Sayt test rejimida ishlamoqda

Мусаева Гулбахор Максудовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ғалланинг зарарли ҳасва ва занг касаллиги билан зарарланиш даражаларини аниқлаш тизимини ишлаб чиқиш”, 06.01.09–Ўсимликларни ҳимоя қилиш (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.PhD/Qx100.
Илмий раҳбар: Яхяев Хашим Касимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/30.12.2019.Qx.13.01.
Расмий оппонентлар: Торениязов Елмурат Шерниязович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Исомиддинов Илхомжон Тулаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Андижон вилоятининг иқлим шароитида буғдойнинг асосий зараркунандаси зарарли ҳасванинг ривожланиши ва тарқалишини, занг касаллигини зарарланиши ва тарқалиши мумкин бўлган майдонлар ҳажмини прогнозлаштириш ва автоматлаштирилган мониторинг тизимини, унинг асосида ҳимоя тадбирлари режаларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, буғдойнинг асосий зараркунандаси зарарли хасвани ривожланиши ва тарқалишининг мониторинг тизими ишлаб чиқилган; 
зарарли хасванинг ривожланиш муддатларига аниқлик киритилиб, улар ривожланишининг фенологик календарлари тузилган, об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда уларнинг ривожланиши, тарқалиши ва зарар келтириш даражалари аниқланган; 
зарарли хасва ва занг касаллигига қарши кураш чоралари такомиллаштирилган ва уларнинг биологик ва иқтисодий самаралари аниқланган;
ғалла экинларини зарарли хасва ва занг касаллигидан ҳимоя қилиш воситаларига бўлган эҳтиёжни режалаштириш меъёрлари ишлаб чиқилган;
ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун Android типидаги мобил телефонларида ишлайдиган, зарарли хасванинг пайдо бўлиш муддатлари, зарар келтириш даражасини аниқловчи ва уларга қарши кураш чораларини ифодаловчи мобил илова ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг гувоҳномаси олинган ҳамда ундан фойдаланиш усуллари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ғалланинг зарарли хасва ва занг касаллиги билан зарарланиш даражаларини аниқлаш тизимини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
«Зарарли хасва пайдо бўлишини олдиндан аниқлаш» ва «Занг замбуруғининг ривожланиши ва зарарлаш даражасини аниқлаш» Android типидаги мобил телефонларида ишлайдиган дастурлар ёрдамида буғдойнинг асосий сўрувчи зараркунандаси зарарли хасванинг ривожланиши, тухум қўйиш ва личинкаларнинг чиқиш муддатлари ва занг касаллиги билан зарарланиш даражаларини аниқлаш бўйича Андижон вилоятининг Улуғнор, Олтинкўл, Жалақудуқ ва Қўрғонтепа туманлари фермер хўжаликларининг 694 гектар буғдой майдонларида жорий этилган («Ўзагрокимёҳимоя» акционерлик жамиятининг 2020 йил 4 февралдаги 03-12/91-сон маълумотномаси). Натижада зараркунанда ва касалликка қарши ўтказиладиган ишловлар сонини камайтиришга эришилган;
Андижон вилоятининг  Улуғнор, Олтинкўл, Жалақудуқ ва Қўрғонтепа туманлари шароитида зарарли хасва тухумларига қарши 2018 йил 10-18 апрелда, 2019 йил 9-19 апрелда олтинкўз энтомофаги қўлланилган. (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 21 январдаги № 02/025-205-сон маълумотномаси). Натижада зарарли хасва тухумлари ва личинкаларига қарши олтинкўз энтомофаги қўлланилганда биологик самарадорлик 81-87,7% бўлишига эришилган;
кузги буғдойнинг «Чиллаки», «Таня», «Васса», «Бобур», «Андижон-4», «Краснодарская-99», «Гром», «Аср» навларига DRUNK 300 EC 33% к.э. фунгицидининг 0,2 л/га меъёри билан ва Grizli 10% к.э. инсектицидининг 0,1 л/га меъёри билан сариқ зангга ва зарарли хасвага жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 21 январдаги № 02/025-205-сон маълумотномаси). Натижада занг касаллигига DRUNK 300 EC 33% к.э. фунгициди қўлланилганда 87-90% ни, зарарли хасвага Grizli 10% к.э. инсектициди қўлланилганда 87-95,3% ни, 1 гектар майдондан 1-6 центнергача ҳосил сақлаб қолинган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish