Сапаров Актам Жўраевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек фольклори асарларини рeс тилига таржима қилишда миллий колоритни тиклаш тамойиллари”, 10.00.08 – Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.3.DSc/Fil139.
Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Илмий раҳбар: Жўраев Маматқул, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.30.08.2018.Fil46.02.
Расмий оппонентлар: Раҳмонов Насимхон Аскарович, филология фанлари доктори, профессор; Қулмаматов Дўстмамат Сатторович, филология фанлари доктори, профессор; Ўраева Дармоной Саидахмедовна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек фольклори асарлари бадиий таржималарининг манбалари, ривожланиш тарихи, миллий колоритни тиклаш тамойиллари, таржима жараёни билан боғлиқ метаболик тизимнинг ўзига хос хусусиятлари, полиритмия ва эквиполиритмия ҳодисаларини қиёсий-чоғиштирма ўрганиш, шунингдек, уларнинг муҳим, аммо кам ўрганилган жиҳатларини тарихий-фольклористик, поэтологик ёндашув асосида кенг тадқиқ этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фольклоршунослик тарихида илк бор ўзбек халқ оғзаки ижоди асарлари таржималарининг тадрижий ривожи босқичлари аниқланган ҳамда фольклор асарларини таржима қилиш амалиётида диахрония ва синхрониянинг ўзаро боғлиқлиги далилланган;
ўзбек фольклори асарларидаги атоқли отларни рус тилига таржима қилишда онимларнинг аслиятдаги шаклида берилиши, апеллятив сўзларнинг атоқли отларга айлантирилиши, персонажлар номларининг таржима матнида тушириб қолдирилиши ва бундай лексик бирликлар ўрнида этнонимлар қўлланилиши каби ҳолатлар мавжудлиги аниқланган.
халқ достонлари бадиий структурасидаги паремиологик бирликларни таржима қилишда уларнинг стилистик функциясини белгиловчи пропозиция денотатларининг семантик хусусиятларини ҳисобга олиш муҳим аҳамият касб этиши аниқланган ҳамда таржимада бунга амал қилмаслик аслиятдаги анъанавий формула ва эпик клишеларнинг поэтик табиати бузилишига сабаб бўлиши исботланган;
персонажлар нутқининг аслият ва таржимадаги бадиий талқинини қиёсий таҳлил қилиш асосида кўп маромлиликни шакллантиришда таржима тилининг ритмик ва мелодик имкониятлари, поэтик воситалар тизими, нутқий мулоқот мазмуни ва функционал-семантик хусусиятларини акс эттириш муҳим аҳамият касб этиши асосланган;
ўзбек халқ насри ва қўшиқлари таржимасида аслият моҳияти ритмик параллелизм, интонацион маром, предикатив пауза, полифоник талқин ва миллий колорит ифодаси воситасида тикланиши, таржима жараёнида сюжет элементларининг тушириб қолдирилиши асарнинг бадиий мазмуни ва ритмик яхлитлигига салбий таъсир кўрсатиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбек халқ оғзаки ижоди асарларининг рус тилидаги таржималарини, жумладан аслият ва таржима асарлардаги бадиий унсур ва миллий колорит хусусиятларини таржима тилида тиклаш тамойилларини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
диссертациянинг халқ достонлари бадиий структурасидаги магик сонларнинг поэтик талқини, замон ва макон билан боғлиқ поэтик формулаларни рус тилига ўгириш тамойиллари, шунингдек, ўзбек халқ насри ва оғзаки поэзиясига хос кўп маромлилик хусусияти ва уни таржима тилида тиклаш масалаларига доир илмий-назарий хулосаларидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Давлат фундаментал-тадқиқот дастурлари доирасида 2017–2018 йилларда бажарилган ОТ-А1-118 “Ўзбекистон Республикасида кўп қиррали маданий таълим муҳитида ўқитишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш” мавзусидаги лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 17 июлдаги 89-03-2578-сон маълумотномаси). Натижада фольклор асарларининг турли тилларга қилинган таржималаридан фойдаланиш орқали ўқитишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш мумкинлигини далиллашга эришилган;
тадқиқотнинг ўзбек халқ оғзаки ижоди асарларининг рус тилидаги таржималари, жумладан, аслият ва таржима матнларидаги бадиий воситаларнинг муқобиллиги, миллий колоритнинг хусусиятларини таржима матнида ифодалаш тамойилларини аниқлаш асосида олинган натижаларидан Бухоро давлат университетида Давлат фундаментал-тадқиқот дастурлари доирасида 2012–2016 йилларда бажарилган Ф-1-06 “Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези” мавзусидаги лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлигининг 2020 йил 27 июлдаги 89-03-2652-сонли маълумотномаси). Натижада Шарқу Ғарб адабий алоқалари тизимида бадиий таржиманинг муҳим аҳамият касб этиши далилланган;
диссертация иши натижаларидан амалиётда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O’zbekiston” телеканали ДУК “Маданий-маърифий ва бадиий эшитиришлар” таҳририяти томонидан тайёрланган “Бедорлик”, “Адабий жараён” номли радиоэшитиришларнинг 2020 йил январь-март ойлари сонларида тадқиқотга тортилган мавзу юзасидан суҳбат бўлиб ўтди ва сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон» телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2020 йил 26 мартдаги 0030638-сонли маълумотномаси). Натижада радио эшитувчиларга ўзбек фольклор асарларининг бошқа тилларга қилинган таржималари тўғрисида кенг кўламли маълумот берилган.