Sayt test rejimida ishlamoqda

Асланова Ҳафиза Абдурахимовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Гадоий шеъриятида бадиий маҳорат ва услуб масалаларининг тадқиқи”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.3.PhD/519.
Илмий раҳбар: Муҳиддинов Муслиҳиддин Қутбиддинович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Эркинов Афтондил Садирханович, филология фанлари доктори; Сулаймонов Мўминжон Юсубжонович, филология фанлари номзоди, доцент. 
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Гадоий ижодининг туркий-ўзбек мумтоз  адабиёти тараққиётида тутган ўрнини белгилаш, шоирнинг туркий адабиёт лирик жанрлари тараққиётига қўшган ҳиссасини аниқлаш, Гадоий лирик девонининг ғоявий-бадиий хусусиятларини янгича таҳлил методлари асосида ўрганиш, шоир шеърияти поэтик оламини бадиий маҳорат ва услуб жиҳатдан илмий тадқиқ этиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Алишер Навоийгача бўлган давр туркий-ўзбек адабиёти тараққиёти ва жанрлар такомилида Мавлоно Гадоий ижодининг ўрни очиб берилган; 
жаҳон ва ўзбек адабиётшунослигида Гадоий ҳаёти ва ижодига доир  фактик маълумотлар таҳлили орқали шоир бадиий маҳорати, унда мумтоз анъаналарнинг янгича талқини, давр адабий жараёни билан муштараклиги ва услуб поэтикаси асосланган;
давр шеъриятида девон тартиб бериш анъанаси ва унда шоир девонининг ўрни, Мавлоно Гадоий лирик девонининг композицион, жанрий ва ғоявий-бадиий жиҳатлари аниқланган;
Мавлоно Гадоий ижодида ирфоний-фалсафий қарашлар ва бадиий-эстетик талқинлар ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши асарлари таҳлили жараёнида исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Мавлоно Гадоий ҳаёти ва адабий меросини илмий тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Диссертация манбалари, матнлари, қўлёзма нусхалари тадқиқотларини амалга ошириш тажрибаларидан Ф1-ФА-055746 рақамли «Марказий Осиё халқлари қўзёзма ёдгорликларини тадқиқ этиш. Ўзбекистон шоир ва ёзувчилари архивини илмий тавсифи ва нашр қилиш» мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 11 августдаги 89-03-2808-сон маълумотномаси). Натижада талабаларнинг Мавлоно Гадоий ижоди бўйича билимлари такомиллашишига хизмат қилган; 
XV аср биринчи ярмидаги ўзбек шеъриятининг поэтик хусусиятлари, Гадоийнинг   891 инвентарь рақамли қўлёзма девони жанрлар поэтикаси, шунингдек, шоирнинг образ яратиш маҳоратига оид хулосалардан ОФ-Ф8-027 рақамли «Қўлёзма манбаларнинг миллий маънавий ва адабий мерос тарғиботидаги аҳамияти» мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 7 ноябрдаги 89-03-4327-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек адабиётшунослигида Гадоий ҳаёти ва ижодига доир маълумотларга ниқлик киритилган; 
Гадоий шеъриятида вазн ва қофия поэтикаси ҳамда умуман шоир лирик меросининг мавзу кўламини тадқиқ этиш борасида олинган илмий натижалардан 5.1.17 рақамли «Шарқ мумтоз адабиётида комил инсон концепцияси» мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 7 ноябрдаги 89-03-4327-сон маълумотномаси). Олинган натижалар Гадоий меросининг амалий аҳамияти ва поэтикасининг асосий бадиий-эстетик хусусиятларини таърифлаб беришга хизмат қилган;
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимида ташкил этилган «Садоқат» ижодий тўгараги ва адабий кечаларда ушбу тадқиқотнинг XV аср туркий шеъриятининг ўзига хосликлари, Гадоий ижодий мероси ва ғазал жанри, шоирнинг индивидуал услубини кўрсатиб бериш бўйича хулосаларидан фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 01-03-11/991-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши ёш шоир ва шоираларга мумтоз адабиёт намояндаларининг ҳаёти ва меросини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этган;
XV аср туркий шеърият поэтикаси ва Гадоий ижодининг ўзига хос жиҳатлари бўйича олинган илмий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон» телерадиоканали «Бедорлик», «Ижод завқи», «Таълим ва тараққиёт» эшиттиришлари сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон» телерадиоканалининг 2018 йил 10 октябрдаги O’z/k-s-168-сон маълумотномаси). Ушбу эшиттиришларни тайёрлашда 2016-2018 йилларда  Гадоий меросининг 237 ғазал, туюқ, мустаҳзод ва қасидаларининг ғоявий-бадиий олами оммалаштиришда фойдаланилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish