Sayt test rejimida ishlamoqda

Курбанов Улугбек Тажибаевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Легирланган юқори ҳароратли ўта ўтказувчан купратларда Мотт ва янги металл-диэлектрик ўтишлар”, 01.04.07 – Конденсирланган ҳолат физикаси (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.DSc/FM60. 
Илмий маслаҳатчи: Джуманов Сафарали, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ядро физикаси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ядро физикаси институти, DSc. 02/30.12.2019.FM/T.33.01.
Расмий оппонентлар: Тўраев Назар Юлдашевич, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик; Имамов Эркин Зуннунович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Нуритдинов Иззатилло, физика-математика фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети. 
Диссертация йўналиши: назарий  аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади легирланган юқори ҳароратли ўта ўтказувчан купратларда ток ташувчиларнинг локаллашиш, Мотт ва янги металл-диэлектрик ўтишлар ва фазаларнинг наноўлчамли бўлиниш механизмларини аниқлашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
легирланган купратли материалларда тешикли ток ташувчиларнинг асосий ҳолатининг энергиялари ва легирланмаган купратларнинг таъқиқланган зонасида ҳосил бўлувчи водородсимон киришмалар, катта поляронлар ва биполяронларнинг энергетик сатҳлари аниқланган;
ЮҲЎЎ-купратларнинг ингичка киришма зонасида ток ташувчилар орасидаги кучли корреляцияси натижасида кучсиз легирланган купратларда рўй берадиган Мотт металл-диэлектрик ўтишларнинг адекват миқдорий назарияси ривожлантирилган; 
биринчи маротаба легирланган ЮҲЎЎ-купратларда кучли тешикли заряд ташувчи - фонон ўзаро таъсирлашиш натижасида рўй берадиган янги металл-диэлектрик ўтишларнинг механизмлари таклиф қилинган ва уларнинг мезонлари олинган;
тешикли-легирланган ЮҲЎЎ-купратларда кучли тешикли заряд ташувчи - фонон ўзаро таъсирлашиш натижасида рўй берадиган янги металл-диэлектрик ўтишларнинг  батафсил миқдорий назарияси ривожлантирилган ва уларнинг кучсиз легирланган купратларда, кам ва оптимал легирланган ЮҲЎЎ-купратларда рўй бериш имкониятлари кўрсатилган;
кучсиз легирланган, кам легирланган ва оптимал легирланган ЮҲЎЎ-купратларда диэлектрик, металл ва ўта ўтказувчан фазаларнинг наноўлчамли бўлинишининг микроскопик механизмлари аниқланган;
биринчи маротаба ЮҲЎЎ-купратларда оптимал легирлашдан кам легирлаш режимига ўтишда ўта ўтказувчанлик сўнишининг ҳақиқий сабаби сифатида легирланган купратли материалларда рақобатдош диэлектрик, металл ва ўта ўтказувчан фазаларнинг биргаликда мавжуд бўлишидан эканлиги кўрсатилган;
биринчи маротаба кучсиз легирланган купратларнинг, кам ва оптимал легирланган ЮҲЎЎ-купратларнинг магнит қабул қилувчанлигининг ҳароратга боғлиқлигини адекват ёритувчи ва бу боғлиқликдаги турли ғайриоддий ҳолатларнинг ҳосил бўлиш сабабларини тушинтириб берадиган аналитик ифодалар олинган;
кучсиз легирланган купратлар, кам ва оптимал легирланган ЮҲЎЎ-купратларнинг магнит қабул қилувчанлиги ва электр қаршилигининг ҳароратга боғлиқлигида металл-диэлектрик ўтишлар ва турли хил псевдотирқишларнинг вужудга келиш имкониятлари кўрсатилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Легирланган юқори ҳароратли ўта ўтказувчан купратларда Мотт ва янги металл-диэлектрик ўтишларни  тадқиқ қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
легирланган купратли материалларда тешикли ток ташувчиларнинг асосий ҳолатининг энергиялари ва легирланмаган купратларнинг таъқиқланган зонасида ҳосил бўлувчи водородсимон киришмалар, катта поляронлар ва биполяронларнинг энергетик сатҳларини аниқлашдаги натижалар “Водород энергетикаси технологиясини ривожлантириш” мақсадли илмий-техник Дастури доирасида фойдаланилган (Л.Н. Гумилев номидаги Евроосиё миллий университетининг 2019 йил 14 февралдаги 03-02-12/704-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши водород энергетикаси технологияси учун ҳар хил шароитлардаги функционал нанокомпозитли ва термоэлектрик материалларнинг техник характеристикаларини яхшилаш имконини берган;
кучсиз легирланган купратлардаги ва ЮҲЎЎ-купратларнинг кенг легирлаш оралиқларидаги Мотт ва янги металл-диэлектрик ўтишларнинг ишлаб чиқилган батафсил миқдорий назариялари 0113РК00953 рақамли “Панжара симметрияси камайганда ўта ўтказувчан ва ишқорий материалларнинг физикавий хоссаларини бошқариш технологиясини ишлаб чиқиш” (2012-2017) ва 0115РК01111 рақамли “Ишқорий-галлоид кристаллар-сцинтилляторларда ионлаштириувчи радиация энергиясини трансформацияси механизмларини бошқариш технологияси” (2012-2017) лойиҳалар доирасида фойдаланилган (К. Жубанов номидаги Оқтобе давлат университетининг 2019 йил 15 февралдаги 21-13/569-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши кристалл панжаранинг паст симметриясига эга ўта ўтказувчан материалларда рўй берадиган турли электрон жараёнларини тушунтириш имконини берган;
янги металл-диэлектрик ўтишлар бўйича таклиф қилинган механизмлар ва кучсиз легирланган купратлар, кам ва оптимал легирланган ЮҲЎЎ-купратларда диэлектрик, металл ва ўта ўтказувчан фазаларнинг наноўлчамли бўлиниши бўйича таклиф қилинган микроскопик механизмлар, ҳамда легирланган купрат материалларда рақобатдош диэлектрик, металл ва ўта ўтказувчан фазаларнинг биргаликда мавжуд бўлиши 0115РК02715 рақамли “Кенг қўлланилиш спектрига эга янги углеродли наноматериалларни ишлаб чиқиш” лойиҳа доирасида нанокомпозит материалларнинг ғайриоддий электрон хоссаларини ўрганишда қўлланилган (Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университетининг 2019 йил 12 февралдаги 19-9-396-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши композит материалларда диэлектрик-металл ва металл-углерод ўтишларда содир бўладиган физикавий жараёнларни тушунтириш ҳамда наноматериалларни ишлаб чиқиш ва тадқиқ қилиш имконини берган;
кучсиз легирланган купратлар, кам легирланган ва оптимал легирланган ЮҲЎЎ-купратлардаги магнит қабул қилувчанлик ва электр қаршиликнинг ҳароратга боғлиқлигига металл-диэлектрик ўтишлар ва турли хил псевдотирқишларнинг таъсирини назарий тадқиқ қилиш натижалари “14 Т гача бўлган магнит майдонларда FeSexTe1-x ва ErFexCo1-xAs2, RE(RhxRu1-x)4B4 магнит ўтаўтказгичларнинг магнитланганлигини ва электр қаршилигини тадқиқ қилиш” (2013-2017) лойиҳаси доирасида қўлланилган (Украина Миллий Фанлар академияси Б.И. Веркин номидаги Паст ҳароратлар Физика-техника институтининг 2019 йил 12 февралдаги 64/92-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши магнитли юқори ҳароратли ўтаўтказгичларда псевдотирқишнинг ҳолатини тушунтириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish