Sayt test rejimida ishlamoqda

Худайбердиев Зафар Рахимовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Инновацион иқтисодиётнинг шаклланиши шароитида меҳнат бозорининг амал қилиш механизмини такомиллаштириш», 08.00.01 – Иқтисодиёт назарияси; 08.00.10 – Демография. Меҳнат иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3.DSc/Iqt266. 
Илмий маслаҳатчи: Вахабов Абдурахим Васикович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.I.01.11.
Расмий оппонентлар: Набиев Эльшод Ганиевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Зокирова Нодира Қаландаровна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Расулова Дилфуза Валиевна, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инновацион иқтисодиётнинг шаклланиши шароитида меҳнат бозорининг амал қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича мақсадли кадрлар тайёрлаш учун умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни касбга йўналтириш ишларини тизимли ташкил этиш таклифи асосланган;
меҳнат бозорининг амал қилиш механизми ахборот-коммуникация технологиялари асосида бўш иш ўринларининг умуммиллий ахборот тизимини такомиллаштириш, ушбу тизимга иш берувчилар ва ёлланувчилар томонидан маълумот киритиш имкониятини яратиш таклиф этилган;
инновацион вақтинчалик бир марталик ишлар билан таъминлаш бюролари фаолияти давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш таклифи орқали такомиллаштирилган;
миллий малакали кадрлар тайёрлашнинг истиқбол режаси ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжи ўртасидаги мувозанатни таъминлашнинг иқтисодий механизми меҳнат бозоридаги ишчи кучига бўлган ички ва ташқи талабларни ҳисобга олиш ва уюшган меҳнат миграцияси тизимининг ҳуқуқий-институционал асосини яратиш орқали такомиллаштирилган;
меҳнат бозорини инновацион бошқариш модели, интеграциялашган ижтимоий-иқтисодий кластер тузилмасини қўллаш, шунингдек, ўзини ўзи иш билан таъминлаётган меҳнатга лаёқатли аҳоли учун микрокластерларни макрокластер тузилмаларига боғлаш механизми таклиф этилган;
бўшаган ўрта махсус касб-ҳунар коллежларининг бир қисмида ўзбекистонликлар кўп ишлайдиган мамлакатлардаги бизнес компанияларнинг ишчи кадрлар тайёрлайдиган марказларини ташкил этиш орқали ҳудудий инфратузилма, ҳудудий тузилма ва ёлланувчилар вакили ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатлари такомиллаштирилган;
меҳнат бозорининг иерархик модели ва олтита муқобил вариантли сценарийлари асосида унинг истиқболини белгилаш таклифи ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Инновацион иқтисодиётнинг шаклланиши шароитида меҳнат бозорининг амал қилиш механизмини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича мақсадли кадрлар тайёрлаш учун умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни касбга йўналтириш ишларини тизимли ташкил этиш таклифидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3856-сонли қарорининг 9-банди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1066-сон қарорининг 14-бандини тайёрлашда қўлланилди (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2019 йил 4 июлдаги 09-14/1264-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, умумий ўрта таълим муассасаларида юқори синф ўқувчилари учун ўқитиладиган «Касбга ўқитиш» фанининг ўқув дастури «Меҳнат бозорида рақобатбардошлиликнинг шахсий кўникмаларини ривожлантириш» мавзуси билан бойитилган;
меҳнат бозорининг амал қилиш механизми ахборот-коммуникация технологиялари асосида бўш иш ўринларининг умуммиллий ахборот тизимини такомиллаштириш, ушбу тизимга иш берувчилар ва ёлланувчилар томонидан маълумот киритиш имкониятини яратиш таклифидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга доир фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 964-сон қарорининг 4-бандини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2019 йил 4 июлдаги 09-14/1264-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши аҳоли бандлигига мутасадди бўлган давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимларини бўш иш ўринлари миллий базасидан фойдаланиш кўникмаларига ўқитишни таъминлаш ва меҳнатга муҳтож аҳоли қатламининг ишга жойлашиш даврини йигирма фоизга қисқартириш имконини яратган;
инновацион вақтинчалик бир марталик ишлар билан таъминлаш бюролари фаолиятини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш таклифидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг тўртинчи устувор йўналиши 5-бандини амалга ошириш механизмига киритилди (Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 2 мартдаги 01/00-04/2395-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши аҳоли бандлиги борасидаги чора-тадбирларнинг самарадорлигини ҳамда бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш имконини берган;
миллий малакали кадрлар тайёрлашнинг истиқбол режаси ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжи ўртасидаги мувозанатни таъминлашнинг иқтисодий механизмини меҳнат бозоридаги ишчи кучига бўлган ички ва ташқи талабларни ҳисобга олиш ва уюшган меҳнат миграцияси тизимининг ҳуқуқий-институционал асосини яратиш орқали такомиллаштириш борасидаги таклифидан Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 октябрдаги №ЎРҚ-501-сонли «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10–14-моддаларини тайёрлашда (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2019 йил 5 июндаги 04/3-15-62-сон маълумотномаси), «2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг тўртинчи йўналиши 4-бандини амалга ошириш механизмига киритилди, шунингдек «2020-2024 йилларда Ўзбекистонда Инсон капиталини ривожлантириш концепцияси»ни ишлаб чиқишда фойдаланилди (Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 2 мартдаги 01/00-04/2395-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларини амалиётда қўллаш хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозори конъюнктурасини ўрганиш асосида бўш иш ўринлари тўғрисида Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларга ахборотлар тақдим этиш, хорижда меҳнат қилишни хоҳлаётган шахслар ҳақидаги ахборотни уларнинг розилиги билан хорижлик иш берувчилар ўртасида тарқатиш ва ташқи меҳнат миграцияси жараёнида қатнашаётган меҳнат бозори субъектларининг ижтимоий ҳимояланишига ҳуқуқий асос яратган;
меҳнат бозорини инновацион бошқариш модели, интеграциялашган ижтимоий-иқтисодий кластер тузилмасини қўллаш, шунингдек, ўзини ўзи иш билан таъминлаётган меҳнатга лаёқатли аҳоли учун микрокластерларни макрокластер тузилмаларига боғлаш механизмини яратиш таклифидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2020 йилда «Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича узоқ муддатли Миллий стратегия»ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 2 мартдаги 01/00-04/2395-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларини амалиётда қўллаш аҳолининг ўзини ўзи иш билан таъминлашида микрокластерлар фаолияти асосида аҳоли камбағаллигини муайян даражада қисқартиришга асос яратган;
бўшаган ўрта махсус касб-ҳунар коллежларининг бир қисмида ўзбекистонликлар кўп ишлайдиган мамлакатлардаги бизнес компанияларнинг ишчи кадрлар тайёрлайдиган марказларини ташкил этиш орқали ҳудудий инфратузилма, ҳудудий тузилма ва ёлланувчилар вакили ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини такомиллаштириш таклифидан бўшаган ўрта махсус касб-ҳунар коллежларининг 30 тасини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказишда, улар негизида марказлар фаолиятини ташкил этишда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 33-бандини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 2 мартдаги 01/00-04/2395-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши мамлакат олдида турган ижтимоий вазифаларни ҳал этишда ижтимоий шериклик институтини кенг жорий этиш ва унинг субъектлари таркибига бизнес тузилмани киритиш учун хизмат қилган;
меҳнат бозорининг иерархик модели ва олтита муқобил вариантли сценарийлари асосида унинг истиқболини белгилаш таклифидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 220-бандини тайёрлашда, 2020 йилда «Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича узоқ муддатли Миллий стратегия»ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 2 мартдаги 01/00-04/2395-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши хорижий мамлакатларнинг олий таълим муассасалари филиаллари ва қўшма таълим дастурларини ташкил этиш, битирувчиларни олий таълим билан қамров даражасини ошириш, олий маълумотлилар сонини кўпайтириш асосида меҳнат бозорида таклиф этилаётган иш ўринлари таркибида олий маълумотлилар салмоғини ошириш имконини яратган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish