Хамрақулова Шохиста Шамшидиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қозоғистондаги ўзбекларнинг республика фан ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси (1925-2015 йй)», 07.00.03 – Жаҳон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Tar556.
Илмий раҳбар: Ахмедов Ашраф, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти, DSc.02/30.12.2019.Tar.44.01.
Расмий оппонентлар: Фармонов Рахмон, тарих фанлари доктори, профессор; Шадманова Санобар Базарбаевна, тарих фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қозоғистондаги ўзбекларнинг республика фан ва маданияти ривожига қўшган ҳиссасини кўрсатиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Қозоғистон Республикасида яшовчи ўзбекларнинг “диаспора” эмас, балки ирредентлар бўлиб, уларнинг тарихий илдизлари узоқ асрларга бориб тақалувчи маҳаллий аҳоли эканлиги илмий асосланган;
тиббиёт соҳасида ўзбек олимлари томонидан Қозоғистонда юрак пластик операциясига асос солингани ҳамда туғма юрак хасталиги (порок)ни поликлиника шароитида даволаш усули ишлаб чиқилганлиги ва бу усул Қозоғистонда кенг татбиқ этилгани очиб берилган;
нерв толалари, бош ва орқа мияда муваффақиятли микрохирургик операциялар ўтказиб, республикада микрохирургик нейрохирургияга асос солингани аниқланган;
ошқозон-ичак тракти, кўкрак ости органлари ва кичик тоз касалланиш ҳолларида даволаш операцияларининг янгича усуллари жорий этилгани, Қозоғистонда биринчилардан бўлиб, пешоб йўли, йўғон ичак, қизилўнгач раки, қовуқ шишида сонияли – тезкор операцияларни самарали йўлга қўйилганлиги кўрсатиб берилган;
аниқ ва табиий фанлар соҳасида этник ўзбек олимлари Қозоғистонда ширинмия ўсимлиги илдизи асосида яллиғланишга қарши юксак самарали «Глидеринин» фитопрепаратини, гепатит хасталигида иммун тизимини яхшилаш ва бошқа касалликларда ишлатиладиган «Рувимин» дорисини ишлаб чиқарганлари; қишлоқ хўжалигида «Туркистон-2» уруғ нави ва «Нур-1» янги ғўза навларини; чорвачиликда қоракўлча ишлаб чиқаришда 5 та кашфиётни амалга оширганликлари илмий далилланиб, улар Қозоғистонда фармацевтика, пахтачилик ва қоракўлчиликни ривожлантиришга хизмат қилгани очиб берилган;
ўзбек олимлари Қозоғистон (Бойқўнғир)даги космик кемалар парвози учун дош бера оладиган майдон қопламасини ҳамда силикатлар технологияси бўйича тоғ жинслари ва саноат чиқиндиларидан шиша кристалларини ишлаб чиқариш учун назарий асос яратганлари аниқланган;
ўзбек миллий маданият марказининг ва иккита миллий театрнинг фаолияти, 12 номдаги газета-журналлар, 10 га яқин ижодий уюшмаларнинг адабий муҳит ривожига ҳамда шоир, ёзувчи, таржимонларнинг ўз ижод намуналари билан ўзбек-қозоқ дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси кўрсатиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қозоғистондаги ўзбекларнинг республика фан ва маданияти ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
Қозоғистонда фаннинг турли соҳалари тараққиётида республикадаги этник ўзбек олимларининг илмий изланишлари натижалари ва илмий тадқиқотларининг аҳамияти тўғрисидаги илмий хулосалардан Самарқанд музей-қўриқхонаси тизимидаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида ташкил этилган «Қозоғистон манзаралари» мавзуидаги экспозицияда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 3 августдаги 01-12-10-3290-сон маълумотномаси). Натижада, Қозоғистондаги илм-фан тараққиётида этник ўзбек олимларининг тутган ўрнини иштирокчиларга тушунтиришда янги билимлар манбаи шаклланишига хизмат қилган;
Қозоғистондаги этник ўзбекларнинг ҳаётида миллий маданият марказларининг, айниқса, ўзбек миллий театрининг тутган ўрни ва унинг аҳамияти тўғрисидаги илмий маълумотлардан Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида Чимкент шаҳар ўзбек драма театри томонидан саҳналаштирилган «Қашқир улиган тун» спектаклида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 8 сентябрдаги 01-12-06-3391-сон маълумотномаси). Натижада, томошабинларда Қозоғистондаги ўзбеклар ва ўзбек миллий театрининг фаолияти тўғрисида янги билимлар манбаи шаклланиши баробарида, 2017-2021 йилларда «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилган;
ўзбек-қозоқ халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамашда Қозоғистондаги ўзбек адиблари, таржимонлари ва ижодкорларининг ўрни муҳимлиги билан боғлиқ илмий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг «Самарқанд садоси» дастуридаги «Дўст билан обод уйинг» эшиттиришида фойдаланилган (Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг 2018 йил 20 апрелдаги 09-02/172-сон маълумотномаси). Натижада, икки қардош халқ ўрасидаги маданий алоқаларнинг кучайиши, дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига, тинч-тотув қўшничилик алоқаларига хизмат қилиши тўғрисидаги маълумотларни аҳоли кенг қатламига етказишда қўшимча маълумот манбаи бўлиб хизмат қилган.