Sayt test rejimida ishlamoqda

Бозорова Махзуна Алижон қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Одам савдосига қарши кураш масалаларининг матбуотда ёритилиши: ёндашув, тўқнашув ва ечимлар (ЎзР ва РФ босма нашрлари материаллари мисолида)», 10.00.09 – Журналистика (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Fil913.
Илмий раҳбар: Маматова Якутхон Мухамаджоновна, филология фанлари доктори, профессор в.б.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.14.01.
Расмий оппонентлар: Худойқулов Мухтор, филология фанлари доктори; Бабаджанова Гулнара Наджимовна, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Одам савдосига қарши кураш масалаларининг миллий ва Россия матбуотида ёритилишида ёндашувлар, шакл ва усулларни ўрганиш, тўқнашув ва уларнинг ечимини аниқлаш. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
маҳаллий ва хорижий тадқиқотларда ҳанузгача «одам савдоси» таърифининг тўлиқ тавсифи ишлаб чиқилмаганлиги аниқланган, илк маротаба ушбу атаманинг ОАВ фаолиятига мос талқини назарий жиҳатдан асосланган;
Ўзбекистон ОАВнинг одам савдосини аниқлаш ва унинг олдини олишдаги ўрни ва 14та вазифаси назарий асосланиб, амалиётда Ўзбекистон матбуоти одам савдосига қарши курашиш бўйича давлат чора-тадбирларининг фаол транслятори сифатида намоён бўлаётгани исботланган;
одам савдоси мавзусини ёритиш бўйича ЎзР ва РФ ОАВнинг фаолияти учта назарий базисда - кун тартибини шакллантириш, фрейминг ва альтеркастинг асосида амалга оширилаётганлиги исботланган; 
траффикинг мавзуси бўйича Ўзбекистон ва Россия матбуотининг қиёсий таҳлили натижасида муаммонинг икки мамлакат босма нашрларида ёритилиш динамикаси кўрсатилиб, журналистларнинг ушбу мавзуга бўлган қизиқиши, айниқса, сўнгги уч йилда ошаётгани асосланган;
одам савдосига оид матбуот материалларида гендер асимметрияси асосан хотин-қизларни таҳқирланган ва заиф ҳолатларини бўрттириб ёритишда, ушбу ҳодисаларга бахо беришда журналистлар виктимблеймингга йўл қўяётганида намоён бўлиши, бунинг натижасида, жамоатчилик онгида гендер қолипларининг илдиз отиши далилланган;
журналист суриштируви одам савдосига қарши курашишда ОАВ воситасида жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг самарали воситаси эканлиги, журналист ижодий фаолиятининг ушбу йўналиши турли траффикинг ҳолатлари ўртасидаги ички сабаб-оқибат муносабатларини жамоатчиликка кўргазмали тарзда очиб бериши исботланган;
лексик бирликлар нашрларнинг оҳангини белгилаши, инвариант хусусиятлар, жумладан қадриятлар кўлами, баҳолаш, мафкура ва муаллиф образи аудитория онгига аксарият ҳолларда яширин таъсир ўтказаётгани ва таҳлилий материалларда намоён бўлаётгани асосланган; 
журналист фаолиятининг ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатларини тадқиқ қилиш асосида ушбу мавзуда қалам тебратувчи ОАВ ходимлари учун суд репортёрларининг Миллий хартиясини ишлаб чиқиш зарурияти аниқланган ва унинг асосини 13 муҳим тамойил ташкил этиши далилланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Одам савдосига қарши кураш масалаларини матбуотда ёритишда ёндашувлар, зиддиятларни тадқиқ қилиш бўйича олинган хулоса, таклиф ва тавсиялар асосида:
Одам савдосига қарши курашиш мавзусини ёритишда журналист маҳорати, муаллиф позицияси, холислик, бағрикенглик, кўпфикрлилик тамойилларининг ишлаши масалалари юзасидан олинган илмий натижалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «O’zbekiston» телеканали орқали 2019 йилнинг апрель, июнь ва июль ойларида эфирга узатилган «Girdob» теледастури туркум кўрсатувларининг концепцияси, сценарийлари, инфографик материал, кадр орти матнлари ишлаб чиқилган («O’zbekiston» телеканалининг 2020 йил 6 июлдаги 01-40-718-сонли маълумотномаси). Илмий натижалар журналистлар учун одам савдосига оид локал доирадаги маълумотларнинг бериб борилиши, аудиториянинг билим даражасини оширувчи назарий-методологик ахборотларга урғу қаратилиши, жабрдийдалар билан интервью олиб боришда этик тартиб-қоидаларга риоя этилиши каби касбий индикаторларни яратиш имконини берган.
Траффикингга қарши курашиш соҳасида миллий қонунчиликнинг ривожланиш тенденцияларига оид илмий натижалардан, ушбу мавзунинг Ўзбекистон босма нашрларида ёритилишининг асосий жиҳатлари юзасидан диссертациянинг амалий қисмида келтирилган хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «O’zbekiston» телеканали орқали 2019 йил 31 июл кунида эфирга узатилган «Sharh +» теледастурининг контенти сифатини оширишда фойдаланилган («O’zbekiston» телеканалининг 2020 йил 6 июлдаги 01-40-718-сонли маълумотномаси). Илмий натижалар бўйича ишлаб чиқилган мезонлар журналистларнинг одам савдосига қарши курашиш масалалари билан шуғулланувчи давлат идоралари вакиллари билан мулоқот шакли ўзгартирилиши ва ўрганилаётган муаммони ёритувчи журналистлар фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлар тўғрисида холис маълумотлар тақдим этилишига хизмат қилган.
Газета ва журналларда чоп этилган материалларнинг шакли, жанри, муаллиф образи, тил ва услуб имкониятлари, уларнинг аудиторияга таъсири, мавзуни ёритишда журналистларнинг ҳуқуқий ва аҳлоқий масъулияти юзасидан олинган илмий натижалардан Ўзбекистон миллий матбуот маркази томонидан одам савдоси мавзусини ёритишда ОАВ ва журналистларнинг салоҳиятини ошириш бўйича матбуот анжуманлари ва брифинглар материалларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий матбуот марказининг 2020 йил 9 июлдаги 01/68-сонли маълумотномаси). Илмий натижалар бу мавзу бўйича фаолият олиб бораётган журналистларнинг амалий касбий малакасини оширишга ҳамда таҳлилий материаллар тайёрлашга ёрдам берган.
Журналист суриштируви одам савдосига қарши курашишда самарали восита эканлиги, лексик бирликлар нашрларнинг оҳангини белгилаб бериши, инвариант хусусиятлар одам савдосига оид матнлар услубида муҳим рол ўйнаши юзасидан олинган илмий натижалардан Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий-ахборот марказининг ОАВ билан ҳамкорлигининг узоқ муддатли режасини, матбуот хизматининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишда, ҳудудларда тадбирлар доирасида ОАВ ва журналистларнинг мавзуни малакали ёритиш бўйича салоҳиятини оширишга қаратилган семинар-тренинг ва конференцияларни ташкил қилишда фойдаланилган (Республика «Истиқболли авлод» ИАМнинг 2020 йил 29 июндаги 248 out/IA-сонли маълумотномаси). Илмий натижалар одам савдосига қарши курашиш мавзусини самарали ёритиш бўйича журналистларда амалий кўникмалар шаклланишига хизмат қилган.
Матбуот материалларидаги гендер асимметрияси ва қолиплар юзасидан олинган илмий натижалар ва хулосалар ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси томонидан нашр этилган «ОАВ, ҳуқуқий тартиб, хавфсизлик: Ўзбекистонда демократияга хизмат қилиш» ўқув қўлланмасини яратишда қўлланилган. Илмий натижалар «Матбуот объективида коррупция, жиноий ва бошқа жиноятларга қарши курашиш масалалари» боби одам савдосига доир бандининг илмий асосланган маълумотлар билан бойитилишига хизмат қилган.
Одам савдоси муаммосининг Ўзбекистон матбуотида ёритилишининг устувор йўналишлари, рукнлар тизими ва мавзулар кўлами юзасидан тадқиқотнинг амалий қисмида келтирилган илмий натижалар ва хулосалар «Hurriyat» газетаси сифатини яхшилашда қўлланилган («Hurriyat» газетасининг 2020 йил 25 июндаги 46-сонли маълумотномаси). Илмий хулосалар сарлавҳалар дизайнидаги шрифт сиёсати қайта кўриб чиқилиши, аудитория билан интерфаол алоқалар доирасининг кенгайтирилиши, траффикингнинг турли кўринишлари, шу жумладан мажбурий никоҳ, ноқонуний миграция ҳақидаги материаллар сони кўпайишига имкон берган.
Одам савдоси мавзусини ёритишга доир учта назарий асос – кун тартибини шакллантириш, фрейминг ва альтеркастинг юзасидан олинган илмий натижалар «Qalampir.uz» ахборот-таҳлилий интернет нашрида фойдаланилган («Qalampir» МЧЖнинг 2020 йил 23 июндаги Q 23/06-сонли маълумотномаси). Илмий натижалар одам савдоси ва миграцияга доир бир қатор материаллар ишлаб чиқилиши ва чоп этилишига хизмат қилган.
Россия матбуотида одам савдоси мавзуси ёритилишининг контент-таҳлили бўйича олинган илмий натижаларга Scopus халқаро маълумотлар базасига киритилган «Sustainability», «Journal of African Media Studies», «Comunicazioni Sociali» журналларида ҳаволалар келтирилган. «Народное слово» газетаси фаолиятининг таҳлилига оид олинган илмий натижалар «Вопросы внешней трудовой миграции, противодействия торговле людьми и использованию принудительного труда в деятельности политических партий Узбекистана» номли миллий тадқиқотда тавсия этилган қўшимча манбалар рўйхатига киритилишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish