Тураева Дилноза Рустамбоевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жиноят процессида жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш механизмини такомиллаштириш», 12.00.09 – Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқ ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.PhD/Yu 171.
Илмий раҳбар: Тўлаганова Гулчеҳра Захитовна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.31/30.12.2019.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Хамдамов Абдували Ахмедович, юридик фанлар доктори, профессор; Астанов Истам Рустамович, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади жиноят процессида жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш механизмини янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган аниқ таклиф, илмий хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига тажовуз таҳдиди мавжуд бўлганида қўлланиладиган, жиноятларнинг олдини олиш ёки уларни фош этишга кўмаклашадиган, хавфсизлик ва ижтимоий ҳимоя чораларини ўз ичига оладиган чора-тадбирлар тизимини қонунчиликда белгилаш зарурати асосланган;
ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш чораларини кўришни ички ишлар органлари тергов бўлинмаларининг мажбуриятлари сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаш зарурати асосланган;
мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш амалиётига барҳам бериш мақсадида жиноятлар ҳақидаги ариза, хабар ва бошқа маълумотларни электрон рўйхатга олиш ва уларни кўриб чиқиш натижаларининг ягона электрон ҳисобини юритиш имконини берувчи дастурий модулни яратиш афзалликлари исботланган;
жабрланувчиларнинг суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имконини яратишга бўлган эҳтиёжнинг юқорилиги илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Жиноят процессида жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш механизмини такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқот натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган:
жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига тажовуз таҳдиди мавжуд бўлганида қўлланиладиган, жиноятларнинг олдини олиш ёки уларни фош этишга кўмаклашадиган, хавфсизлик ва ижтимоий ҳимоя чораларини ўз ичига оладиган чора-тадбирлар тизимини қонунчиликда белгилашга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 14 январдаги «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ-515-сон қонунининг 6, 7, 10, 11 ва 15-моддаларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2019 йил 22 ноябрдаги 06/1-05/3906 вх-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг жорий этилиши жиноят процессида жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш механизмини такомиллаштиришга ва суд-тергов амалиётида жабрланувчиларнинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланишига хизмат қилган;
ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш чораларини кўришни ички ишлар органлари тергов бўлинмаларининг мажбуриятлари сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилашга доир таклифдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2898-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган низомнинг тўққизинчи бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2020 йил 12 июндаги 18/3185-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг татбиқ этилиши жиноят процессида жабрланувчининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари самарали муҳофаза этилишига хизмат қилган;
электрон жиноий-ҳуқуқий статистика ягона ахборот тизимида яратилган жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни электрон рўйхатга олиш ва уларни кўриб чиқиш натижаларининг ягона электрон ҳисобини юритиш имконини берувчи дастурий модулни яратишга доир таклифдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августда қабул қилинган «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6041-сон фармонининг 7-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2020 йил 15 сентябрдаги 18/5101-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий қилиниши мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш амалиётига барҳам берилишига, жиноятлар ҳақидаги ариза, хабар ва бошқа маълумотларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилиши тизими йўлга қўйилишига хизмат қилган;
жабрланувчиларнинг суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратишга оид таклифдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4818-сон қарорининг иккинчи банди тўртинчи хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2020 йил 15 сентябрдаги 18/5101-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши одил судловни амалга оширишда жабрланувчиларга кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларининг кенгайишига ва суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилишига хизмат қилган.