу ота-она қарамоғисиз қолган болаларни тизимли ва самарали ўрганиш имконини берган; 
институционал муассаса битирувчиларининг постинституционал адаптация босқичида жамиятда муваффақиятли интеграциялашувга тўсиқ бўлаётган иқтисодий-молиявий, ижтимоий, маиший-психологик муаммолари туркумланган ва уларнинг ўз ҳаётий позицияларида барқарорлашиши учун кўмаклашишга мультидисциплинар ёндашувни амалга оширувчи субъектлари бўлган («ижтимоий иш ходими», «маҳалла фаоллари», «профилактика инспекторлари», «тиббиёт ходимлари», «психолог» ва «ҳуқуқшунослар» ҳамда «волонтёрлар») интегратив фаолият юритиш усулига оид хулосаларидан, таклиф ва тавсияларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармони 2-иловаси билан тасдиқланган «Мамлакатда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган тизимни самарали жорий этиш бўйича «Йўл харитаси»нинг 4-банди «Фуқаролар йиғинлари ходимлари ва янги таркибий тузилмалар фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги низомлар лойиҳасини ишлаб чиқиш»да (2020 йил март ойи), 23-банди «Ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга манзилли ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш»да фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 2020 йил 24 сентябрдаги 02-02/1233-сон маълумотномаси). Диссертация илмий натижаларининг амалиётга татбиқ этилиши Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, жамиятга мослашиш, ўз оилавий ҳаётини қуриш мазкур йўналишда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлган мутасаддиларнинг тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш имконини берган;
етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни институционал муассасаларга жойлаштирилишининг муқобил турлари сифатида тан олинган оилаларга жойлаштириш тизимини кенгайтириш, шунингдек, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд тизим (ажратилаётган ижтимоий тўловлар, ногиронлик, дафн маросими, боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақалар, иш вақтида майиб бўлганлик учун товон пули каби тўловлар)ни қайта кўриб чиқиш мазкур тоифа вакиллари учун «ижтимоий суғурталаш» тажрибаси ўрнатилишининг ижтимоий зарурати тўғрисидаги илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси сўровига (2019 йил 11 июлдаги 24-14/1З29-сон хати) асосан тайёрланган ҳисоботда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг 2019 йил 27 декабрдаги 01/379-сон далолатномаси). Бу ёшлар сиёсатини амалга оширишда институционал муассаса битирувчиларини ижтимоий ҳимоялаш тизимини такомиллаштиришда, институционал муассаса битирувчиларининг постинституционал адаптация босқичида жамиятда муваффақиятли интеграциялашувига тўсиқ бўлаётган ижтимоий-психологик, маиший-молиявий муаммоларни аниқлаш, уларнинг кейинги ҳаётий позицияларини белгилаб олишларида кўмаклашиш ва ижтимоий оғишлардан ҳимоялашнинг мультидисциплинар жамоа фаолиятига асосланган самарали технологияларини ишлаб чиқиш имконини берган;
жамият ижтимоий тузилмасида институционал муассаса битирувчиларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт фаолиятини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга йўналтирилган болалар эҳтиёжлари харитасининг тажрибавий моделидан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг 2018 йил 4 январдаги 3-сонли буйруғига асосан ПЗ-20170922128. «2018-2020 йиллар давомида Ёшларга оид давлат сиёсати ва баркамол ривожланган авлодни шакллантириш» мавзусида амалга оширилган амалий тадқиқот иши доирасида ўтказилган ижтимоий сўровларда фойдаланилган («Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг 2020 йил 9 мартдаги 01-16/93/1-сон маълумотномаси). Ушбу илмий натижаларнинг қўлланилиши амалий тадқиқотнинг институционал муассасалар битирувчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш жараёнларини такомиллаштиришга бағишланган қисмини бойитиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish