Sayt test rejimida ishlamoqda

Ходжамқулов Умид Негматовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Педагогик таълим инновацион кластерининг илмий-назарий асослари”, 13.00.01 – Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи (педагогика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.DSc/Ped110.
Илмий раҳбар: Мухамедов Гафурджан Исраилович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ҳузуридаги PhD.28.03.2019.Ped.28.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Абдуллаева Шахзода Абдуллаевна, педагогика фанлари доктори, профессор; Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор; Худойқулов Хол Жумаевич, педагогика фанлари доктори, доцент. 
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.    
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади мамлакатимизда амалга оширилаётган таълим сиёсатининг устувор тамойилларига таянган ҳолда педагогик таълим инновацион кластерининг илмий-назарий асосларини такомиллаштириш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
“педагогик таълим инновацион кластери” тушунчаси (таърифи, таснифи, йўналишлари, тамойиллари) ҳамда кластер воситасида таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашнинг илмий-педагогик муаммо сифатидаги назарий асослари кластер йўналишлари (таълимни ташкил этиш, таълим воситаларини яратиш, таълим-фан-ишлаб чиқариш тизими, таълимни бошқариш)ни таснифлаш (алоқаларнинг шакли бўйича, ўзаро ҳамкорликнинг тузилиши бўйича, иштирокчилар фаолиятининг хусусиятига кўра, пайдо бўлиш табиатига кўра, асосий ресурснинг тури бўйича, географик таркибий қисмнинг мавжудлигига кўра) асосида такомиллаштирилган; 
педагогик таълим инновацион кластери миллий модели (субъектлар муносабати, йўналишлар тавсифи, амалга ошириш механизмлари, натижаларнинг самарадорлиги) ҳамда таълим муассасаларининг кластер ҳамкорлик тамойиллари (табиий алоқадорлик, узвийлик ва узлуксизлик, изчиллик, замонавийлик, йўналтирилганлик, ворисийлик, мақсаднинг умумийлиги, манфаатларнинг хусусийлиги, ўзаро назорат) педагогик таълим фаолиятига қўйилган талаблар (назария ва амалиёт уйғунлиги, таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграцияси, тарбияда анъанавийлик ва таълимда замонавийликни таъминлаш)га горизонтал ва вертикал интеграция нуқтаи назаридан устуворлик бериш асосида ишлаб чиқилган;
узлуксиз таълим тизимида педагогик таълим инновацион кластери воситасида таълим муассасалари ҳудудий ҳамкорлигини ташкил этиш методлари (келишув, амалий эмпатия, ҳамкорнинг обрўсини асраш, ўзаро тўлдирувчилик, ижтимоий камситишларни рад қилиш) таълимда ҳудудий яхлитликни таъминлашга йўналтирилганлик асосида такомиллаштирилган ва мазкур методларнинг мамлакатимиз педагогик таълим шароитига мувофиқлиги илмий-амалий жиҳатдан  асосланган; 
“педагогик таълим инновацион кластери”, “мактаб-лаборатория инновацион тажриба майдончаси”, “модулли мактабгача таълим лабораторияси” тушунчаларининг мазмунига (таърифи, тавсифи, инновацион белгилари, фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари) мос равишда олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларига жалб қилиш орқали муайян фаолият йўналишлари бўйича самарадорликни ошириш тизими мобиллик ва тезкор қайта алоқани таъминлашга имкон бериш (ўзаро назорат, семинар-практикум, сўровнома, эксперт варақаси орқали) асосида такомиллаштирилган;  
педагогик таълим инновацион кластери орқали умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги (PIRLS талаби): матн мазмунини тушуниш, ундан фойдаланиш, мулоҳаза юритиш ва муносабат билдира олиш малакаларини ривожлантириш методикаси, халқаро PISA баҳолаш тизимига тайёрлаш миллий дастури такомиллаштирилган.  
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Педагогик таълим инновацион кластерининг илмий-назарий асослари ва уни амалиётга татбиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
педагогик таълим инновацион кластерининг назарий асослари ҳамда таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш бўйича тадқиқотнинг илмий хулосалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 мартдаги 258-сон “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмунига сингдирилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 сентябрдаги 89-03-3179-сон маълумотномаси). Натижада, бўлажак ўқитувчиларда касбий компетенцияларини кластер ёндашуви асосида шакллантириш бўйича педагогик олий таълим муассасаларининг илмий (кластер тадқиқи) ва амалий (кластер татбиқи) йўналишларда фаолият самарадорлигини оширишга эришилган;
мамлакатимизда педагогик таълимга қўйилган талабларга устуворлик бериш асосида ишлаб чиқилган педагогик таълим инновацион кластери миллий модели (субъектлар муносабати, йўналишлар тавсифи, амалга ошириш механизмлари, натижаларнинг самарадорлиги) ғояси ва таълим муассасаларининг кластер ҳамкорлик тамойиллари (табиий алоқадорлик, узвийлик ва узлуксизлик, изчиллик, замонавийлик, йўналтирилганлик, ворисийлик, мақсаднинг умумийлиги, манфаатларнинг хусусийлиги, ўзаро назорат) бўйича илмий хулосалардан таълим муассасаларида лойиҳалаш методи (“Дьюи методи”) асосида кластер ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 сентябрдаги   89-03-3179-сон маълумотномаси). Натижада, вилоят мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим муассасалари ҳамкорлигини кластер воситасида ривожлантириш усуллари такомиллаштирилган; 
ҳудудий яхлитликни таъминлашга йўналтирилганлик асосида ишлаб чиқилган кластер воситасида таълим муассасалари ҳамкорлигини ташкил этиш методлари ИТД-1-148 рақамли “Касб таълими мазмунини модернизациялаш асосида ўқитувчилар касбий компетентлигини ривожлантириш технологияси” номли амалий лойиҳа мазмунига сингдирилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 сентябрдаги 89-03-3179-сон маълумотномаси). Натижада, педагогик таълим мазмуни, кластер воситасида таълим муассасалари ҳамкорлигини ташкил қилиш методикаси ва ўқитувчиларнинг компетентлигини ривожлантириш тизими такомиллаштирилган;
илмий тадқиқот ишининг назарий хулосалари асосида таклиф қилинган таълим субъектларининг ҳамкорлик муносабатларида мобиллик ва тезкор қайта алоқани таъминлаш воситалари (ўзаро назорат, семинар-практикум, сўровнома, эксперт варақаси)дан кластер ёндашувини мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиётга жорий этиш механизмларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 сентябрдаги 89-03-3179-сон маълумотномаси). Натижада, таълим турлари ўртасида ўзаро назорат, рақобат ва интеграция жараёнларида самарадорликни оширишга эришилган;
Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси тизимида ташкил қилинган “Мактаб-лаборатория” инновацион тажриба майдончаларида умумтаълим мактаблари ўқувчиларини халқаро PISA баҳолаш дастурига тайёрлаш жараёнида  тадқиқотнинг  илмий-назарий  хулоса  ва  методик тавсияларидан фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 сентябрдаги 89-03-3179-сон маълумотномаси). Натижада, ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги (PIRLS талаби): матнни тушуниш, фойдаланиш, мулоҳаза юритиш ва муносабат билдира олиш малакаларини такомиллаштиришга эришилган;
педагогик таълим инновацион кластерининг мазмун-моҳияти, кластер воситасида таълим кампусини яратиш орқали субъектларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва халқаро рейтингларда миллий таълим тизимининг кўрсаткичларини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялардан “O’zbekiston” телерадиокомпанияси “Маданий-маърифий, бадиий эшиттиришлар” муҳарририятининг “Таълим ва тараққиёт” эшиттиришини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston” телерадиоканалининг 2020 йил 30 июндаги O’z/R-1-13-сон маълумотномаси). Натижада, педагогик таълим ҳудудий кластерлари воситасида миллий таълим рейтингини оширишнинг илмий ва методик таъминотини ишлаб чиқишга хизмат қилган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish