Рўзибоев Нураддин Рахимовичнинг
докторлик диссертациясиҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қизил чўл ва англер зотлари генотипидаги сигирларнинг селекция белгиларини тирик вазни ва ташқи муҳит омилларидан фойдаланиб такомиллаштириш», 06.02.01–Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини урчитиш, кўпайтириш, селекцияси ва генетикаси. Ипакчилик, Қоракўлчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Талабгорнинг илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб боришга лаёқати бўйича тест синовидан ўтгани ҳақида маълумот: /LA 0000587/.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: 30.09.2014/В2014.5.Qх142.
Илмий маслаҳатчи: Аширов Мурод Эшонқулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ва Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти, 14.07.2016.Qx/V.25.01.
Расмий оппонентлар: Қахаров Абдусаттор, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Якубов Ахматжон Бакиевич, биология фанлари доктори; Шакиров Қахрамон Жўрабоевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қизил чўл зотли қорамолларни англер зоти билан такомиллаштиришда сигирларнинг тирик вазнининг ва ташқи муҳит омилларининг маҳсулдорлик хусусиятларига таъсирини аниқлаш ва зотни ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор қизил чўл зотли сигирларни англер зотли буқалар билан чатиштиришдан олинган сигирларнинг селекция белгиларини такомиллаштиришда мақбул тирик вазн ва ташқи муҳит омилларига боғлиқлиги аниқланган;
сигирларнинг экстерьер, маҳсулдорлик, биологик, пуштдорлик, озуқани сут билан қоплаш хусусиятлари турли омилларга боғлиқлиги аниқланган;
сигирлар сут маҳсулдорлигининг пуштдорлик хусусиятларига ва наслдор буқалар генотипига боғлиқлиги аниқланган;
турли наслдор буқалар авлодларининг хўжаликда фойдаланиш муддатлари давомийлигини ошириш ва сигирлар сут маҳсулдорлиги кўрсаткичларини такомиллаштириш асослари ишлаб чиқилган;
қизил чўл ва англер зотлари генотипига мансуб сигирларнинг сут маҳсулдорлигини такомиллаштиришда селекцион-генетик кўрсаткичлардан наслчилик ишларида фойдаланиш жараёнлари такомиллаштирилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Қизил чўл ва англер зотлари генотипига эга сигирларнинг селекция белгиларини тирик вазни ва ташқи муҳит омилларидан фойдаланиб, такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган натижалар асосида:
қизил чўл ва англер зотлари генотипига эга сигирларнинг селекция белгиларини тирик вазни ва ташқи муҳит омилларидан фойдаланиб, такомиллаштириш бўйича ишланмалар 2010–2014 йилларда Хоразм вилояти Урганч туманидаги Қ.Сапаев номли ҳамда Хонқа туманидаги «Ислом-Комил» наслчилик фермер хўжаликларининг қорамолчилик фермаларида жорий этилган.(Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 08.11.2016 й., 02/12-1246-сон маълумотномаси). Бунда Қ.Сапаев номли наслчилик фермер хўжалигида сигирларнинг селекция белгилари такомиллаштирилган, маҳсулдорлик хусусиятлари яхшиланган, юқори маҳсулдор подалар яратиш имкониятлари кенгайган ҳамда иқтисодий самара ҳар бир бош сигирдан ўртача 546 005 сўмни ташкил этган. «Ислом-Комил» наслчилик фермер хўжалигида аралашма озиқлантириш типини жорий этиш натижасида ўртача бир бош сермаҳсул сигирларнинг сут миқдори етук ёшдаги қизил чўл зотининг андоза талабларидан ўртача 414 кг ёки 13,35 фоиз, сут ёғи чиқими эса 17,0 кг ёки 14,82 фоиз юқори бўлган ҳамда иқтисодий самара ҳар бир бош сигирдан йил давомида ўртача 477 030 сўмни ташкил этган.