Файзуллаев Жовҳарбек Султон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): “Электровозлар тортувчи асинхрон моторларини функционал диагностика усуллари ва техник воситаларини такомиллаштириш”, 05.08.05 – Темир йўлларининг ҳаракатланувчи таркиби, поездларни тортиш ва электрлаштириш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.3.PhD/Т1475.
Илмий раҳбар: Халиков Абдулхак Абдулхаирович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети, PhD.15/30.12.2019.Т.73.01.
Расмий оппонентлар: Пирматов Нурали Бердиярович, техника фанлари доктори, профессор; Валиев Муҳаммад Шералиевич, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: “Ўзбекэнерго” АЖ Илмий-техника маркази.
II. Тадқиқотнинг мақсади электровозлар тортувчи асинхрон моторлари функционал диагностика усуллари ва техник воситаларини такомиллаштириш орқали улардан фойдаланиш самарадорлигини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
электровозлар тортувчи асинхрон моторларининг диагностик параметрларини танлаш ва ўлчаш кетма-кетлиги ишлаб чиқилган;
электровозлар тортувчи асинхрон моторлари функционал диагностика тизимлари учун сезгирлиги ва аниқлиги юқори ҳамда чизиқли статик характеристикага эга бўлган янги ўлчаш техник воситалари яратилган;
электровозлар тортувчи асинхрон моторларининг математик-диагностик моделлари статор ва ротор чулғамлари ҳамда магнит ўтказгичнинг ўзаро ва атроф-муҳит билан таъсирларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган;
тортувчи асинхрон моторлар функционал диагностика тизими янги техник воситаларининг математик моделлари улардаги параметрлар тарқоқлиги ва магнитланиш эгри чизиғининг ночизиқлигини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Электровозлар тортувчи асинхрон моторлари функционал диагностика усуллари ва техник воситаларини такомиллаштириш асосида:
магнитоэластик куч датчиги қурилмасига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№IAP 04866, 2014 й.). Натижада, сезгирлиги, аниқлиги ва статик характеристикасининг чизиқлилиги нисбатан юқори бўлган тортувчи асинхрон мотор вибрация параметрларини электр сигналга ўзгартириб берадиган қурилмани яратиш имконини берган;
ишлаб чиқилган функционал диагностика қурилмаси «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Ўзбекистон» депоси электровози тортувчи асинхрон моторларининг техник ҳолатини диагностика ва назорат қилиш мақсадида ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этилган («Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг 2020 йил 5 августдаги 01/2692-20-сон маълумотномаси). Натижада, кутилаётган иқтисодий самарадорлик тортувчи асинхрон мотор техник ҳолатини диагностика ва назорат қилиш аниқлигини ошириш ҳисобига 205,503 млн сўмни ташкил этган.