Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдуганиева Джамиля Рустамовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Тил ОТМлар талабаларини кетма-кет таржимага ўргатишнинг лингводидактик хусусиятлари”, 13.00.02 – Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (инглиз тили) (педагогика фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Ped243. 
Илмий раҳбар:  Қулмаматов Дўсмамат Саттарович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, DSc.03/30.12.2019.Fil/Ped.27.01. 
Расмий оппонентлар: Тўхтасинов Илхом Мадаминович, педагогика фанлари доктори, профессор; Назарова Мадина Атахановна, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тил ОТМ талабаларини кетма-кет таржимага ўргатишнинг лингводидактик хусусиятларини аниқлаш ҳамда она тилидан инглиз тилига ва инглиз тилидан она тилига кетма-кет таржимани ўқитиш методикасини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
синхрон ва кетма-кет таржиманинг умумий, фарқли (тасниф, вақт интервали, жиҳозланиш, таржимонлик фаолияти, хатти-ҳаракат, коммуникация) ва ўхшаш (шакл, ўзлаштириш, таққослаш, реал коммуникация, кўникмалар умумийлиги) хусусиятлари таржима сифатини баҳолаш даражалари (микро, мезо ва макро даражалари) орқали аниқланган;
кетма-кет таржимага ўқитишнинг ўзига хос лингводидактик хусусиятлари (прагматик, лексик-семантик, коммуникатив, психофизиологик, социо-маданий, техник) талабаларнинг психофизиологик маълумотларини (нутқнинг баландлиги ва аниқлиги, стрессли вазиятларга бардошлиги, асосий ибораларни оператив хотирада сақлаш ва бошқалар) ривожлантириш орқали аниқланган;
нутқ кўникмаларининг лингвистик, психологик ва техник қийинчиликлари вазиятли омиллар бўйича кетма-кет (бошланғич, калитли, ўтиш, синтез, якуний) таржиманинг босқичлари орқали аниқланган;
она тилидан инглиз тилига ва инглиз тилидан она тилига икки томонлама кетма-кет таржимани ўқитиш методикаси мақсадли махсус матнларни танлаш ва вазиятли таҳлил методи асосида такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тил ОТМ талабаларини кетма-кет таржимага ўргатишнинг лингводидактик хусусиятлари юзасидан ишлаб чиқилган услубий ва амалий таклифлари асосида:
синхрон ва кетма-кет таржиманинг умумий, фарқли ва ўхшаш хусусиятлари бўйича илмий янгиликлардан “Олимпия Шон-шуҳрат музейи” гид-таржимонлари учун кетма-кет таржима бўйича тренинг махсус материалларини тайёрлашда фойдаланилган (Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2020 йил 6 июлдаги 02-07-08-1926-сон маълумотномаси). Натижада, таржимонлар учун кетма-кет таржима мазмунидаги тренинг машғулотлари ишланмаси ишлаб чиқилиб, микро, мезо ва макро даражада таржима сифатини янада аниқ баҳолаш ва кетма-кет таржиманинг сифатини ошириш имконияти яратилган; 
талабаларнинг психофизиологик маълумотларини ривожлантириш орқали аниқланган кетма-кет таржимага ўқитишнинг ўзига хос лингводидактик хусусиятларидан А-1-209 рақамли “Маданиятлараро ва коммуникатив ёндашув нигоҳида магистратура мутахассислиги (инглиз тили) бўйича назарий фанлардан инглиз тилида дарслик ва ўқув қўлланмалар яратиш ва ўзбекча-инглизча-русча лингвистик терминлар луғатини тузиш” мавзусидаги амалий лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 18 ноябрдаги 89-03-4459-сон маълумотномаси). Натижада, кетма-кет таржима жараёнининг босқичлари такомиллашуви асосида таржима сифатини ошириш ва уни баҳолаш имкониятлари кенгайтирилган;
кетма-кет таржиманинг босқичлари орқали аниқланган нутқ кўникмаларининг лингвистик, психологик ва техник қийинчиликлари вазиятли омилларга оид материаллар 6.1.Таржима қилиш ва ўқитишнинг замонавий тенденциялари модулини такомиллаштиришда фойдаланилган (Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий марказининг 2020 йил 8 июндаги 10-05/65-сон маълумотномаси). Натижада, педагогик кадрларнинг малакасини ошириш курслари машғулотлари мазмунан бойитилган;
мақсадли махсус матнларни танлаш ва вазиятли таҳлил методи асосида такомиллаштирилган она тилидан инглиз тилига ва инглиз тилидан она тилига икки томонлама кетма-кет таржимани ўқитиш методикаси бўйича таклифлардан Туризм бўйича давлат қўмитаси тизимидаги гид-таржимонлар ва экскурсоводлар касбий фаолиятини методик таъминлаш материалларини тайёрлашда фойдаланилди (Туризм бўйича давлат қўмитасининг 2019 йил 11 октябрдаги 02-22/7465-сон маълумотномаси). Натижада, гид-таржимонларни кетма-кет таржимага ўқитишнинг методик таъминоти бойитилган ҳамда гид-таржимонлар ва экскурсоводлар касбий фаолияти натижадорлигини ошириш имконияти яратилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish