Sayt test rejimida ishlamoqda

Ҳалимова Гулшан Субҳоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Паст тоғлар сув ресурслари шаклланишининг табиий географик омиллари ва улардан самарали фойдаланиш масалалари (Қулжуқтов тизмаси мисолида)», 11.00.01 – Табиий география (география фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.PhD/Gr14.
Илмий раҳбар: Ҳикматов Фазлиддин Ҳикматович, география фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети,
DSc.03/30.12.2019.Gr.01.06.
Расмий оппонентлар: Раҳматуллаев Арзимурад, география фанлари доктори;  Ибрагимова Раъно Алимбоевна, география фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Сейсмология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: паст тоғлар юза сувларининг шаклланишига табиий географик омиллар таъсирини ва ҳавза геосистемаларида шаклланадиган сув ресурсларини Қулжуқтов тизмаси мисолида баҳолаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
паст тоғлар ёнбағирларида вақтинчалик юза оқим шаклланишига таъсир этадиган асосий табиий географик омиллар (ер юзаси литологияси, ёғинларнинг ёғиш мавсуми, тури, жадаллиги, давомийлиги) Қулжуқтов мисолида аниқланган; 
Қулжуқтов тизмаси ёнбағирлари ҳавза геосистемаларининг сув ресурслари ҳосил бўлишини белгиловчи асосий омил - атмосфера ёғинлари градиентининг (мм/100м) баландлик зоналари бўйича ўзгариши аниқланган;
Қулжуқтов тизмаси жанубий ёнбағирларидаги вақтинчалик оқимга эга бўлган сойлар ҳавзаларининг электрон картаси ГАТ технологиясининг SWAT модели ArcGIS дастурининг ArcSWAT инструментини қўллаш асосида яратилган;
Қулжуқтов тизмаси ҳавза геосистемаларининг сув ресурслари, жумладан, сув сарфи (м3/с), оқим ҳажми (м3) ва оқим қатлами (мм) миқдорий баҳоланган ва уларнинг йил давомида ойлар, фасллар бўйича тақсимланиши мутлақ (м3) ва нисбий қийматларда аниқланган;
ҳудудда сув ресурсларидан ичимлик сув таъминоти, чорвачилик, яйловларни сувлантириш, фитомелиорация ва рекреация мақсадларида фойдаланиш учун кичик сув омборларини қуриш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Паст тоғлар сув ресурслари шаклланишининг табиий географик омилларини аниқлаш ва уларни Қулжуқтов тизмаси мисолида миқдорий баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
паст тоғлар ёнбағирларида юза оқим шаклланишини белгиловчи асосий табиий географик омилларни аниқлаш натижалари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида чўл зоналарида экологик вазиятни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2020 йил 7 июлдаги 01-02/8-1067-сон маълумотномаси). Натижада, сув таъминоти ўта тиғиз бўлган чўл зоналарида экологик вазиятни юмшатишнинг қўшимча имкониятлари яратилган;
атмосфера ёғинларининг баландлик бўйича ортиб бориши хусусиятларини аниқлаш натижалари асосида яратилган “Қулжуқтов тизмаси жанубий ёнбағирларида атмосфера ёғинларининг баландлик зоналари бўйича тақсимланиши” картаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2020 йил 16 мартдаги 02-02-1825-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу картадан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг чўл ҳудудларида жойлашган Қулжуқтов каби паст тоғлар ёнбағирларига ёғадиган атмосфера ёғинлари миқдорини аниқлаш имконияти яратилган; 
паст тоғларда атмосфера ёғинларининг баландлик зоналари бўйича миқдорий тақсимланишини аниқлаш натижалари Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида Ўзбекистон Миллий атласининг “Ер усти сувлари” бўлимига киритилган ва “Дарёларнинг тўйиниш манбалари” картасини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2020 йил 16 мартдаги 02-02-1825-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур картадан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг паст тоғлари ёнбағирларида ҳосил бўладиган вақтинчалик сув оқимларини миқдорий баҳолаш, тўплаш ва улардан инсон ҳаёт фаолиятининг турли соҳаларида самарали фойдаланишнинг қўшимча имкониятлари яратилган;
Қулжуқтов тизмаси жанубий ёнбағирларида вақтинчалик оқимга эга бўлган сойлар ҳавзаларининг ГАТнинг SWAT модели ёрдамида, ArcGIS дастурининг ArcSWAT инструментини қўллаш асосида яратилган электрон картаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2020 йил 16 мартдаги 02-02-1825-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур инновацион ёндашувни қўллаш туфайли паст тоғлар гидрографик тармоқларининг морфометрик кўрсаткичларини ГАТ технологияларини қўллаш асосида аниқлаш имкониятлари орттирилган;
Қулжуқтов тизмаси каби паст тоғлар сув ресурсларини, жумладан, сув сарфи, оқим ҳажмини миқдорий баҳолаш натижалари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида фитомелиоратив тадбирларни қўллаб экологик вазиятни яхшилашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2020 йил 7 июлдаги 01-02/8-1067-сон маълумотномаси). Натижада ҳудуддаги тизма ландшафтларининг, ҳавза геосистемаларининг маҳаллий сув ресурсларидан ичимлик сув таъминоти, чорвачилик, фитомелиорация ва рекреация мақсадларида фойдаланишнинг қўшимча имкониятлари яратилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish