Sayt test rejimida ishlamoqda

Саидов Баҳром Анваровичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ишни судга қадар юритишда шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини такомиллаштириш», 12.00.09 – Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқ ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.DSc/Yu63.
Илмий маслаҳатчи: Мухамедов Ўткирбек Хазратқулович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.31/30.12.2019.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Пўлатов Бахтиёр Халилович, юридик фанлар доктори, профессор;  Тўхташева Умида Абдиловна, юридик фанлар доктори, профессор; Муродов Бахтиёржон Баходирович, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ишни судга қадар юритишда шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қиладиган аниқ таклиф, илмий хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
гумон қилинувчи ва айбланувчининг мол-мулкини хатлашда ҳамда жиноят ишини қўзғатишни рад қилишда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жиноят ишларини кўриб чиқиш тартибини янада соддалаштириш, жабрланувчига етказилган зарарни тез ва тўлиқ қоплаш механизмини такомиллаштириш, шунингдек, фуқаролар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган янги низоли вазиятларни бартараф этиш мақсадида жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликдан тўлиқ ёки қисман озод қилиш имконини берадиган «Айбга иқрор бўлиш» ва «Ҳамкорлик қилиш тўғрисида»ги янги процессуал келишув битимлари (институтлари)ни миллий қонунчиликка жорий этиш зарурлиги асослантирилган;
«Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини янада кенгайтириш, ишни судга қадар юритиш босқичида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада кучайтириш, мазкур жараёнда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, шахсни ушлаб туришда қонунийликка қатъий риоя этишга эришиш учун жиноят-процессуал муносабатларда тергов судьяси лавозимини жорий этиш лозимлиги асослантирилган;
халқаро амалиётда эътироф этилган илғор тажрибалар асосида суд-тергов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, айрим тергов ва процессуал ҳаракатларни видеотасвирга тушириш орқали уларда холислар иштирокининг мажбурийлигидан воз кечиш зарурлиги асослантирилган;
гумонланувчи ва айбланувчига давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи адвокатни автоматик равишда танлаб берувчи электрон дастурни жорий этиш, шунингдек, адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс билан аудио ва видео кузатув қурилмалари бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахслар иштирокисиз учрашувини таъминлаш лозимлиги асослантирилган;
«Хабеас корпус» институтини янада кенгроқ қўллаш мақсадида жиноят-процессуал муносабатларда процесс иштирокчилари томонидан терговга қадар текширув органининг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг жиноят иши қўзғатиш ёки қўзғатишни рад этиш, тафтиш тайинлаш, суриштирув ёки дастлабки терговни тўхтатиш, жиноят ишини тугатиш ҳамда бошқа тергов ва процессуал ҳаракатларни ўтказишда қонунни ҳар қандай тарзда бузиш, шунингдек, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби ҳолатлар устидан бевосита судга шикоят қилиш имкониятини кафолатловчи нормаларни жиноят-процессуал қонунчиликда акс эттириш зарурлиги асослаб берилган;
жисмоний ва юридик шахсларнинг жиноятларга доир мурожаатларини ўз вақтида рўйхатга олиш ва қонунда белгиланган тартибда ҳал қилиш, ишни судга қадар юритиш босқичида шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш амалиётига барҳам бериш ҳамда суд-тергов фаолиятининг шаффоф ва ошкора бўлишини таъминлаш мақсадида жиноят ишини электрон тартибда юритиш амалиётини жорий этиш зарурлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ишни судга қадар юритишда шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
жиноят ишларини кўриб чиқиш тартибини янада соддалаштириш, жабрланувчига етказилган зарарни тез ва тўлиқ қоплаш, фуқаролар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган янги низоли вазиятларни бартараф этиш, шунингдек, жиноят-процессуал қонун нормаларида инсоннинг шахсий, турар жой ва мол-мулк дахлсизлигига доир ҳуқуқларини янада кенгроқ кафолатлашга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда, жумладан, унинг 290, 333 ва 345-моддаларини амалдаги таҳрирда шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 20 декабрдаги 06/1-05/1191-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг инобатга олиниши процесс иштирокчиларининг шахсий дахлсизлиги, турар жой ва мол-мулки билан боғлиқ ҳуқуқларининг тўлиқ таъминланишига хизмат қилган;
жиноят-процессуал муносабатларда шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли таъминлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 16 сентябрдаги «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги ЎРҚ-407-сон Қонуннинг 5, 6, 8, 9 ва 18-моддаларини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2017 йил 21 февралдаги     06-Д/08-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши ички ишлар органлари ходимларининг терговга қадар текширув органининг мансабдор шахси, суриштирувчи ва терговчи сифатидаги фаолиятида очиқлик ва шаффофлик принципига, айбсизлик презумпцияси принципига, шунингдек, шахсни ушлаб туришда қонунийликка қатъий риоя этишларига хизмат қилган;
айрим тергов ва процессуал ҳаракатларни видеотасвирга олиш орқали қайд этиб, уларда холисларнинг мажбурий тартибда иштирок этишидан воз кечиш ҳамда  жиноят-процессуал муносабатларда тергов судьяси лавозимини жорий этишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг II бўлимини ишлаб чиқишда фойдаланилган («Тараққиёт стратегияси» марказининг 2020 йил 6 майдаги 1029/20-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши халқаро амалиётда эътироф этилган илғор тажрибалар асосида суд-тергов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг татбиқ этилишига ва жиноят-процессуал муносабатларда «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳаси янада кенгайтирилишига, шунингдек, ишни судга қадар юритиш босқичида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш янада кучайтирилишига хизмат қилган;
терговга қадар текширув органининг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг жиноят иши қўзғатиш ёки қўзғатишни рад этиш, тафтиш тайинлаш, суриштирув ёки дастлабки терговни тўхтатиш, жиноят ишини тугатиш ҳамда бошқа тергов ва процессуал ҳаракатлар устидан бевосита судга шикоят қилиши мумкинлигини белгилаш ҳақидаги таклиф ва тавсиялардан «Адвокатура институтини ривожлантириш концепцияси»нинг лойиҳасини тайёрлашда, Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги ҳамда «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги қонунлари нормаларини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг 2020 йил 19 августдаги 03-13-916/599-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг амалиётга татбиқ этилиши ишни судга қадар юритишнинг барча босқичларида гумон қилинувчи ва айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқи таъминланишига, шу билан бирга уларга тегишли ҳимоя ҳуқуқидан амалда фойдаланиши учун реал шароитлар яратиб берилишига хизмат қилган;
суд-тергов фаолиятининг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида жиноят ишини электрон тартибда юритиш амалиётини жорий этиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2898-сон Қарорининг 1 бандини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ-2898-сон Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти тўғрисида»ги низомнинг 9 бандини, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2017 йил 12 июндаги 100-сон буйруғи билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида суриштирув ва дастлабки терговни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома»нинг 60 ва 61-бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов департаментининг 2020 йил 12 июндаги 18/3183-сон маълумотномаси). Таклифларнинг инобатга олиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг жиноятларга доир мурожаатлари ўз вақтида рўйхатга олиниши, қонунда белгиланган тартибда ҳал этилиши, шунингдек, ишни судга қадар юритиш босқичида шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш амалиётига чек қўйилишига хизмат қилган;
суриштирув бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, терговга қадар текширув ва суриштирувни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказиш, қонунийликка сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг 2019 йил 15 майдаги 90-сон буйруғи билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Суриштирувни мувофиқлаштириш бошқармаси тўғрисида»ги низомни ишлаб чиқишда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг 2020 йил 13 июндаги 4593-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши суриштирув бўлинмалари фаолиятида жиноятларни ҳисобга олиш, қайд этиш интизомига риоя этилиши устидан процессуал ва идоравий назоратни амалга оширишда, терговга қадар текширув ва суриштирувни ташкил этишда аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этишга, жиноятлар ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқишда қонунийликка риоя этилиши бўйича ҳудудий бошқармалар суриштирув бўлимларининг фаолияти янада такомиллаштирилишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish