Sayt test rejimida ishlamoqda

Аскарова Нилуфар Мусурмановнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Мис ишлаб чиқариш шлакларини қайта ишлаш технологиясини такомиллаштириш», 04.00.14 ‒ Фойдали қазилмаларни бойитиш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.PhD/Т717. 
Илмий раҳбар: Самадов Алишер Усманович, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Навоий давлат кончилик институти, DSc.17/30.12.2019.T.06.01.
Расмий оппонентлар: Эргашев Улуғбек Абдурасулович, техника фанлари доктори; Донияров Нодиржон Абдихакимович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: «Минерал ресурслар институти» ДК.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: мис ишлаб чиқариш шлакларини икки босқичли совутиш ёрдамида енгил янчиладиган ва осон флотацияланадиган шлакларни ҳосил қилиш ва уларни қайта ишлаш технологиясини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
мис ишлаб чиқаришнинг ташландиқ шлакларида сульфид суспензиясининг шаклланиши, шунингдек унинг коалисценцияси, кристалланиш структурасининг шаклланиши 600-700 0С ҳароратда якунланиб, унинг кейинги совутиш тезлигига боғлиқ эмаслиги аниқланган;
шлакларнинг янчилиши термик зўриқишларнинг қиймати билан аниқланади ва кристалланиш жараёни тугаганидан кейин мис ишлаб чиқаришнинг чиқинди шлакларини икки босқичли совутиш тезлигини ошириш билан ортади, бунда флотация самарадорлигининг ортиши ва энергия ресурслар билан янчиш харажатлари 30 % га камайиши аниқланган;
икки босқичли совутилган чиқинди шлакларни кремнийсизлантиргандан сўнг мисни ажратиб олиш учун гидрометаллургик усулдан фойдаланиш имконияти аниқланган, бу эса мисни эритмага 84,7% га ўтказиш ва уни мис электролизи жараёнига электролитга қўшимча сифатида қўшиш имконини берган;
«Олмалиқ КМК» АЖ мис ишлаб чиқаришининг икки босқичли совутилган яллиқ қайтариш ва кислород-машъал печининг чиқинди шлаки кўринишидаги саноат чиқиндиларини қайта ишлаш жараёнида қимматбаҳо компонентларни ажратиб олиш учун технологик параметрларни танлаш тамойиллари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Мис ишлаб чиқариш чиқинди шлакларини қайта ишлаш учун икки босқичли совутиш технологиясини жорий этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
мис шлакини икки босқичли совутиш технологияси «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖда амалиётга жорий этилган («Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг 2020 йил 8 январдаги АИ-00148-сон маълумотномаси). Натижада секин совутилган ташландиқ мис шлакини 
-0,074 мм синфгача янчишдан аввал унинг кристалланишини ўзгартириш имконини берган; 
мис ва унинг бирикмаларини мис шлакларидан флотация концентратига ажратиб олиш технологияси «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг мис бойитиш фабрикасида жорий этилган («Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг 2020 йил 8 январдаги АИ-00148-сон маълумотномаси). Натижада икки босқичли совутилган шлакларни флотация билан бойитиш жараёнида мисни 70–71% флотация билан ажратиб олишда концентратлардаги мис миқдорини 16–18% гача ошириш имконини берган;
икки босқичли совутилган мис шлакларига кремнийсизлантириш технологияси «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖда амалиётга жорий этилган («Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг 2020 йил 8 январдаги АИ-00148-сон маълумотномаси). Натижада «Оқ куйинди» кўринишида 94–96% гача кремний диоксидини ажратиб олиш имконини берган; 
магнитли бўлмаган фракцияни сульфат кислота билан танлаб эритиш жараёни «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖда амалиётга жорий этилган («Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг 2020 йил 8 январдаги АИ-00148-сон маълумотномаси). Натижада мис электролитига қўшимча сифатида фойдаланиладиган 80–85% гача мис бўлган эритмани олиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish