Ахмедова Дилдора Баҳодировнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Атов бирликларини ўзбек тили корпуслари учун лексик-семантик теглашнинг лингвистик асос ва моделлари», 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Fil 777.
Илмий раҳбар: Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.03/27.02.2020.Fil.72.09.
Расмий оппонентлар: Раупова Лайло Рахимовна, филология фанлари доктори, профессор; Абжалова Манзура Абдурашетовна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек тили атов бирликлари орасидаги лексик-семантик муносабатларнинг корпус тузишдаги аҳамиятини ўрганиш; атов бирликларини семантик теглашнинг моделлари ҳамда ўзбек тили бирликларини лексик-семантик теглашнинг корпус учун лингвистик таъминотини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
луғавий-маъновий майдон назариясининг корпус тузишдаги аҳамияти ўрганилган, ўзбек тилидаги луғавий-маъновий муносабатларнинг ўзбек тили атов бирликларини маъновий теглашдаги ўрни асосланган;
луғатшунослик маҳсулотларининг тил корпусини семантик теглаш учун лингвистик таъминот вазифасини бажариши исботланган;
ўзбек тили атов бирликлари учун маъновий тег категориялари, константа ва оператор тег моделлари тузишнинг алгоритми ишлаб чиқилган;
ўзбек тилидаги кўп маъноли сўзларни теглашнинг назарий асослари, уларни теглаш учун семантик фильтр тузиш йўллари далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тадқиқотда илмий асосланган ўзбек тили атов бирликларини лексик-семантик теглаш, лексик-семантик тег моделлари тузиш алгоритми тавсифи асосида:
ўзбек тилида лексик-семантик майдон назариясининг корпус тузишдаги аҳамияти ҳамда ўзбек тилидаги лексик-семантик муносабатларнинг атов бирликларини теглашдаги ўрнига доир хулосалардан 2012-2016 йилларда бажарилган Ф1-ХТ-0-19919-рақамли «Ўзбек мифологияси ва унинг бадиий тафаккур тараққиётида тутган ўрни» мавзусидаги фундаментал илмий тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 3 июлдаги 89-03-2673-сон маълумотномаси). Илмий натижалар асосида ўзбек лексикографияси ва корпус лингвистикаси муносабати кўрсатиб берилган, лексикографик маҳсулотларнинг тил корпусини семантик теглаш учун лингвистик таъминот вазифасини бажариши исботланган, лексик-семантик теглаш назариясидаги қарашлар ўрганилган ва умумлаштирилган;
ўзбек тили атов бирликлари учун семантик тег категориялари, константа ва оператор тег моделлари тузишнинг алгоритми, ўзбек тилидаги омоним ва кўп маъноли сўзларни теглашнинг назарий асослари, кўп маъноли сўзларни теглаш учун семантик фильтр тузиш технологияси очиб берилган материаллардан 2012-2014 йилларда бажарилган ИТД-1-07 рақамли «Тилшунослик асослари фанидан дарслик, ўқув-услубий мажмуа ва уларнинг электрон нусхаларини яратиш» мавзусидаги амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 19 июндаги 89-03-2152-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари ўзбек тили корпуслари яратишнинг назарий асосларини ишлаб чиқишда хизмат қилган;
семантик тег категория ҳамда моделлари тузишнинг алгоритмини кўрсатиб берувчи материаллардан 2018-2019 йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Маҳалла» телеканалининг «Маърифат ёғдуси» ва «Машварат» кўрсатувларида сценарийлар тузишда фойдаланилган (ЎзМТРКнинг 2020 йил 10 февралдаги 01-18-132-сон маълумотномаси). Натижада берилган маълумотлар асосида томошабинлар дунёқарашида ўзбек тили семантик майдонлари асосида семантик тег моделлари ишлаб чиқиш ҳақидаги тасаввурларнинг пайдо бўлиши, ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ҳамда интернет орқали ўзбек тилига оид билимларининг такомиллашишига кўмаклашилган.