Sayt test rejimida ishlamoqda

Умматова Муҳайё Эгамбердиевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Зарафшон дарёси қуйи оқими сув ҳавзаларида карп (Cyprinus carpio L) балиғининг яйлов аквакультураси объекти сифатидаги биологик хусусиятлари», 03.00.15 – Ихтиология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.PhD/B381.
Илмий раҳбар: Камилов Бахтияр Ганиевич, биология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Зоология институти ҳузуридаги DSc.02/30.12.2019.В.52.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Иззатуллаев Зувайд, биология фанлари доктори, профессор; Мирзаев Улуғбек Тураевич, биология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Зарафшон дарёси қуйи оқими  ҳавзаси яйлов аквакультураси табиий эркин шароитига мунтазам ўтказиб туриладиган карп балиғи тўдасининг ўсиши, жинсий вояга етиши ва серпуштлик кўрсаткичларини аниқлаш ҳамда уларнинг сув ҳавзаси балиқ маҳсулдорлигини оширишдаги ролини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Зарафшон дарёси қуйи оқими сув ҳавзасидаги янги инновацион технология – яйлов аквакультураси шароитида карп балиғининг ёши ва ўсиш суръатининг ўзига хос жиҳатлари илмий жиҳатдан асосланган;
бентофаг бўлган карп балиғидан яйлов аквакультураси объекти сифатида фойдаланиш йирик ирригацион сув омбори балиқ маҳсулдорлигини мазкур тур бўйича гектарига 20–25 кг ошириш имконини берувчи самарадорлиги аниқланган;
овланган балиқларнинг тур таркибини таҳлил қилиш орқали сув ҳавзасида етиштирилаётган балиқ турларидан фойдаланиш самадорлигига таҳлиллар асосида баҳо бериш йўллари далилланган;
турнинг сув ҳавзасидаги жинсий вояга етиш ва кўпаювчанлик хусусиятлари аниқланган;
карп балиғининг ўсиш суръати, серпуштлик кўрсаткичлари сув ҳавзасига ўтказилган бир ёзлик чавоқлар сифат кўрсаткичларига боғлиқлиги асосланган;
балиқларнинг ўсиш ва жинсий вояга етиш кўрсаткичларининг турли-туманлиги ва уларнинг пайдо бўлиш сабаблари очиб берилган;
сув ҳавзасидаги яйлов аквакультураси эҳтиёжи учун карп балиғини кўпайтириш юзасидан тавсиянома ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Зарафшон дарёси қуйи оқими сув ҳавзаларида карп (Cyprinus carpio L.) балиғининг яйлов аквакультураси объекти сифатидаги биологик хусусиятлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
карп балиқларини сунъий кўпайтиришни оптималлаштириш мақсадида ота-она балиқлар тўдасига урчиш мавсуми олдидан озуқалар меъёрини ошириш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар ҳамда балиқ питомниги ҳовузларида ёзнинг иссиқ кунларида паст босимли компрессордан фойдаланишга доир ишлаб чиқилган амалий тавсиялар “Golden Lake Fish” МЧЖ хўжалиги балиқ питомниги амалиётига жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 31 январдаги 02/026-322-сон маълумотномаси). Натижада, уларнинг серпуштлиги 10–15% гача ошган ҳамда балиқ сонини ўртача 520 минг донага етказиш орқали ҳовузлардан фойдаланиш самардорлигини ошириш имконини берган;
сув ҳароратининг ўзгариши натижасида икраларнинг замбуруғ касалликларининг олдини олишга доир ишлаб чиқилган тавсиялар балиқчилик хўжалигининг балиқларни касалликлардан ҳимоя қилиш амалиётига жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 31 январдаги 02/026-322 -сон маълумотномаси). Натижада, карп балиқларида учровчи замбуруғ касаллиги – сапролегниознинг 40 % гача олдини олиш имконини берган;
балиқ чавоқларини сув ҳавзасига ўтказишда балиқлар биологияси ва сув ҳавзаси табиий озуқа базаси ҳолатидан келиб чиқиш зарурлиги, шунингдек балиқ чавоқларининг вазни, яшовчанлиги ва маҳсулдорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар “Навоийбалиқсаноат” МЧЖ тасарруфидаги балиқчилик хўжаликлари амалиётига жорий қилинган (“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг 2020 йил 25 январдаги 08/108-сон маълумотномаси). Натижада, уч йил ўтгандан кейин овланган балиқлар орасида карп балиқлари улушини (промвозврать) 3–4% дан 7–14% га ошириш ҳамда  балиқ питомникларидаги личинкаларнинг яшовчанлигини 40–55% дан 80–85% га, бир ёзлик чавоқлар вазнини эса 25–30 гр ўрнига 70–80 гр гача ошириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish