Sayt test rejimida ishlamoqda

Шамсиев Анвар Акбаровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Зарафшон водийси шароитига мос ширин картошка (батат) навларини ажратиш ва ўстириш технологиясини такомиллаштириш”, 06.01.08 – «Ўсимликшунослик» (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.РhD/Qх607.
Илмий раҳбар: Остонақулов Тоштемир Эшимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд ветеринария медицинаси институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.05.30.12.2019.Qx/B.42.01.
Расмий оппонентлар: Атабаева Халима Назаровна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Расулов Фахриддин Фахмуддинович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Зарафшон водийси шароитида ширин картошка (батат) нав намуналари тўпламини тезпишарлиги, ўсиши, ривожланиши, жадал кўпайиши, ҳосил шаклланиши, маҳсулдорлиги, уяда туганакларнинг ғуж жойлашиши, умумий ва товар ҳосилдорлиги, туганаклар биокимёвий таркиби ҳамда сақланувчанлиги бўйича ҳар томонлама баҳоланиб, истиқболлиларини ажратиш асосида юқори ва сифатли ҳосил олишни таъминловчи агротехнологик тадбирлар тизимини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Зарафшон водийсининг суғориладиган ўтлоқи-бўз тупроқлари шароитида ширин картошка нав намуналари тўплами кўчат чиқими, тезпишарлиги, ўсиши ва ривожланиши, жадал кўпайиши, ҳосил тўплаш тезлиги, маҳсулдорлиги, уяда туганакларнинг жойлашиши, умумий ва товар ҳосилдорлиги, туганаклар биокимёвий таркиби ҳамда сақланувчанлиги бўйича ҳар томонлама баҳоланиб, истиқболлилари ажратилган, етиштириш агротехнологиялари такомиллаштирилган;
ажратилган ширин картошка навларининг кўчати далага ўтказилгач, турли мульчалаш турларининг ўсимлик ўсиши, ривожланиши, палак ва туганак шаклланиши, маҳсулдорлик кўрсаткичлари ва товар ҳосилдорлигига таъсири ҳамда пайкал тупроғининг ҳарорати ва намлигини бошқариш аниқланган;
танланган батат навларининг кўчатлари турли қатор ораси кенглиги ва туп қалинликларида ўстирилганда ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши, ҳосил шаклланиши ҳамда умумий ва товар ҳосилдорлиги ўрганилиб, мақбул қатор ораси кенглиги ва туп қалинлиги белгиланган;
турли суғориш тартиблари ва минерал ўғитлар меъёрларида ширин картошка навларининг ўсиши, палак ва туганак шаклланиши, ҳосилдорлиги ва сақланувчанлиги баҳоланиб, кўчат ўсиш, юқори ва сифатли товар ҳосилини ҳамда сақланувчанликни таъминловчи мақбул суғориш тартиби ва минерал ўғитлар меъёрлари аниқланган;
ажратилган ширин картошка навлари мақбул агротехнологик тадбирларда ўстиришнинг иқтисодий самарадорлиги ҳисобланган ва ишлаб чиқаришга тавсиялар яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ширин картошка нав намуналари тўпламини ҳар томонлама баҳолаш, улардан истиқболлиларини ажратиш ҳамда юқори ва сифатли ҳосил олишга имкон берувчи агротехнологиясини яратиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
фермер ва томорқа хўжаликлари учун «Ширин картошка (батат) ажратилган навлари ва уларни ўстиришнинг такомиллашган агротехнологиясига оид тавсиялар» номли тавсиянома тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 20.08.2020 йил, №02/027-2582-сон маълумотномаси). Бунда фермер ва деҳқонлар учун ширин картошка навларини етиштириш технологиясини мақбуллаштириш бўйича зарур тавсиялар берилган ва услубий қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
ширин картошканинг ажратилган Хазина, Сочакинур, Xar-Bay, Japan каби навларини Самарқанд вилояти Тойлоқ туманининг «Райхон» фермер хўжалигида 6 гектар, «Чаросой Шохрузбек илм» фермер хўжалигида 4,5 гектар ҳамда СПЕКИТИ Самарқанд илмий тажриба станциясида 3,3 гектар майдонга ўстиришнинг такомиллашган агротехнологияси, яъни юпқа (чигит) плёнка билан мульчалаш, мақбул экиш усули 90х20х1 ёки 70х25х1 см тартибда гектарига 55,5-57,1 минг туп қалинликда, суғориш тартибида тупроқ намлигини ЧДНС га нисбатан 70-80% да ушлаш учун ўсув даврида 12 марта 5-7 тартибда суғориш, минерал ўғитларни N200P160K100 кг/га меъёрида қўллаш жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 20 августдаги 02/027-2582-сонли маълумотномаси). Натижада ширин картошка гектаридан навлар бўйича 38,4-56,4 тоннагача товар ҳосилдорликка эришилган;
Самарқанд вилоятининг фермрер хўжаликларида мазкур ширин картошка навлари ва уларнинг такомиллашган технологияси жами 13,8 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 20 августдаги 02/027-2582-сонли маълумотномаси). Натижада ҳар гектардан 25,3-48,7 млн.сўм соф даромад ва 88,6-161,2% рентабеллик ёки назоратга нисбатан 8,4-12,0 млн.сўм қўшимча соф даромад ва 24,6-31,3% рентабеллик даражаси таъминланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish