Sayt test rejimida ishlamoqda

Бозоров Руслан Хамдамовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тижорат банклари молиявий барқарорлигини таъминлашни такомиллаштириш», 08.00.07 – Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Iqt948.
Илмий раҳбар: Бекмуродов Адхам Шарипович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/10.12.2019.I.16.01.
Расмий оппонентлар: Омонов Акром Абдиназарович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Эшов Мансур Пулатович, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Акциядорлик тижорат «Алоқабанк».
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тижорат банклари молиявий барқарорлигини таъминлашни такомиллаштиришга оид илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
банк активлари сифатини ошириш, муаммоли кредитларни самарали бошқариш, банкнинг самарасиз харажатларини камайтириш орқали банк активлари рентабеллиги (ROA) кўрсаткичини ошириш асосида тижорат банклари активлари оптимал таркибини шакллантириш имкониятлари асосланган;
давлат улуши мавжуд бўлган тижорат банклари молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида улар ресурс маблағларини мустақил равишда жалб этиши мақсадга мувофиқлиги асослаб берилган;
тижорат банклари кредитлари бўйича яратилган эҳтимолий йўқотишлар захираси миқдорининг банк ўртача активларига нисбати, банк рентабеллик кўрсаткичлари ҳамда соф фоизли маржа меъёрий талабларини бажариши уларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши асослаб берилган; 
тижорат банклари томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, уларнинг техник-иқтисодий асосномасини таҳлил қилиш, соф жорий қиймат (NPV)ни аниқлаш, кредит бўйича банк фоиз ставкасининг юқори чегарасини кўрсатадиган фойданинг ички меъёри (IRR)ни ҳисоблаш усули такомиллаштирилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Тижорат банклари молиявий барқарорлигини таъминлашни такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар асосида:
тижорат банклари активлари сифатини ошириш, муаммоли кредитларни самарали бошқариш, банкнинг самарасиз харажатларини камайтириш билан боғлиқ таклифлар “Ўзбекистон саноат-қурилиш банки” АТБ  Кенгашининг 2018 йил 24 январдаги 4/2018-сонли қарорида инобатга олинган (“Ўзбекистон саноат-қурилиш банки” АТБнинг 2020 йил 19 февралдаги 01-07/1082-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида 2018 йилга нисбатан банк активлари рентабеллиги даражаси 0,3 фоизли пунктга, банк соф фойдаси миқдори эса 85,7 млрд.сўмга ошган; 
тижорат банклари акционерлик капиталини банк активлари умумий суммасига нисбатини Базель тавсияларидан кам бўлмаган миқдорига эришиш, банклар капиталлашув даражасини унинг активлари ўсиш миқдоридан кам бўлмаган даражада ошириб бориш орқали банк капитали рентабеллик кўрсаткичини ошириш таклифи “Ўзбекистон саноат-қурилиш банки” АТБ  Кенгашининг 2018 йил 24 январдаги 4/2018-сонли қарорида инобатга олинган (“Ўзбекистон саноат-қурилиш банки” АТБнинг 2020 йил 19 февралдаги 01-07/1082-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида “Ўзсаноатқурилишбанк” капитали рентабеллиги кўрсаткичи (ROE) 2018 йилга нисбатан 0,7 пунктга, банк капитали ҳажмини 424,9 млрд. сўмга ошган;  
тижорат банклари томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, уларнинг техник-иқтисодий асосномасини таҳлил қилиш, бир неча босқичда молиялаштиришни талаб этадиган лойиҳа бўйича соф жорий қиймат (NPV)ни аниқлашни такомиллаштирилган ҳисоблаш усулини жорий этиш таклифи “Туронбанк” АТБ Кенгашининг 2017 йил 21 декабридаги К-150-сонли қарори билан 2018 йил учун ишлаб чиқилган “Инвестиция сиёсати”га киритилган (“Туронбанк” АТБнинг 2020 йил 13 февралдаги 11/02-79-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида банк активлари таркибида инвестициялар ҳажми олдинги йилга нисбатан 1,2 баробарга ошиб, 2018 йил 1 октябрь ҳолатига 40,3 млрд. сўмни ташкил этган; 
олинаётган кредит бўйича банк фоиз ставкасининг юқори чегарасини кўрсатадиган фойданинг ички меъёри (IRR)ни аниқлашни такомиллаштирилган ҳисоблаш усулини жорий этиш таклифи “Туронбанк” АТБ томонидан “Туронбанк” АТБ Кенгашининг 2017 йил 21 декабридаги К-150-сонли қарори билан 2018 йил учун ишлаб чиқилган “Инвестиция сиёсати”га киритилган (“Туронбанк” АТБнинг 2020 йил 13 февралдаги 11/02-79-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида инвестициялардан олинган фойда ва дивидендлар олдинги йилга нисбатан 13,5 баробарга ошиб, 2018 йил 1 октябрь ҳолатига 6,1 млрд. сўмни ташкил этган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish