Sayt test rejimida ishlamoqda

Мизрабова Жерен Исмаиловнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Шекспир «Ҳамлет» трагедиясининг ўзбекча таржималари: қиёсий лингвопоэтик таҳлил», 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Fil.324.
Илмий раҳбар: Ахмедова Шоира Неъматовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.72.03.
Расмий оппонентлар: Насруллаева Нафиса Зафаровна, филология фанлари доктори, доцент; Халлиева Гулноз Искандаровна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Жиззах давлат педагогика институти.    
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: «Ҳамлет» трагедиясининг ўзбек тилига бевосита ва билвосита таржималарини қиёслаш орқали ўгирмаларнинг лингвопоэтик хусусиятларини аниқлаш, бевосита қилинган ўгирмада мутаржим маҳоратини ўрганищдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
ўзбек таржимашунослигида илк бор «Ҳамлет» асарининг тўртта таржимасида  аслиятнинг лингвопоэтик хусусиятлари қайта воқеланишининг даражалари ва асарни ўзбек тилига бевосита таржима қилишда руҳ, ғоя, оҳанг, образлар психологияси адекватлигини таъминлашдаги мутаржим маҳорати аниқланган;
«Ҳамлет» трагедияси таржималаридаги инсон табиати, дунёқараши, онги, руҳий кечинмалари негизида юзага келган антропоцентрик тамойиллар трагедиянинг бадиий тасвир кўлами, ифода усули, бош қаҳрамон характери, эстетик идеали, руҳий-маънавий дунёсини қайта яратишнинг устувор усуллари эканлиги асосланган;
ўзбек ва рус таржималарида аслият муаллифи қўллаган индивидуал фразеологик ва паремиологик бирликлар, образли ва бадиий воситалар ҳамда фожиа тагматнида яширинган «олам – саҳна» метафораси персонажлар нутқи, феъл-атвори, хулқи ва ҳаракатларида сохталик, иккиюзламачилик, айёрлик каби иллатларнинг ифодаси эканлиги далилланган;
ўзбек воситали ўгирмасида бой берилган  шекспирона руҳ ва ҳажв уйғунлигидаги сарказм, сатира, пародия, заҳарли киноя, комик эмоционаллик каби инсонга хос субъектив хусусиятлар Ж.Камол таржимасида эквивалент- функционал қиймат касб этганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
«Ҳамлет» асарининг қиёсланган тўртта (Ж.Камол, М.Шайхзода, М.Лозинский ва Б.Пастернак) таржималарида лингвопоэтик хусусиятлари ва вазифаларини аниқлаш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
«Ҳамлет» драмасининг ўзбек адабиётшунослигидаги тарихи, Ҳамлет характери, рухий-маънавий дунёси қамрови, ўзига хос хусусиятларининг таржималарда акс эттирилиши масалаларини аниқлаш, асарнинг миллий театр ва драма тараққиётининг таъсири хақидаги хулосалардан ФА-Ф1-ГООЗ рақамли «Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши» мавзусидаги фундаментал лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2019 йил 27 августдаги 180-1-сон маълумотномаси). Натижада миллий маданиятлар таъсирининг сўз ясалишидаги ўзига хос функционал ясалиши борасида берилган таклифлар лойиҳа ишини бажаришга хизмат қилган;
Шекспир пьесалари турғун бирликларининг таржималари, глоссаларининг изоҳларини тўлдиришнинг имкониятлари ҳақидаги маълумотлар «Шекспир пьесалари турғун бирликларининг инглизча-ўзбекча луғати (глоссарий)»ни (ISBN 978-9943-5675-6-6) ишлаб чиқишда қўлланилган  (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 2 ноябрдаги 89-03-4231-сон маълумотномаси). Натижада мазкур луғат «5120100 – Филология ва тилларни ўқитиш», «5111400  – Хорижий тил ва адабиёт», «5120200 – Таржима  назарияси  ва амалиёти»  бакалавриат таълим йўналишлари талабалари таълими учун асос бўлиб хизмат қилган;
қиёсланаётган таржималарда «Ҳамлет» матнига хос синтаксис, паремиологик бирликлар, турли образли услубий воситаларнинг ифодаланишидаги фарқли ва ўхшаш  жиҳатларига  доир хулосалардан АҚШнинг Реформед университетида  1-курс ёзма нутқ амалиёти дарсларида (College Writing I) фойдаланилган (Реформед университетининг 2019 йил 23 декабрдаги маълумотномаси). Натижада чет эллик талабалар учун  «Ҳамлет» асари ўзбек  бевосита ва воситали таржималари муаммоларини ўрганиш, батафсил  қиёсий таҳлиллар Шекспир асарига хос янги ғоявий-бадиий концепти, паремиологик бирликлар, юмор, қаҳрамонлар руҳиятини қайта яратишдаги  мутаржим маҳоратини ўрганиш имконияти вужудга  келган,  таржимада адекватлик, эквивалентга  эришмоқлик усулларини тушуниш учун манба бўлган;
таржимашуносликда воситали ва бевосита таржима шаклларининг мавжудлиги ва  ҳар бирининг ўзига хос бадиий хусусиятларини ёритиш муаммоларини  кўрсатиб  берувчи  материаллардан «Бухоро» телерадиоканалининг «Ассалом Бухоро», «Саккизинчи мўъжиза» эшиттиришларида фойдаланилган (Бухоро вилояти телерадиокомпаниясининг 2019 йил 25 сентябрдаги 1-341-сон маълумотномаси). Натижада томошабинлар тафаккурида ўзбек таржималарида аслият муаллифининг индивидуал образли ва бадиий воситалари, фожиа тагматнида яширинган «олам – саҳна» метафораси ҳақидаги  тасаввурларнинг пайдо бўлиши кузатилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish