Sayt test rejimida ishlamoqda

Баҳриддинова Башорат Мадиевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистонда ўқув луғатчилиги: лингвистик асослари, тарихи ва истиқболлари”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.DSc/Fil120.
Илмий раҳбар: Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса: Қарши давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Каримов Суюн Амирович, филология фанлари доктори, профессор; Собиров Абдулҳай Шукурович, филология фанлари доктори, профессор; Бакиров Поён Уралович, филология фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек ўқув луғатчилигининг назарий ва амалий масалаларини ёритиш ҳамда истиқболдаги вазифаларини белгилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўқув луғатларининг она тилидан амалий фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда хорижий тилларни тезкор ўргатиш, шунингдек, ёш авлодни миллий ва умуммаданий қадриятларга содиқ қилиб тарбиялашнинг муҳим воситаси экани асосланган;
ўқув луғатларининг тавсифий хусусиятлари, уни яратишнинг асосий мезонлари, вазифалари, замонавий ва анъанавий типлари, таркибий тузилмаси билан боғлиқ назарий масалалар ёритилган; 
илк лингвистик манбалар луғат шаклида юзага келгани, ўз даврининг ижтимоий, сиёсий, маданий эҳтиёжини қондириш ҳамда ҳукумат буюртмасига кўра яратилгани, соф ўқув характерига эга бўлгани далилланган;
ўзбек ўқув луғатчилиги даврлаштирилган ва ҳар бир даврда яратилган ўқув луғатлари комплекс таҳлил қилиниб, уларнинг тил ўргатиш, тиллараро ва маданиятлараро алоқани таъминлаш, она тили имкониятларидан тўғри ва самарали фойдаланиш кўникмасини ошириш, нотиқликка ўргатиш, адабий тил меъёрларини ўзлаштиришдаги хизмати асосланган;
ўзбек тилида яратилаётган янги авлод ўқув луғатларининг мазмуни (контент) ва савиясини ошириш, корпусини такомиллаштириш, луғат сўзлигини танлаш ва семантизацияда замонавий лексикографик тамойиллар, жаҳон ўқув луғатчилиги тажрибаларини уйғунлаштириш лозимлиги кўрсатилган;
ўзбек ўқув луғатчилигининг луғатлар қамровини кенгайтириш, узлуксиз таълимнинг барча бўғинларига мўлжалланган луғатларни тузиш, уларни электронлаштириш, фойдаланувчиларда лексикографик  компетентликни ошириш билан боғлиқ замонавий ривожланиш мезонлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Жаҳон ва ўзбек ўқув луғатчилигини ўрганиш бўйича олинган натижалар асосида:
морфологик характердаги янги авлод ўқув луғатлари мазмуни ва савиясини ошириш, корпусини такомиллаштириш, луғат сўзлигини танлаш ва морфологик таркибини ажратиш билан боғлиқ назарий асослардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2012-2016 йилларда бажарилган ФА-Ф1-ГОО3 рақамли, “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (ЎзР Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2020 йил 31 мартдаги 60-1-сонли маълумотномаси). Бунинг натижасида лойиҳа материаллари ҳозирги ўзбек тилида сўз ясашнинг устувор қолиплари, имлоси билан боғлиқ меъёрий ўқув луғатларини яратишга оид янги илмий манба ва маълумотлар билан бойиган;
ўқув луғатларининг ўз даврининг ижтимоий, сиёсий, маданий эҳтиёжини қондириш ҳамда ҳукумат буюртмасига кўра яратилгани, тил воситасида миллий маданият, маънавиятнинг инсон онгига сингдирилишидаги ўрни хусусидаги назарий маълумотлардан Қарши давлат университетида 2007-2011 йилларда бажарилган ОT-Ф8-002 – “Ҳозирги замон цивилизациясининг инсон ижтимоий қиёфасига таъсири” мавзусидаги фундаментал илмий тадқиқот лойиҳасини бажаришда (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 11 июндаги 89-03-2001-сонли маълумотномаси) фойдаланилган. Натижада лойиҳа доирасида икки тилли луғатларни яратишда тил, маданият ва маънавият муштараклигини таъминлаш тамойилларининг мукаммал даражада ишлаб чиқилишига эришилган; 
ўқув луғатларининг она тилидан амалий фойдаланиш самарадорлигини ошириш, хорижий тилларни тезкор ўргатиш, шунингдек, ёш авлодни миллий ва умуммаданий қадриятларга содиқ қилиб тарбиялаш, ўқув терминологик луғатларнинг  тарихий тараққиёт босқичларидаги тадрижий такомилини ёритишда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2017-2018 йилларда бажарилган ОТ-А1-018-рақамли “Ўзбек тили ва унинг таржимаси билан боғлиқ электрон ва банк-молия терминларининг кўп тилли луғатларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳани бажаришда (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 11 июндаги 89-03-2001-сонли маълумотномаси)  фойдаланилган. Натижада лойиҳа доирасида банк-молия терминларининг кўп тилли луғатларини яратишда лексикографик семантизация, луғат корпусининг тузилишига доир янги илмий манба ва маълумотлар билан бойиган; 
ўқув луғатларининг тавсифий хусусиятлари (спецификаси), уни яратишнинг асосий мезонлари, вазифалари, замонавий ва анъанавий типлари, таркибий тузилмаси, ўзбек ўқув луғатчилигининг замонавий ривожланиш мезонларига оид назарий фикрлардан 5220100 – Филология ва тилларни ўқитиш (ўзбек тили) бакалавриат таълим йўналиши учун мўлжалланган “Ҳозирги ўзбек тили” дарслигининг “Лексика, лексик-семантик сатҳ, лексикология ва лексикография” деб номланган қисмини тайёрлашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 11 июндаги 89-03-2001-сонли маълумотномаси). Натижада дарсликдаги ўқув луғатчилиги талқинига оид маълумотлар назарий ва амалий жиҳатдан бойиган; 
ўқув луғатларининг тил ўргатиш, тиллараро ва маданиятлараро алоқани таъминлаш, она тили имкониятларидан тўғри ва самарали фойдаланиш кўникмасини ошириш, нотиқликка ўргатиш, адабий тил меъёрларини ўзлаштиришга доир назарий ва амалий хулосалар асосида Қашқадарё телевидениесининг Олтин воҳа дастуридаги “Тил − миллат кўзгуси”, “Маънавиятимиз сарчашмаси”, “Долзарб мавзу” кўрсатувларининг сценарийларини тайёрлашда (Қашқадарё вилояти телерадиокомпаниясининг 2020 йил 16 майдаги 12-15/95-сонли маълумотномаси) фойдаланилган. Натижада мазкур телекўрсатувлар учун тайёрланган материалларнинг мазмуни мукаммаллашган, илмий далилларга бой бўлиши таъминланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish