Sayt test rejimida ishlamoqda

Қаюмов Олим Садириддиновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбек шомон маросим фольклори (спецификаси, генезиси, жанрлар таркиби ва поэтикаси)», 10.00.08 – Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.DSc/Fil125. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Илмий маслаҳатчи: Жўраев Маматқули, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.30.08.2018.Fil46.02.
Расмий оппонентлар: Ўраева Дармон Саидахмедовна, филология фанлари доктори, профессор; Жуманазаров Умрзоқ, филология фанлари доктори, профессор; Ёрматов Исомиддин, филология фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек шомон маросим фольклорининг ўзига хос хусусиятлари, жанрлар таркибининг тарихий асослари ва туркий халқлар маросим қўшиқлари контекстида тутган ўрнини аниқлаш, шомон мифологиясининг генезиси ва эволюцияси жараёнларини ёритиш ҳамда шомон айтимларининг поэтикасини тадқиқ этишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек фольклоршунослигида илк бор сўз магияси билан боғлиқ маросим фольклори жанрларининг воқеликни рамзий-ритуал кодлар воситасида мифопоэтик талқин қилишдан иборат ўзига хос табиати ойдинлаштирилган ҳамда бу тип жанрлар таснифи мукаммаллаштирилган;
Сармишсой дарасидаги петроглифларни палеофольклористик метод асосида таҳлил қилиш натижасида ўзбек шомон маросим фольклорининг тарихий-генетик асослари тош асрида яшаган қадимги одамларнинг аждодлар культига сиғиниш билан алоқадор анимистик тасаввурларига бориб тақалиши исботланган;
сўз магияси билан боғлиқ ўзбек фольклори асарларини Сибирь ва тоғли Олтойда яшовчи туркий қавмлар оғзаки ижоди материаллари билан қиёсий таҳлил қилиш асносида ўзбек тилидаги сакрал моҳият касб этувчи лисоний бирликлар ўрол-олтой тиллари оиласига мансуб халқлар тилидаги шомонистик атамалар билан типологик муштаракликка эгалиги асосланган;
ҳозирги тарихий-фольклорий жараёнда ўзбек шомон маросими айтимлари ва шомон мифологияси ўзининг жонли ижро ҳолатини сақлаб келаётганлиги қадимги давр фольклори архетипларининг бардавомлиги ва фольклор жанрларининг ҳаётий-маиший функциялари билан алоқадорлиги далилланган;
ўзбек мифологиясидаги образлар тизимининг шаклланиши ва тарихий-тадрижий тараққиёти босқичлари қадимги туркийларнинг шомонистик тасаввурлари, Ўрта Осиё туб этносининг маҳаллий эътиқодий қарашлари (жумладан, зардўштийлик) ҳамда ислом дини таъсирида кириб келган ўзлашма асотирий қатламни ўз ичига олиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ўзбек шомон маросим фольклорининг ўзига хос хусусиятлари, генезиси ва поэтикасини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Ўзбек шомон маросим фольклорининг ўзига хос хусусиятлари, генезиси, жанрлар таркиби, образлар тизими ва бадииятини тадқиқ этиш асосида чиқарилган илмий-назарий хулосаларидан Навоий давлат педагогика институтида 2008-2010 йилларда бажарилган “Ўзбек халқ педагогикаси ва фольклор анъаналари” мавзусидаги фундаментал илмий тадқиқот лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 13 октябрдаги 89-03-3894-сон маълумотномаси). Натижада маросим фольклорининг ёш авлод тарбиясидаги тарбиявий аҳамияти асосланган ҳамда халқ ижоди материалларидан маънавий-маърифий соҳада фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга эришилган;
ўзбек шомон мифологиясининг генезиси ва эпик тафаккур тадрижида тутган ўрни масаласини ўрганиш асосида олинган натижаларидан Навоий давлат педагогика институтида 2012-2016 йилларда олиб борилган Ф1-ХТ-0-19919 рақамли “Ўзбек мифологияси ва унинг бадиий тафаккур тараққиётида тутган ўрни” мавзусидаги фундаментал илмий тадқиқотни бажаришда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 13 октябрдаги 89-03-3894-сон маълумотномаси). Натижада фольклор анъаналари орқали етиб келган қадимги миф ва мифологик образларнинг ўзбек адабиёти поэтикасини бойитишдаги ўрнини таҳлил қилиш асосида мифопоэтик тафаккурнинг шаклланиш босқичлари ойдинлаштирилган; 
шомон маросими фольклорининг типологик хусусиятлари ҳамда ўрол-олтой тиллари оиласига мансуб этносларнинг қадимги архетиплари билан муштарак жиҳатларга эгалиги ҳақидаги илмий хулосаларидан Бухоро давлат университетида 2012-2016 йилларда бажарилган Ф-1-06 “Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези” мавзусидаги лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 13 октябрдаги 89-03-3894-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек ва туркий халқлар фольклор анъаналарининг тарихий-генетик жиҳатдан яқинлиги ва ўзаро яқин алоқадорликда ривожланиб келганлиги аниқланган.  
Тадқиқотчининг ўзбек маросим фольклори асарларини ёзиб олиш ва таҳлил қилиш методларини такомиллаштиришга оид қарашларидан Навоий вилояти Маданият бошқармасининг номоддий маданий мерос объектларини аниқлаш, халқ оғзаки ижоди намуналарининг ижрочилари рўйхатини шакллантириш ва улардан маросим фольклори намуналарини ёзиб олиш билан боғлиқ амалий фаолиятида фойдаланган (Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти Маданият бошқармасининг 2020 йил 8 июндаги 01-28/281 рақамли маълумотномаси). Натижада номоддий маданий мерос объектларининг маҳаллий ва республика аҳамиятига молик рўйхатларини шакллантириш, фольклор асарларини жанрий табиатидан келиб чиқиб архивлаштириш ва фольклор-этнографик жамоалари репертуари саҳналаштириш методикаси такомиллаштирилган;
ўзбек шомон маросими фольклорининг тарихий-генетик асослари ва шомон мифологияси таҳлилига доир материаллардан Навоий вилояти тарих ва маданияти музейининг экспонатлар залини шомон магик анжомлари ва кийимлари билан жиҳозлашда, шунингдек, Сармишсой очиқ осмон остидаги музей қўриқхонасига ташриф буюрган сайёҳларга қоятош суратлари моҳиятини изоҳлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг 2020 йил 8 июндаги 01-1/60 рақамли маълумотномаси). Натижада халқимизнинг қадимий мифологик тасаввурлари акс этган осори-атиқалар моҳияти ҳақида кенг кўламли тушунча бериш имкониятлари кенгайтирилган; 
тадқиқотчининг ўзбек маросим фольклорининг миллий қадрият сифатидаги аҳамияти ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилишга оид илмий қарашларидан Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти телерадиокомпанияси “Қадрият” рукни остида телекўрсатувлари, вилоят радиосининг “Момо мерос қадриятлар” туркум эшиттиришлари, “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан тайёрланган туркум кўрсатувлари ва радиоэшиттиришларини тайёрлашда кенг фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Навоий вилояти телерадио компаниясининг 2020 йил 10 июндаги 01-04/69 рақамли маълумотномаси). Натижада халқимиз бадиий тафаккурининг кўп асрлик қадриятлари тизимининг ёш авлод маънавий камолотидаги тутган муҳим ўрни ва аҳамияти хусусидаги янги маълумотлар кенг томошабинлар оммасига етказилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish