Sayt test rejimida ishlamoqda

Тажимирзаев Элёрбек Акрамовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «ХХ асрнинг 60–80-йилларида Фарғона водийси қишлоқлари аҳолисининг кундалик ҳаёти», 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В.2017.2.PhD/Tar.100.
Илмий раҳбар: Шадманова Санавар Базарбаевна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, PhD. 03/30.12.2019.Тар.60.01.
Расмий оппонентлар: Расулов Абдуллажон Нуритдинович, тарих фанлари доктори, профессор; Камилов Абдусалим Абдуллаевич, тарих фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 1960–1980-йилларда Фарғона водийси қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаёти тарихини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
1960–1980-йилларда қишлоқларни янгидан қуриш, колхоз ва совхоз посёлкалари барпо этиш натижасида  давлат тасарруфида бўлган маиший хизмат кўрсатиш муассасалари имкониятларининг кенгайганлиги каби омиллар туфайли якка тартибда хизмат кўрсатувчи тадбиркор, уста ва ҳунармандлар миқдори тадрижий равишда камайиб борганлиги аниқланган; 
қишлоқларда  газлаштириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари тизимидаги бошқарув бир нечта ташкилотлар  томонидан олиб борилганлиги оқибатида мазкур ишларнинг натижасини мувофиқлаштириш суст бўлганлиги ва натижада барча қишлоқларни ижтимоий инфратузилмалар (газ, ичимлик суви, алоқа воситалари) билан таъминлаш ишлари етарли даражада олиб борилмаганлиги очиб берилган; 
Фарғона водийси қишлоқ аҳолиси даромадларининг шаклланишида томорқа хўжалиги етакчи ўрин тутгани аниқланиб, қишлоқ меҳнаткашларининг қўшимча даромад манбаларининг асосий шакллари (томорқадаги узумчилик ва мевали дарахтлар, полизчилик ва сабзавот экинлари, чорва моллари парвариши, косибчилик, дурадгорлик, кулолчилик, касаначилик каби уй ҳунармандчилиги турлари) кўрсатиб берилган; 
Фарғона водийси қишлоқларида ҳомиладор аёллар ва болалар ўлими динамикасининг собиқ Иттифоқдаги ўртача кўрсаткичлардан юқорига кўтарилиб бориши омиллари – қишлоқларда малакали тиббий ходимларнинг етишмаслиги, тиббий муассасалар моддий техник базасининг қолоқлиги ва бунга мувофиқ равишда тиббий хизматнинг паст даражаси ҳамда экологик вазиятнинг тобора ёмонлашиб боргани алоҳида туманлар мисолида очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
1960–1980-йилларда Фарғона водийси қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаёти тарихига оид ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида: 
XX асрнинг 60–80-йилларидаги Фарғона водийси қишлоқлари аҳолисининг кундалик ҳаёти тарихига оид ижтимоий, маиший ва маданий ҳаёт масалалари ҳақидаги янги маълумотлардан Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ва унинг филиалларида экспозицион режаларни тузиш, кўргазмалар ташкил этиш ҳамда экскурсия матнларини янги маълумотлар билан бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 24 июндаги 01-12-10-2523-сон маълумотномаси). Илмий маълумотлар хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг Фарғона водийсида совет ҳокимияти йилларида ўзбек қишлоқларидаги аҳолининг кундалик ҳаёти тарихига оид янги маълумотларни олишларига асос бўлган;
Фарғона водийси қишлоқ аҳолисига кундалик ҳаётидаги ўзгаришларга оид илмий таклифлардан Тарих институтида 2012–2014 йилларда бажарилган “Замонавий ўзбек қишлоғи: ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва трансформацион жараёнларнинг этносоциологик таҳлили (Фарғона водийси материаллари асосида)” мавзусидаги амалий тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг  2020 йил 25 июндаги 3/1255-1309-сон маълумотномаси). Илмий таклифлар 1960–1980-йилларда Фарғона водийси қишлоқ аҳолисига кундалик ҳаётидаги ўзгаришлар, аҳоли даромадлари, уй-жой қурилиш, ободонлаштириш масалалари, маиший ва тиббий хизмат кўрсатилиши ҳолати, таълим ва маданий муассасалар фаолияти ҳамда қишлоқ аҳолисининг дам олиш масканлари масалалари ёритилган материаллардан фойдаланиш имконини берган;
Фарғона водийси қишлоқ аҳолисининг даромади ва қишлоқларда маиший хизмат кўрсатиш масалаларига доир илмий хулоса ва натижаларидан “O‘zbekiston tarixi” телеканалида 2020 йил 5 февраль куни эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатувининг сценарийларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (O‘zbekiston milliy teleradiokompaniyasi “O‘zbekiston teleradiokanali” davlat unitar korxonasining 2020 йил 13 февралдаги 02-40-360-сон маълумотномаси). Тақдим этилган материаллар кўп сонли телетомoшабинларда 1960–1980-йилларда Фарғона водийси қишлоқларида яшаган аҳолининг ижтимоий турмуш тарзи ва кундалик ҳаёти тўғрисида янги илмий маълумотларга эга бўлишга хизмат қилган; 
1960–1980-йилларида Фарғона водийси қишлоқларида тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатларига оид илмий хулоса ва натижалардан  “O‘zbekiston tarixi” телеканалида 2020 йил 25 февраль куни эфирга узатилган “Табобат тарихи” кўрсатуви сценарийсини  тайёрлашда фойдаланилган (O‘zbekiston milliy teleradiokompaniyasi “O‘zbekiston teleradiokanali” davlat unitar korxonasining 2020 йил 28 февралдаги 02-40-469-сон маълумотномаси). Натижада, кўп сонли телетомoшабинлар Фарғона водийси қишлоқларида мазкур даврда қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси, қишлоқ аҳолиси ўртасида кенг тарқалган юқумли касалликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва даволаш масалалари тўғрисида янги илмий маълумотларга эга бўлдилар. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish