Sayt test rejimida ishlamoqda

Амиров Хамидулла Суюновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Зарафшон водийси янгидан суғориладиган ерларида қовун навларини ўстириш технологиясини такомиллаштириш”, 06.01.06 − Сабзавотчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.4.PhD/Qx518.
Илмий раҳбар: Остонақулов Тоштемир Эшимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/28.08.2020.Qx.13.03.
Расмий оппонентлар: Дусмуратова Саодат Исмаиловна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори; Хакимов Рафиқжон Абдунабиевич, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети қошидаги Қовунчилик бўлими.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Зарафшон водийсининг янгидан суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида қовуннинг тезпишар, ўртатезпишар ҳамда ўртапишар навларининг уруғларини экишолди тайёрлаш ва турли муддатларда ўстиришнинг ўсимлик ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ҳамда мева сифатига таъсирини аниқлаш, юқори сифатли ва арзон ҳосилни таъминловчи такомиллашган технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Зарафшон водийсининг янгидан суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида қовуннинг тезпишар, ўртатезпишар ҳамда ўртапишар ёзги эти юмшоқ ва қаттиқ навлари уруғларини экишолди тайёрлашнинг қулай усули ва мақбул муддатларда ўстириш орқали юқори сифатли ва арзон ҳосилни таъминловчи агротехнологиялари такомиллаштирилган;
қовуннинг ёзги навлари уруғини ўстирувчи ва физиологик фаол моддаларда экишолди ишлашнинг дала унувчанлик, ўсимлик ўсиши, ривожланиши, тупнинг шаклланиши, ҳосилдорлиги ҳамда ҳосил сифатига таъсири аниқланган;
қовуннинг ёзги эти юмшоқ ва қаттиқ навларини турли муддатларда экиб, ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши, ер устки ва остки қисмлари ҳамда маҳсулдорлиги ва ҳосилдорлигига таъсири аниқланган;
қовун навлари уруғларини ўстирувчи моддаларда ишлаш ва турли муддатларда ўстириб олинган ҳосилни офтобда қуритиш орқали маҳсулот чиқими, биокимёвий таркиби ҳамда дегустацион баҳоси аниқланган;
қовуннинг ёзги навлари уруғини экишолди ўстирувчи моддаларда ишлашнинг қулай усули ва мақбул муддатларда ўстиришнинг иқтисодий самарадорлиги ҳисобланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қовун ёзги эти юмшоқ ва қаттиқ тезпишар, ўртатезпишар ҳамда ўртапишар навларининг уруғини турли экишолди тайёрлаш усуллари ва экиш муддатларида ўрганиб, юқори, барқарор сифатли ва арзон ҳосилни таъминловчи технологиясини яратиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
Самарқанд вилояти фермер хўжаликлари учун «Қовун ёзги навлар агротехнологиясида уруғни экишолди мақбул ўстирувчи моддаларда ишлаш ва қулай экиш муддатларини белгилашга оид тавсиялар» номли тавсиянома тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 30 декабрдаги №02/029-4517-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома бугунги кунда кўп тармоқли фермер хўжаликлари учун юқори ҳосил олишда қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар шароитида қовун навларининг уруғини экишолди ўстирувчи стимулятор ва микроэлементлар (10 литр сувга 0,2 г қаҳрабо кислотаси ва 2,0 г мис купороси) эритмасида 12 соат давомида ишланиб, 10-20 апрелда белгиланган тартибда экиш ишланмаси Нуробод туманининг «Ишонч» фермер хўжалигида – 9,6 га, Каттақўрғон туманининг «Фаровон куз» фермер хўжалигида – 6,0 га, «Серҳосил чаноқ барака» фермер хўжалигида – 8,0 га, жами 23,6 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 30 декабрдаги №02/029-4517-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида гектаридан 25,2-34,5 тонна товар ҳосилдорлик таъминланиб, иқтисодий самарадорлик 96,7% ни ташкил этган;
қовун ёзги навларининг уруғини экишолди тайёрлашнинг қулай технологияси ва мақбул экиш муддатлари Нуробод туманининг «Ишонч» фермер хўжалигида – 9,6 га, Каттақўрғон туманининг «Фаровон куз» фермер хўжалигида – 6,0 га, «Серҳосил чаноқ барака» фермер хўжалигида – 8,0 га, жами 23,6 гектар майдонда жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 30 декабрдаги №02/029-4517-сон маълумотномаси). Натижада ҳар гектаридан 11,4-17,9 млн сўмгача соф даромад ва 168,5-255,6% рентабеллик даражаси ёки 5,1-7,2 млн. сўм қўшимча соф даромад ҳамда 80,8-94,2% рентабелликка эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish