Sayt test rejimida ishlamoqda

Эшонқулов Ҳусниддин Пиримовичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
    
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Алишер Навоий ғазалиётидаги ишқ поэтикасининг қиёсий-типологик таҳлили (“Хазойин ул-маоний” мисолида)”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.DSc/Fil102.
Илмий маслаҳатчи: Муҳиддинов Муслиҳиддин Қутбиддинович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Эркинов Афтондил Садирхонович, филология фанлари доктори; Қобилов Усмон Уралович, филология фанлари доктори; Фунда Топрак, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи  ташкилот: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Алишер Навоий ижодида ишқ талқинининг ўрни, анъанавийлиги, тасаввуфий моҳияти, шаклий-услубий ва бадиий образлилик хусусиятлари, лингвопоэтик воситаларини “Хазойинул-маоний” девонидаги ошиқона ғазаллар билан Ҳофиз Шерозий ғазалиётининг типологик қиёсий асосида аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Алишер Навоийнинг “Хазойинул-маоний” девонидаги ошиқона ғазаллари ҳамда таркибида ишқ таърифи ва тавсифи ўрин олган асарлари Ҳофиз Шерозийнинг шундай мазмундаги ғазалиёти билан қиёсий-типологик аспектда текширилиб, туркий шеъриятда ишқ мавзуси шарқ шеърияти анъаналари, бадиий мезонлари доирасида поэтик талқин қилиниши баробарида янада бадиий такомиллаштирилгани  асосланган;
ўзбек адабиётида, жумладан, Алишер Навоий ижодида ишқ ғояси талқинининг анъанавийлиги, етакчи ўрин тутганлиги, исломий ва тасаввуфий манбалар асосида шаклланганлиги далилланган;
Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” шеърий тўпламидаги ошиқона ғазалларда ишқ талқини поэтикасининг тасаввуфий қирралари, ирфоний-маърифий ва рамзий-тимсолий маънолари очиб берилган;
шоир маърифий-ирфоний қарашларида “ишқ” тушунчаси билан боғлиқ “ишқ” турларининг бадиий ифода кўринишлари, “ошиқ” ва “маъшуқа”, “рақиб”, “висол”, “ҳижрон” тимсолларининг поэтик талқин хусусиятлари, бунда Ҳофизга мутаносиблиги ва ўзига хослиги, улар қўллаган образлар тизими умумий тавсифи ва таснифи, рамзийлиги, лирик қаҳрамоннинг,  пайғамбарлар, анъанавий адабий қаҳрамонларнинг бадиий-эстетик вазифалари қиёсий-типологик аспектда аниқланган;
Навоийнинг савол-жавоб, сўз такрори ва қофияни шакллантирувчи бадиий санъатлардан фойдаланишдаги бадиий маҳорати ошиқона ғазалларининг ўзига хос бадиий қурилиши мисолида кўрсатиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Навоийнинг комил инсон ғояси ифодаланган  шеърий  асарлари таҳлили, бу ғоя талқинида шоирнинг бадиий маҳорати, уни ўзига хос поэтик усул ва воситалар орқали такомиллаштиргани ҳақидаги материаллар 2003-2007 йилларда бажарилган 5.1.17-рақамли “Шарқ мумтоз адабиётида комил инсон концепцияси” мавзусидаги фундаментал лойиҳада тадбиқ этилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 сентябрдаги 8903-8183-сон маълумотномаси). Натижада улуғ шоир поэтик меросининг баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамияти, Шарқ поэтикасида комил инсон концепцияси тарихи, бадиий шакл ва мазмун янгиланишида Навоий ижодининг муҳим манба эканлиги бўйича аниқ хулосалар чиқариш имконини берган;
Навоийнинг ишқий ғазаллари ғояси, лингвопоэтик ва композицион хусусиятлари, образлар таркиби, шоирнинг илоҳий ва мажозий ишқ талқинини беришда ўзига хос поэтик усул ва воситалардан фойдаланишдаги бадиий маҳорати ҳақидаги илмий натижалардан 2007-2011 йилларда бажарилган  “ОФ-Ф8-027 рақамли “Қўлёзма манбаларнинг миллий маънавий ва адабий мерос тарғиботидаги аҳамияти” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 сентябрдаги 8903-8183-сон маълумотномаси). Натижада Навоий “Хазойинул-маоний” куллиётининг бошқа куллиётлардан фарқи, муштарак ҳамда ўзига хосликлари, ундаги таҳлилга тортилмаган айрим ғазал матнларида юз берган шаклий-услубий янгиланишлар, девондаги ишқий ғазаллар таснифоти бўйича аниқ хулосалар чиқаришга эришилган;
Навоий ишқий ғазалларининг лингвопоэтик хусусиятлари, шоирнинг ишқ талқинида сўзнинг ўз ва кўчма маъноларидан фойдаланиш маҳорати ҳақидаги материаллардан 2008-2011 йилларда бажарилган ОТ-Ф8-062 рақамли “Тил тараққиётининг деривацион қонуниятлари” номли фундаментал илмий лойиҳа бажарилишида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 сентябрдаги 8903-8183-сон маълумотномаси). Натижада Навоийнинг ўзбек тили тараққиётида қўшган ҳиссаси асосланган, шоир даври тили ва ҳозирги ўзбек адабий тили хусусиятлари қиёсий ўрганилиб, ундаги деривацион қонуниятлар аниқланган;
Туркия Республикаси Карабук университети Адабиёт факультети турк тили ва адабиёти бўлимининг 2019-2020 ўқув йили TED734 “Туркистон миллий уйғониш адабиёти”, TED733 “Чиғатой адабиёти” дарсларида диссертациянинг илмий натижаларидан фойдаланилган (Карабук университети Адабиёт факультети профессори Нодирхон Ҳасан номидан берилган маълумотнома). Натижада ишқ мавзусининг генизиси, унинг ирфоний моҳият касб этишининг таянч омиллари, Навоий асарларида ишқ мавзуси тадрижий ривожланишининг талқини, шоирнинг ғазалнависликдаги буюк салафларига муносабати, улардан ижодий таъсирланиши, ошиқона ғазалиётининг композицияси, ғазалларидаги пайғамбарлар тимсолларининг поэтик функцияси, тасаввуфий тимсолларнинг моҳияти кабиларни ўрганишда диссертация материаллари муҳим илмий манба сифатида хизмат қилган. 
Навоийнинг улуғ салафлар ижодидан адабий таъсирланиб, мумтоз ғазалиётда ишқ мавзуси кўламининг янгича мотивлар билан кенгайишига салмоқли ҳисса қўшгани, ирфоний тушунчалардан санъаткорона фойдаланиб, Аллоҳ ва инсонни улуғлагани, ғазалларида васф этилган пок ишқ инсонни маънавий камолотга етакловчи муҳим омил саналиб, унинг зуҳд ва тақводан афзаллиги ҳақидаги илмий хулосалардан “Бухоро” телеканалининг “Долзарб мавзу”, “Интервью плюс”, “Ассалом, Бухоро”, “Саккизинчи мўъжиза” кўрсатувларида фойдаланиган (Бухоро вилояти телерадиокомпаниясининг 2020 йил 25 мартдаги №.1/101-маълумотномаси). Натижада шоир ғазалларидаги ишқи комил инсонни камолотга эриштириши, бунинг учун ундаги шижоат нафс итини забун қилиши билан боғлиқ улуғ шоирнинг ҳамида ахлоқ ҳақидаги бир қатор қарашлари таҳлиллар асосида ёритилгани телетомошабинларнинг ахлоқий тушунчаларини янада бойитган;
Мир Араб олий мадрасасида “Тасаввуф”, “Тасаввуф атамалари” сингари дарсларни ўтишда,  Навоий таваллудининг 578, 579 ва Бобур таваллудининг 536, 537 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда диссертациясининг натижаларидан фойдаланилган (Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг 2020 йил 16 октябрдаги№2030-далолатномаси). Натижада Навоийнинг ишқ мартабалари, тавҳид, тажаллий, илоҳий мазҳар, фақрлик ҳақидаги қарашлари, тариқатларга, жумладан, нақшбандийликка, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ва Хожа Аҳрори Валийга бўлган самимий муносабати, нақшбандийликнинг “ҳуш дар дам” раҳшаси, тариқатнинг сир сақлаш билан боғлиқ ғояларидан юксак санъаткорлик билан фойдаланганлиги таҳлиллар асосида очиб берилгани талабаларнинг тасаввуф адабиёти билан боғлиқ билимларини ривожлантиришга ёрдам берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish