Sayt test rejimida ishlamoqda

Махмараимова Шохиста Тухташевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек тили метафораларининг антропоцентрик тадқиқи (номинатив аспект)”, 10.00.01-Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.DSc/Fil189.
Илмий маслаҳатчи: Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса: Термиз давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Элтазаров Жўлибой Данабоевич, филология фанлари доктори, профессор; Худайберганова Дурдона Сидиковна, филология фанлари доктори, профессор; Ҳакимов Муҳаммад Хўжахонович, филология фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек тили метафоралари юзага чиқиш механизмининг когнитив қонуниятларини текшириш, метафорик ҳосила номлар орқали шаклланган концептларнинг олам миллий лисоний манзарасидаги ўрнини белгилаш, метафоранинг антропоцентрик табиатига баҳо бериш, уни билишнинг алоҳида усули, оламни категорияловчи муҳим лингвокогнитив феномен эканини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тилшунослигида метафорани психолингвистик, нейролингвистик, лингвокогнитив, лингвофалсафий асосда ўрганишининг назарий асослари етарли эмаслиги аниқланган;
метафоранинг олам илмий манзарасидаги ўрни ва ўзбек тилида терминлар ҳосил бўлишининг метафорик омили фрейм-таҳлил усулида текширилиб, термин-метафораларнинг терминологик тизимдаги концептуал  асоси очиб берилган;
метафорани тил корпуси учун семантик разметкалашнинг лексик бирликларни қидириш ва умумий саралаш усули контекстуал алоқадорлик тамойили асосида ёритилган;
ўзбек сиёсий-ижтимоий, публицистик, бадиий, илмий дискурслари мисолида метафорадаги номинатив хоссанинг инсон когнитив структураси билан узвий боғлиқлиги нейролингвистик усулда асосланган;
метафоранинг антропоцентрик табиати табиий ва сунъий интеллектнинг ахборотни қайта ишлаш қобилиятини зидлаш усули асосида исботланган;
ўзбек тилшунослигида янги лексик-семантик сатҳ – метафорологияни ўз тадқиқ объектига эга  мустақил соҳа сифатида эътироф этишга доир хулосалар далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Жаҳон ва ўзбек тилшунослигида метафораларни антропоцентрик кесимда ўрганишдан олинган натижалар доирасида:
ўзбек тилида метафоранинг моҳияти ва номинатив функциясини аниқлаштириш; ўзбек тили терминологик тизимида метафоранинг мустаҳкам ўрнини асослаш ҳамда ўзбек тили терминологияси тизимида терминларнинг метафорологик йўл билан ҳосил бўлишини алоҳида усул сифатида эътироф этиш билан боғлиқ назарий асослардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Давлат илмий-техникавий дастурлари доирасида 2012-2016 йилларда бажарилган ФА-Ф1-Г041 рақамли “Ўзбек тили лексикаси ва терминологиясининг мустақиллик даври тараққиётини тадқиқ этиш” номли фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (ЎзР Фанлар Академиясининг 2020 йил 11 ноябрдаги №3/1255-2454-сонли маълумотномаси). Натижада лойиҳа материаллари терминлар ҳосил бўлишининг метафорик усули ўзбек тили сўз ясалиш тизимида ўзининг мустаҳкам ўрнига эгалигига оид янги илмий манба ва маълумотлар билан бойиган;
туркий тиллар қатори ўзбек тили сўз ясалиш тизимида мавжуд лексик-семантик бутунликларнинг ҳосил бўлиши, номинатив назария доирасида метафорик ном-терминларни ҳосил қилиш усулининг ўзбек тили мисолидаги ҳолатини асослаш ва тасдиқлашга доир назарий маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти томонидан олиб борилган ФА-Ф1-Г003 “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (ЎзР Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2020 йил 1 январдаги 04-01-сонли маълумотномаси). Натижада метафоранинг олам илмий манзарасини шакллантиришига ва туркий тиллар қатори ўзбек тилидаги терминлар ҳосил бўлишининг метафорик асосига оид билимларнинг мукаммаллашувига эришилган;
туркий тиллар қатори ўзбек лингвомаданиятида когнитив ва концептуал метафораларнинг ўрнини асослаш, уларнинг миллий лисоний ҳамда миллий концептуал манзаралардаги ўрнини далилловчи хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида бажарилган ФА-А1-Г007 “Қорақалпоқ нақл-мақоллари лингвистик тадқиқот объекти сифатида” мавзусидаги амалий илмий лойиҳасида фойдаланилган (ЎзР Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2020 йил 1 январдаги 04-01-сонли маълумотномаси). Натижада лойиҳа материаллари лингвокультурология ва когнитив тилшунослик, умумий тилшунослик каби фанлар бўйича яратиладиган дарслик ва ўқув қўлланмаларни мукаммаллаштиришга хизмат қилувчи янги илмий манба ва маълумотлар билан бойиган;
метафораларни тилнинг Миллий корпусида бериш ҳамда уларнинг номинатив табиатини луғатчилик доирасида тадқиқ этишга доир хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлигининг Фундаментал тадқиқотлар бўйича 2015-2016 йилга мўлжалланган ФА-ИЗ-Г009 “Ономастик бирликларнинг лингвопоэтик тадқиқи" китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш" инновацион лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (ЎзР Фанлар Академиясининг 2020 йил 11 ноябрдаги №3/1255-2454-сонли маълумотномаси). Олинган натижалар “Ўзбек тили поэтонимларининг изоҳли луғати”да бадиий матнда ономастик метафора вазифасида қўлланган номларни  изоҳлашга татбиқ этилган ҳамда луғат сўзликлар изоҳининг янада мукаммаллашувига эришилган; 
ўзбек тили метафораларининг антропоцентрик тилшунослик доирасидаги тадқиқ кўламини кенгайтириш ҳамда тадқиқ натижаларини илмий-таълимий жараёнга тадбиқ этиш; ўзбек тили метафораларининг нутқ маданиятини юксалтиришдаги ўрнини асослаш ҳамда уларнинг қўлланилиши, ўрганилишига оид илмий хулоса ва тавсиялардан Сурхондарё телевидениесининг “Тил − миллат кўзгуси”, “Долзарб мавзу” кўрсатувларининг сценарийларини тайёрлашда (Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясининг 2020 йил 10 июлдаги 01-01/146-сонли маълумотномаси) фойдаланилган. Натижада мазкур телекўрсатувлар учун тайёрланган материалларнинг мазмуни мукаммаллашган, илмий далилларга бой бўлиши таъминланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish