Sayt test rejimida ishlamoqda

Чўтматов Жўрабек Омоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «VII-IX асрлар Термиз маънавий муҳити тарихи: анъаналар, тадриж ва янгиланиш»,  07.00.01 - Ўзбекистон тарихи ва 07.00.08 - Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.PhD/Tar405.
Илмий раҳбар: Шайдуллаев Шопўлат Бозорович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
Бир марталик ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, бир марталик ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD 03/30.12.2019. Tar.02.10.
Расмий оппонентлар: Зиёдов Шовосил Юнусович, тарих фанлари номзоди, доцент; Отахўжаев Азамхўжа Музаффарович, тарих фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади VII-IX асрлар Термиз маънавий муҳити ҳамда унинг Марказий Осиё ва ислом дунёсида тутган ўрнини ёритишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги.
Термизда янги исломий илмий-маънавий муҳит VII аср охирида шаклланиб, VIII аср бошидан бутун ислом оламига таъсир кўрсатгани асосланган. Бу масалада Термиз эрта фатҳ (676 й) этилгани, саҳоба Абу Фотима Амр Иёдий Термизда ислом жамоасига бош бўлгани, 689 йилда Мусо ибн Абдуллоҳ Хозим Термизни эгаллаб, уни ўн беш йил халифаликдан мустақил ҳудуд ва уммавийларнинг Мовароуннаҳрдаги маркази сифатида тутиб тургани, натижада, Термизда исломий муҳит эрта шаклланиб, бу ерда ўнга яқин табаъ тобеъин етишиб чиққани аниқланган; 
Ҳанафий мазҳабининг шаклланиши, ёйилиши ва ривожида Мовароуннаҳрда Термизий алломалар муҳим ўрин тутгани, хусусан, илк даврларда Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг дўсти Холид ибн Зиёд Термизий ва унинг ўғли Абдулазиз ибн Холид Термизийлар (Имом Аъзам шогирди) Мовароуннаҳрнинг илк ҳанафий қозиларидан бўлишгани, Исроил ибн Зиёд Термизий Имом Аъзам шогирди сифатида унинг маноқибини битгани аниқланди. Кейинчалик ҳам, Термиз ҳанафийлик маркази сифатида ўз ўрнини сақлаб қолганлиги асосланган;
VII-IX асрларда Термизий нисбалари билан танилган 72 алломанинг ҳаёти ва ижодининг аҳамияти, нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё, балки бутун ислом оламида муҳим ўрин тутган. Жумладан, бу олимлар исломий илмлар борасида илмий мактаблар яратишган бўлиб, шу асосда Термизда тафсир ва ҳадисшунослик, тасаввуф ва фиқҳ мактаблари фаолият кўрсатганлиги аниқланган; 
Имом Термизий ҳадис илми тарихида асар яратишнинг уч услубига асос солганлиги, жумладан: 1) ҳадисларни китобнинг ўзида матн, санад ва ҳуқуқий жиҳатдан кенг таҳлил этиш, заиф ҳадисларнинг шариатдаги аҳамиятини асослаш («Ал-Жомеъ ал-кабир» мисолида); 2) муҳаддислар услубидаги пайғамбарлик сийратини битишни алоҳида йўналиш сифатида ишлаб чиқиш («Аш-Шамоил ан-набавийя» мисолида); 3) ҳадис илмининг муҳим қонун-қоида ва атамаларини ёзма шаклда чуқур илмий таҳлил этиш («Китоб ал-илал» мисолида) каби фундаментал аҳамияти асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
VII-IX асрлардаги Термиз маънавий муҳити тарихи таҳлили бўйича олинган натижалар асосида:
VII-IX асрларда Термизий нисбалари билан танилган 72 алломанинг Термизда тафсир ва ҳадисшунослик, тасаввуф ва фиқҳ мактаблари фаолияти, уларнинг Ўзбекистон, Марказий Осиё ва бутун ислом оламидаги ўрни ҳамда Имом Термизийнинг «Ал-Жомеъ ал-кабир», «Аш-Шамоил ан-набавийя» ва «Китоб ал-илал» асарлари аҳамиятига оид маълумотлар китоб шаклида “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази” буюртмаси асосида нашр этилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йил 24 июндаги №39-сонли маълумотномаси). Тадқиқотнинг натижалари Ўзбекистонда ҳадисшунослик илми тарихини ўрганишда Термизий алломалар ҳиссасини белгилаш ва уни бугунги кунда ривожлантиришга хизмат қилган; 
Ҳанафий мазҳабининг шаклланиши, ёйилиши ва ривожида Мовароуннаҳрда Термизий алломалар муҳим ўрин тутгани ҳамда Термиз ҳанафийлик маркази сифатида ўз ўрнини сақлаб қолганлигига оид маълумотлар китоб шаклида “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази” бюртмаси асосида нашр этилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йил 20 июндаги №40-сонли маълумотномаси). Тадқиқот хулосалари Ҳаким Термизий таълимотини баҳолаш, юртимиз ва ислом дунёсида Термизий олимлар мисолида дин ва тасаввуф тарихини ўрганишга хизмат қилган; 
Термизда янги исломий илмий-маънавий муҳит VII аср охиридан шаклланиб, VIII аср бошидан бутун ислом оламига таъсир кўрсатгани ва Термизда етишиб чиққан ўнга яқин табаъ тобеъинларга оид хулосалардан «Сурхондарё» телеканалининг «Мозий кўзгуси» ва «O`zbekiston 24» телеканалининг «Мозий» кўрсатувларида фойдаланилган (Сурхондарё вилояти ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияларининг 2019 йил 20 апрелдаги 01-05/282-сонли ва 20 июлдаги 01-09/835-сонли маълумотномалари). Тақдим этилган материаллар Термиз маънавий муҳити, Термизийлар ҳаёти ва ижоди тарихини янги материаллар асосида кенг жамоатчиликка тарғиб қилишга асос бўлган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish